Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Ноябр, 2024   |   17 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:15
Пешин
12:13
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:21
Bismillah
18 Ноябр, 2024, 17 Жумадул аввал, 1446

АЁЛЛАР УЧУН РАВЗАГА КИРИШ ЧЕКЛОВИ ЮЗАСИДАН БИЛДИРИШ

23.02.2022   4111   3 min.
АЁЛЛАР УЧУН  РАВЗАГА КИРИШ ЧЕКЛОВИ ЮЗАСИДАН БИЛДИРИШ

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Масжидун-Набавий ҳудудидаги Равзаи муборакка аёллар киролмаяпгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу масала юзасидан ваколатли мутасаддилар билан тегишли ўрганиш ишларини олиб борди.

Маълум бўлишича, айни кунларда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги жорий этган янги тартибга биноан Мадинаи мунавварадаги Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларига аёл зиёратчиларнинг аксарияти киритилмаяпти. Бошқача қилиб айтганда, аёллар учун Масжиди Набавийда ибодат ва намоз ўқиш учун кириш-чиқиш бемалол, фақатгина ушбу масжиднинг ҳудудида жойлашган Равза қисмига киришга вақтинчалик чекловлар ўрнатилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси вакиллари 20 февраль куни Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги вакили Абдулазиз бин Абдулраҳим Ваззан билан учрашув ўтказиб, Масжидун-Набавийдаги Равзаи шариф зиёратига қўйилган чекловлар муҳокама қилинди.

Ваззан жанобларига кўра, шу йилнинг февраль ойи бошларида карантин чекловлари қайтадан кучайтирилгани сабабли, сиғим имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аёллар учун Равзаи шарифни зиёрат қилиш жадвал асосида, ҳар куни 2 маротаба (соат 08:00-12:00 ва 16:00-24:00)да амалга оширилиб, оралиқ масофани сақлаш шарти билан ҳар 30 минутда фақатгина 500 нафар аёл (шундан 200 нафари маҳаллий ахоли)га зиёрат учун рухсат берилган. Чекловдан олдин, яъни 5 февралга қадар бир вақтнинг ўзида 1500 нафар аёлга рухсат берилган эди.

Равзаи шарифни зиёрат қилиш навбати асосида, “Иътамарна” мобил иловаси орқали якка тартибда (зиёратчи томонидан) ёки ҳамкор ширкат томонидан “Tawof” платформасида жамоавий рухсатнома олиш орқали ташкил этилмоқда.

Айни вақтда карантин чекловлари ҳамда навбат юқорилиги сабабли кўп давлатларнинг аёл зиёратчилари, шу жумладан ўзбекистонлик аёллар учун ҳам Равзаи шарифни зиёрат қилиш вақтинча имконсиз бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, аёллар учун Равзаи шарифга киришга рухсатнома олиш учун Подшоҳлик ҳудудига киргандан бошлаб ўртача 10 кунга қадар кутиш талаб этилмоқда.

Шу муносабат билан ҳамда Ҳаж ва Умра вазирлигининг “1443 ҳижрий йил умра мавсуми қоидалари ва иш юритиш механизмлари тўғрисида”ги Йўриқномасининг 2-бўлим 3-банди (“умрачиларнинг мамлакатга келишлари ва яшашлари билан боғлиқ барча шартлар ва қоидаларни зиёратчиларга етказиш”) асосида Равзаи шарифдаги чекловлар юзасидан зиёратчиларни хабардор этиш таклиф этилди.

Аллоҳ насиб этса, жорий йил март ойидан бошлаб карантин чекловлари юмшатилиб, Равзаи шариф қабул сиғими босқичма-босқич кўпайтирилиши кутилмоқда.

Маълум қиламизки, ушбу масалада енгиллик қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси воситачилигида Ҳаж ва Умра вазирлигига бевосита хат йўллаган.

Ушбу жараёнларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси диққат билан кузатиб бориб, умрачиларга зиёратларини тўлиқ амалга ошириш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиш мумкинми?

18.11.2024   28   2 min.
Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиш мумкинми?

Cавол: Масжидимиз уч томонидан қабристон билан ўралган. Баъзи танишларим қабристон ичида жойлашган масжидда намоз ўқиб бўлмайди, деб жамоат намозига, масжидга чиқишмайди. Уларни шу ишлари тўғрими? Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиб бўлмайдими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар масжид деворлар билан ўралган ёки бошқа бирор тўсиқ бўлиб қабристон ташқарида қолган бўлса, намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. Бу ҳолатда бемалол намоз ўқиш мумкин. Аммо ўртада бирор тўсиқ бўлмаса намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бу ҳақида мўътабар фиқҳ китобларимизда Бундай дейилади:

“Агар қабристонда намоз учун жой тайёрланган бўлиб у жойда қабр ҳам нажосат ҳам бўлмаса, намоз ўқишнинг бирор зарари йўқдир” (“Раддул муҳтор” китоби).

“Уламолар қабрга қараб намоз ўқиш макруҳлиги тўғрисида сўз юритиб, айримлари: “Макруҳлик сабаби бу ишда аҳли китобларга ўхшашлик бор”, баъзилари “Қабристонда маййитлар суяги бор бўлиб, улар нопок ва нажосатдир”, деганлар.

Уламолар айтган бу макруҳлик – намоз ўқиётган билан қабристон ўртасида девор ёки бирор тўсиқ бўлмаган ҳолатда бўлади. Агар девор ёки тўсиқ бўлса, намоз ўқиш макруҳ эмас.

Девор ажратувчи бўлади. Агар намоз ўқувчи билан қабрлар ўртасида бирор тўсиқ бўлмаса, жамоат масжидларида қабр тарафга юзланиш макруҳ бўлади” (“Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний” китоби).

Замондош олимларимиз томонидан ёзилган мўътабар манбаларда ҳам ушбу масалага қуйидагича хулоса қилинган:

Ҳанафийлар: “Қабристонда агар қабр намоз ўқиётган киши олдида бўлиб, намозхон хушу билан намоз ўқиётганида (яъни, кўзи сажда жойига қараганда ҳам) кўзи қабрга тушадиган даражада бўлса (яъни бирор тўсиқ бўлмаса), намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади”.

Агар қабр намозхоннинг тепаси, усти ёки остида бўлса, бу ҳолда кароҳият йўқдир. Бу худди нажосат ва нопок нарсалардан холи, намоз учун тайёрлаб қўйилган жойда намоз ўқиш макруҳ бўлмагани кабидир”, деганлар (“Ал-фиқҳул исламий ва адиллатуҳу” ва “Ал-фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа” китоблари).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қабристонга қўшни масжидларда намоз ўқиш жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари бунга энг катта далилдир. Чунки ушбу масжид ҳам қадимдан “Бақиъ” қабристони билан ёнма-ён жойлашган. Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак қабрлари ҳам масжид билан туташ. Шунга қарамай ҳозирга қадар бирорта уламо “Масжиди Набавий”да намоз ўқиб бўлмайди, деган даъвони қилгани йўқ. Қолаверса, шариатимизда қабристон атрофига масжид қуришдан қайтарилмаган. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар