Айни кунларда минглаб юртдошларимиз муқаддас заминда Умра зиёратини адо этишмоқда. Уларга ҳавас қилган яна кўплаб юртимиз мўмин-мусулмонлари муборак сафар орзусида.
Аллоҳга шукрки, юртимиз аҳлининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан Умра сафари учун қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, сафар рейсларни ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиб, натижада, шу йилнинг 10 февралидан бошлаб, муборак заминга умра ибодати учун рейслар ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари 3 марта, қолган 5 кунида 2 тадан рейс йўлга қўйилди. Шунда бир ҳафта давомида жами 16 марта авиапарвоз амалга оширилмоқда.
Яна бир қувончли хабар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Умра қўлланмаси” мобил иловаси ишлаб чиқилди. “Умра қўлланмаси”да Умра сафари давомида лозим бўладиган зарур барча маълумотлар тафсилотларигача қисқа, содда ва лўнда баён этилган.
Маълумки, ҳамма ҳам Умра зиёрати одоблари, бу суннат амални бажариш тартиб-қоидалари, унинг дуолар ҳақида тўлиқ хабардор эмас. Умрани ният қилган айрим кишилар у ҳақда китобдан ўқиса, кимдир зиёратга бориб келганлардан суриштиради. Бошқа биров эса интернету YouTube тармоқларидан маълумотлар излаб, мустақил билим олиш пайида бўлади. Лекин буларнинг барчаси кишида тўлиқ тасаввур уйғотмаслиги мумкин.
Пандемия шароитида Саудия Арабистонида жорий этилган янги тартиб-қоидалар, аэропорт, меҳмоналарда нималарга эътиборли бўлиш кераклиги, Умра зиёратида қаерларга борилиши, зиёратгоҳларнинг тарихи ҳақида ҳам қисқача маълумотлар берилган. Мобил иловада муборак сафар давомида зарур бўладиган барча дуолар аудио шаклида берилгани зиёратни мукаммал адо этишда муҳим аҳамият касб этади.
Иловага батафсил тўхталадиган бўлсак, унда “Умра қўлланмаси”, “Умра дуолари”, “Сафарга тайёргарлик” ва “Ислом тарихига оид жойлар” номли бўлимлари мавжуд.
“Умра қўлланмаси” бўлимида Умра ибодатига оид барча масалалар келтирилган: “умра” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю суннатларигача. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, муборак сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.
Шунингдек, “Умра дуолари” бобида муборак сафарда муҳим бўлган дуолар батафсил баён этилган. Сафарга тайёргарлик кўришда, сафар давомида, муборак шаҳарга киришдаги дуолар, тавоф асносида, зам-зам суви ичганда, табаррук жойларда, ватанга қайтишда ўқиладиган дуолар каби элликдан ошиқ дуолар берилган. Яна бир муҳим жиҳат, бу бўлимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумога салом бериш одоб ва тартиблари баён этилган. Бу дуоларни мукаммал билиш зиёрату ибодатларни тўла-тўкис бўлишига омил бўлади.
Мазкур боблардан яна бири Ислом тарихига оиддир. Бунда сафар давомида бориладиган муқаддас жойлар ҳақида қизиқ ва тарихий манбалар берилган. Уларни ўқиган киши муқаддас қадамжоларга оид кенг тушунчага эга бўлади.
Яна бир муҳим бўлим – сафарга тайёргарлик бўлимидир. Унда муборак сафарга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига муҳим тавсиялар, ман этилган тартиб-қоидалар, зиёратчилар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар баён этилган.
Шунингдек, иловада бир қатор эслатма ва хизматлар бор. Жумладан, пандемия шароитида Саудия Арабистонидаги тартиблар, қайси вакциналар олиш зарурлиги ҳамда об-ҳаво маълумотлари бериб борилмоқда. Қолаверса, муқаддас сафарга энг сўнгги рейслар қачон учиши ва қайтиши ҳақида ҳам аниқ хабарлар жойланган. Бундай замонавий хизматлар муборак сафарга отланганлар учун қулайдир.
Қисқаси, илова билан танишган киши Умра зиёрати хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бу эса муборак зиёратга олдиндан тайёргарлик кўриш ва уни мукаммал адо этишда ўта муҳим қадамдир.
Кези келганда айтиш керакки, умра сафарига бориб келаётган ҳамюртларимиз муборак зиёратга бориш йўлга қўйилгани, ҳозирланган шароит ва хизмат кўрсатиш сифатининг юқорилигидан жуда ҳам миннатдор бўлишмоқда. Бунинг учун Ҳақ таолога шукроналар айтмоқдалар, Давлатимиз раҳбари ва бу савобли ишга мутасадди бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб илтижолар қилмоқдалар. Мана шу шукрона ва дуолар шарофати ила юртимизда хурсандчиликлар бардавом бўлмоқда. Аллоҳ таоло неъматларини бундан-да зиёда этсин!
Аллоҳ таоло барчамизни умра зиёратини насиб этсин!
Umra qo'llanmasi – https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.devteam.hajjumrahguide
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Кўп йиллар давомида бирор ғам-қайғу етиб, ғам-ташвишга тушсам, тинимсиз йиғлардим, қайғуларимнинг сабаби ҳақида ўйлайверардим. Бу ҳам етмагандай, эски муаммоларимни ўйлаб, «Мени ҳеч ким яхши кўрмайди, ҳамма менга нисбатан ноҳақлик қилади, ҳатто севганларим, яқинларим ҳам…» деб, ўзимни мазлума ҳисоблардим. Бундай хаёллар мени тинимсиз қийнар, ҳаммаси мени эзиб турадиган оғир юкка айланган эди. Бутун ақлу хаёлимни фақат қайғуларим ҳақидаги фикрлар эгаллаб олган эди.
Бир куни интернетда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғам-қайғуга ботганда ўқиладиган дуоларини кўриб қолдиму, маҳзун бўлган пайтларимда уларни айтиб юрадиган бўлдим. Аввалига натижасини унчалик сезмадим. Ҳатто ўзимга ўзим «Бу дуолар менга фойда бермайди, чунки қайғуларим шунақанги каттаки, уларни кетказишга бу дуоларнинг кучи етмайди», деган пайтларим ҳам бўлди. Лекин шайтонга енгилмадим, дуоларни кўп-кўп айтавердим. Ниҳоят, Аллоҳ таоло мени иккита фойда билан сийлади:
Биринчи фойда: қайғуларга қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан кураша бошлаганимдан кейин маҳзунлигим бирдан камая бошлади. Қайғу пайтидаги ёмон ўй-хаёллардан халос бўлдим, чунки шайтон маҳзун қизларни овлаб, уларга «Сен мазлумасан, бахтиқаросан, сени ҳеч ким яхши кўрмайди» деб, васваса қилади, уларни ғам-қайғудан «қутқарадиган» ҳар хил ёмон ишларга бошлайди. Масалан, «Уйдан қочиб кет», «Жонингга қасд қил, ўзингни ўзинг ўлдир» деб васваса қилади. Бу дуолар эса айнан мана шундай ёмон фикрлардан қайтариб, маҳзун қизларни шайтоннинг васвасасидан ҳимоя қилади.
Иккинчи фойда: қайғуларимнинг кўплиги, уларга қарши набавий дуолар билан кўп марта курашганимни эътиборга олсак, бу қайғулар Аллоҳ таолони кўп зикр қилишимга сабабчи бўлди. Бу эса Аллоҳ таолонинг менга кўрсатган марҳамати, иноятидир. Зеро, мана шу қайғулар сабаб Аллоҳни кўп ёд этиб, У Зотнинг қуйидаги оятида мақталган бандалар қаторига биз ҳам кирамиз:
«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркагу аёлларга Аллоҳ мағфират ва буюк ажр тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 35-оят)».
Бошқа бир қиз айтади:
«Ўрта мактабда устозларимдан ўрганган нарсаларимнинг энг яхшиси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғам-қайғу пайтида қилган дуоларидир. Устозимиз уларнинг баъзиларини шарҳлаб, тушунтириб, чиройли қоғозларга ёзиб берганлар, кейин эса ҳар биримиздан уларни ёдлашни талаб қилганлар. Ёдлаганларга мукофотлар бериб, бу дуоларни ёдлашга ҳаммамизни қизиқтирган, ғамга ботган пайтларимизда уларни айтишни тайинлаган эдилар. Кутилганидек, натижалар ҳам кетма-кет кела бошлади. Баъзиларнинг тажрибасидан шуни тушуниб етдикки, қиз бола бу дуоларга деярли ҳар куни эҳтиёж сезар экан, бу дуолар эса инсоннинг ҳаётини янада мунаввар этар экан.
Бир куни онам билан суҳбатлашиб ўтириб, устозларимиз ўргатган, қайғу пайтида ўқиладиган дуолар ҳақида айтиб бердим. Онам эса мени ҳайрон қолдириб, шундай дедилар: «Бошингга оғир кун келган пайтда айтиладиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган дуолар ҳақида ҳаётимда биринчи марта эшитяпман. Қанийди бу дуоларнинг биттасини бўлса ҳам ёшлигимда эшитган бўлсам! Эллик йил умримни ғам-аламлар билан ўтказибман-а! Агар бу дуоларни билганимда, ҳаётим бутунлай бошқача бўлар эди».
Онам шундай деб, бирпас жим қолдилар. Кўзларига ёш тўлди. Сўнг шундай дедилар: «Қизалоғим, бу дуоларни менга ҳам ўргатгин! Ўзинг эса уларни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма, чунки биламан, бу дуолар сенинг ҳаётингни ҳам, менинг қолган ҳаётимни ҳам гўзал қилади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.