Навоий вилояти Кармана шаҳрининг 30 км. ғарбидаги ҳазора қишлоғининг ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимги обидалардан бири – Деггарон масжиди жойлашган. Манбаларга кўра, унинг қурилиш даври XI асрларга бориб тақалади. Собиқ совет иттифоқи давридаги омборхона вазифасини бажарган масжид ғиштлари орасидаги қоришманинг таркиби ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда.
ЎзА хабарига кўра, археологлар томонидан масжиднинг атрофида ундан ҳам аввалроқ даврга тегишли қадимий шаҳарча деворлари аниқланган.
Маданий мерос агентлиги мутахассиси Баҳодир Матчонов мазкур ёдгорлик тўғрисида қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
НИМА УЧУН ДEГГАРОНИЙ?
Масжид Деггарон қишлоғи ҳудудида жойлашганлиги сабабли шу ном билан аталган. "Деггарон" сўзи "қозон ясовчи" маъносини билдириб, қишлоқда асосан қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган.
Масжид биноси Зарафшоннинг сўл қирғоғида, ҳозир вайрон бўлган қадимий кичик бир қишлоқ ҳудудида жойлашган.
Қишлоқнинг ҳам, масжиднинг ҳам номи бу ерда яшаган аҳолининг асосий машғулоти – ўтга чидамли қозон тайёрлашдан олинган.
Ҳожагон Сулукининг машҳур суфийларидан бири бўлмиш Шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313-1376) шу қишлоқда туғилган ва шу ерда дафн этилган. Асл касби дўкондор бўлиб, бўз тўқиш билан шуғулланган.
Ориф Деггароний Нақшбандия тариқатидаги Ҳожагон Сулукининг буюк намояндаси бўлмиш Баҳоуддин Нақшбандийдан олти ёш катта бўлиб, унинг устозларидан бири ҳисобланади. Бу зотнинг қабрлари Деггарон масжиди ҳудудида бўлганлиги сабабли масжид ҳам Мавлоно Ориф Деггароний деб аталган.
Деггарон масжиди мамлакатимиздаги сақланиб қолган ислом маданиятига тегишли илк қурилиш иншоотларидан биридир. Масжид қачон қурилганлиги тўғрисида турли маълумотлар бор. 1951 йилда яна қайта текширув ишларини олиб борган Варонина исмли тадқиқотчи Деггарон масжиди XI асрда қурилган, деган сўнгги хулосани берган.
Масжид 1946 йилда Давлат эрмитажи томонидан ташкиллаштирилган А.Якубовский бошчилигидаги Панжикент экспедицияси вақтида топилган. Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, масжиднинг қурилган вақти А.Якубовский томонидан VII-IX асрлар деб ҳам белгиланган.
Кейинроқ ХVII асрда Деггарон қишлоғи масжиддан бироз нарида жойлашган Ҳазора қалъасига айланган. Масжид турли техника усулида қурилган. Жумладан, масжиднинг устунлари ва пойдеворининг бир қисми пишиқ ғиштдан, деворлари хом ғишт ва пахсадан иборат. Марказий гумбаз атрофидаги саккизта кичик гумбаз «балхи» услубидаги кичик равоқлар орқали масжиднинг ташқи деворлари ва ички устунларига таянган ҳолда қурилган. Собиқ Совет Иттифоқи даврида эса бу улуғ маскан омборхона вазифасини ўтаган.
1910 йил, 1328 ҳижрий санада Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан масжиднинг олди ва бир ён томонига айвон қурилган. Бу айвонлар 1980 йилларгача мавжуд бўлган.
Масжид ғиштлари орасидаги қоришманинг таркиби мутахассис ва сайёҳларнинг кучли қизиқишига сабаб бўлиб келмоқда. У жуда қаттиқ элементдан тайёрланган. Айниқса, чет эллик зиёратчилар бундан таажжубга тушган. Унга қандай модда қўшилгани ҳанузгача аниқланмаган.
Деггарон масжиди Бухородаги энг қадимий масжид билан таққослаганда, сомонийларнинг Мох масжиди ўрнига қурилган XII асрда кўтарилган Магоки-Атторий билан тенглаша олади.
Масжиднинг ноёблиги ўзига хос меъморлик услубида бўлиб, у Ислом дини кириб келишидан аввалги давр динининг асл намунасидир. Зеро марказий гумбаз тизимли тўрт бурчагидан тиргович кўтариб, турувчи қурилиш иншооти зороастр ибодатхоналарини эслатади. Бу каби бинолар илк христиан черковлари услубига ҳам хосдир.
2007 йил «Мавлоно Ориф Деггароний» жоме масжиди катта зиёратгоҳ ва кўркам манзилга айлантирилди. Бугун мажмуада музей фаолият кўрсатмоқда. Мажмуа таркибида ўз даврининг таниқли тасаввуф пешвоси Мавлоно Ориф Деггаронийнинг қабри жойлашган. Ҳозирда мазкур сағана таъмирланган. Шунингдек, комплекс майдонида Навоий вилояти ҳокимияти ҳузурида «Деггароний» фонди ҳам ўз фаолиятини юритиб келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ