أَوۡ كَٱلَّذِي مَرَّ عَلَىٰ قَرۡيَةٖ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّىٰ يُحۡيِۦ هَٰذِهِ ٱللَّهُ بَعۡدَ مَوۡتِهَاۖ فَأَمَاتَهُ ٱللَّهُ مِاْئَةَ عَامٖ ثُمَّ بَعَثَهُۥۖ قَالَ كَمۡ لَبِثۡتَۖ قَالَ لَبِثۡتُ يَوۡمًا أَوۡ بَعۡضَ يَوۡمٖۖ قَالَ بَل لَّبِثۡتَ مِاْئَةَ عَامٖ فَٱنظُرۡ إِلَىٰ طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمۡ يَتَسَنَّهۡۖ وَٱنظُرۡ إِلَىٰ حِمَارِكَ وَلِنَجۡعَلَكَ ءَايَةٗ لِّلنَّاسِۖ وَٱنظُرۡ إِلَى ٱلۡعِظَامِ كَيۡفَ نُنشِزُهَا ثُمَّ نَكۡسُوهَا لَحۡمٗاۚ فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُۥ قَالَ أَعۡلَمُ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٢٥٩
259.Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: "Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?" деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: "Қанча ётдинг?" деди. У: "Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим", деди. "Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр", деди. Булар аниқ бўлгач: "Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим", деди.
Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани кўриб, ҳамма ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор имон келтирди.
Вафот этишингиз билан дастлаб номингиз одамлар ёдидан кўтарилади. Ғассол келса: “Майит қаерда” – дейди. Мансабингизни ҳам, насабингизни ҳам ва ҳатто исмингизни ҳам сўрамайди. Жанозангизни ўқишдан олдин Имом: “Марҳумнинг ёши неччида эди?” – дейди. Мансабингиз ҳам, насабингиз ҳам ва ҳатто номингиз ҳам зикр қилинмайди. Кейин: “Тобутни кўтаринглар!” – дейилади. Бунда ҳам на мансабингиз, на насабингиз ва на номингиз эсланади. Ҳаётда тез унутиласиз, шунчаки хотирага айланасиз. Эсингиздан чиқарманг, ҳамма нарса ўткинчи сиздан фақат яхшилик қолади халос..!
Хулоса шуки, бугун сизу бизга АЛЛОҲ томонидан умр берилди. Бугун янги тонг отди. Сиз уйғондингиз, бунинг учун АЛЛОҲга ҳамд айтишни унутманг. Дунёнинг қайсидир бурчагида қанчадан-қанча одам бугун уйғонмади.
Аввало, ёнингизда бўлишса, ота-онангизнинг ҳолларидан хабар олинг, ёнингизда бўлишмаса телефон орқали авҳол сўранг. Ҳар куни кўчага чиқишингиздан аввал АЛЛОҲ номини зикр қилинг, ҳамд айтиб, ота-онангизни дуоларини олинг. АЛЛОҲ касбингизга молингизга ризқингизга, албатта, барака беради, иншааллоҳ. Агар бу оламдан ўтган бўлсалар ҳақларига кўп-кўп дуолар қилинг. Шунда ҳам уларнинг ҳақларини адо эта олмайсиз.
АЛЛОҲ берган ва бераётган барча неъматларни қадрига етайлик!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ