Илм олиш динимизда фарз қилиниб бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Ҳамда Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор “Ўқи” деб нозил бўлган оят сўзимизга далил бўла олади. Илмнинг калити ўқишдир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни иймонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, — деганлар. Ибн Можа ривоят қилган.
Ислом дини диний ва дунёвий илмга умумий даъват қилган. Масалан, Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, — дедилар”. Аммо динда фақиҳ бўлишга алоҳида урғу берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, — дедилар. Бу ҳадис Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган. Муттафақун алайҳ. Ушбу ҳадисга биноан илм эгалари улуғ фазилат эгаси эканликлари маълум бўлади.
Улуғ зотлардан бири: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”, — дедилар.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Дунёвий илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир. Ислом динидаги бу ҳукмлар аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.
Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, — деб сўрабди. Шунда у улуғ зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, — деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.
Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Жаҳолат бу – зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса, илм олишдир. Демак, инсон Фақат илм билан жаҳолатдан нажот топади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларидан бирида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, — деганлар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, — деганлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон илм орқали охирати ва дунёсини обод қилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик!
Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган устоз ва мураббийларимизни паноҳида асрасин!
Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби.
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси