Аллоҳга шукрки, cўнгги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шарт-шароитларга эга жомелар бунёд этилмоқда.
Ана шундай муборак масканлардан иккитаси Қорақалпоғистон ўлкасининг Нукус шаҳрида ажратилган ер майдонларида барпо этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Оролбўйи минтқасига ташрифлари чоғида Нукус шаҳрида “Саманбай” ва “Қумовул” маҳаллаларида ҳашар йўли билан қурилаётган масжидлардаги иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Муфтий ҳазратлари қурилиш ва бунёдкорлик жараёнларини кўздан кечириб, ўз тавсияларини ҳам бериб ўтдилар.
Келгусида мазкур иншоотларнинг ички томони анъанавий нақшлар билан безатилади. Уларда барча қулайликларга эга кутубхона, маъмурий бино ва замонавий таҳоратхона барпо этилади.
Ташриф якунида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари маҳаллий аҳоли билан учрашиб, қорақалпоқ эли ва юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Қуръон ўқиётганда фарзандлар шовқин қилиб қолса, уларга жим бўлинглар дейилади-да, кейин яна Қуръон тиловатида давом этиб кетилади. Шунда қайта аъузу ёки бисмиллаҳ айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм"ни айтиб тиловатни давом эттириш мустаҳабдир. Чунки Қуръон тиловати асносида қироатга алоқаси бўлмаган гапларни гапирса, қироатни аъузуни айтиб давом эттиради. Агар Қуръон қироатига алоқадор гапларни гапиргандан кейин қироатни давом эттирса, аъузуни айтмасдан давом этаверади. Бу икки ҳолатда ҳам "бисмиллаҳ" айтилмайди (“Ан-нашр фил қироатил ашр” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.