Салафи солиҳлар дегани Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафларидан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин) лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин) лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.
Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.
Хозирги кунда ўзларини Салафи солиҳлар деётганлар еса —ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар ақоидини қайта жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.
Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).
Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўссиз қабул қилинар, далили суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги хилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди, мусулмонлар жамоъатига қарши фикрларини безаб, зийнатлаб қўйди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг янгича фатволари мухлислари томондан бош устига қабул этилар ва алалоқибат уни “мужаддид” (динни янгиловчи), “шайхул-ислом”, деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, мужтаҳид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Унинг кейинги пайдо қилган “салафийлик” мазҳаби ҳеч қандай салафи-солиҳларнинг йўлига мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоъасидан ажраб чиққан адашувдаги бир кичик оқим бўлган холос!
Маъруфжон Алоходжаев, Наманган шаҳар
"Абдулқодир қори" жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан