بسم الله الرحمن الرحيم
“БИР ҲАДИС ШАРҲИ: “....биздан эмас” ҳадислар туркуми”
Муҳтарам жамоат! Қурьони карим ва ҳадиси шарифларда ислом аҳли учун берилган кўрсатмаларда фақат эзгуликка даъват этилган. Инсонларни ўзаро аҳил, меҳр-оқибатли, адолатли бўлиш каби қатор инсонийлик фазилатларга чақириш динимизнинг асосий мақсади экани барчамизга кундек равшан. Шунинг учун ҳам динимиз ёлғончилик, хиёнат, фирибгарлик, бераҳмлик ва золимлик каби иллатларни қоралайди ҳамда бундай амалларни содир этувчиларни комил имонли мўминлар қаторида ҳисобламайди. Бугунги мавъизамизда ана шу мазмундаги ҳадислардан айримлари билан батафсил танишамиз.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан бири бозорда бўлаётган ишларни айнан ўзлари кузатиш эди. Ана шундай кузатишларидан бири ҳикоя қилинган ҳадисда шундай дейилади:
أنَّ رَسولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ مَرَّ علَى صُبْرَةِ طَعامٍ فأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا، فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا فقَالَ: "مَا هذا يَا صاحِبَ الطَّعامِ"؟ قالَ أَصَابَتْهُ السَّماءُ يا رَسولَ اللهِ، قالَ: "أفَلا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعامِ كَيْ يَراهُ النَّاسُ، مَن غَشَّ فليسَ مِنِّي"
(رواه الإمام مسلم عن أبى هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир буғдой сотувчининг олдидан ўтиб, қўлларини буғдой уюми ичига тиқсалар, унга ҳўллик тегди. Шунда: “Эй, буғдой эгаси, бу нимаси?” деб сўрадилар. Шунда у киши: “Ё Расулуллоҳ унга ёмғир теккан эди”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиз ўша жойини одамлар кўриши учун тепасига чиқариб қўймайсизми?” деб танбеҳ бердилар ва изидан: “Ким алдаса, биздан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бошқа бир қанча ҳадисларида “биздан эмас”, деган машҳур иборани ишлатганлар. Бу иборадан нимани назарда тутганликлари борасида уламоларимизнинг бир-бирига яқин шарҳлари мавжуд. Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида мазкур иборани “бизнинг йўлимизда ва суннатимизда эмас” маъносида деб шарҳлаб, бу иборани ишлатилиш – ўша гуноҳнинг нақадар оғир эканига ишорадир деганлар. Шунга ўхшаш фикрларни имом Нававий ҳам келтирганлар. Айрим уламоларга кўра, ушбу иборанинг маъноси “комил имонли мўминлардан эмас, балки имонлари борку, лекин нуқсонли”, деб ҳам шарҳлаган.
Ҳадисда исломнинг ҳалоллик ва омонатдорликка нақадар катта аҳамият бергани кўриниб турибди. Шундан келиб чиқиб бозор ва савдо марказларидаги мутасаддилар вақти-вақти билан мана шундай текширув ва назоратларни ўтказиб, юртдошларимиз ҳақига ҳиёнат қилаётганларга нисбатан танбеҳ ва огоҳлантириш бериб туришлари ўрни келганда жазога тортишлари ҳам тўғри бўлар экан.
Муҳтарам азизлар! Ҳадисдаги энг муҳим ибратлардан бири бугунги кундаги кўплаб савдогарларда етишмаётган одатни баён қилиб берилганидир. У ҳам бўлса, молнинг айбини ошкор қилиб сотишлик. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сиз ўша жойини одамлар кўриши учун тепасига чиқариб қўймайсизми?”, деган сўзлари тасдиқлаб турипди. Башариятга муаллим ва гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилган зот бундай ёлғон ёнида сукут сақлашлари мумкин эмас эди. Ҳақиқий раҳнамолар ана шундай бўлишлари керак. Бундай ёвузликлардан пора ёки таниш-билишчилик эвазига кўз юмиб кетмасликлари лозим. Уларга барча инсонлар ҳақ-ҳуқуқлари омонат топширилган. Мана шундай ўринда ундайларни кечириш булар учун раҳмдиллик эмас, балки бу пасткашлик, хиёнат ва очкўзликдир. Ҳақиқий комил имонли мусулмон биродарларига фақат яхшиликни раво кўради. Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
لَا يُؤْمِنُ أحَدُكُمْ، حتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ ما يُحِبُّ لِنَفْسِهِ
(متفق عليه أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Бирортангиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча (комил) имонли бўлмайди” (Муттафақун алайҳи).
Мусулмон ўзини бошқалар томонидан алданишини ёқтирмас экан, демак, у бошқаларни ҳам алдамаслиги керак. Мана шу сабабдан динимизда ёлғон, алдов ва ҳийлакорлик ҳаром қилинган.
Савдо-сотиқдаги алдов турлари жуда ҳам кўп. Буларнинг барчаси ҳаром. Аввало, тарози ва ўлчовлардан уриш. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَأَوْفُوا الْكَيْلَ إِذَا كِلْتُمْ وَزِنُوا بِالْقِسْطَاسِ الْمُسْتَقِيمِ ( الإسراء: 35)
яъни: “(Савдо-сотиқда) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилингиз ва тўғри тарозида тортингиз!” (Исро сураси, 35-оят), деб марҳамат қилган ва бу буйруқ шаклида келгани учун вожибликка далолат қилса, бошқа оятда тарози ва ўлчовдан урувчиларнинг ҳолига вой ва азоби оғир бўлиши баён этилган:
وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ (المتففون، 1)
яъни: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!” (Мутаффифун сураси, 1-оят).
Ана шундай зулм мусулмонлар бозорида ортиқ бўлмаслиги учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан сўнг Саъд ибн Саъид ибн Осни Макка бозорига, Умар разияллоҳу анҳуни эса Мадина бозорига масъул қилиб тайинлашлари ҳам бежиз эмас. Бу эса у зотнинг бозор ишларига эътибор бериб, тарозибонни ҳалол ўлчаб-тортиши, адолатли ва мурувватли бўлишига жиддий қараганларини англатади.
Сувайд ибн Қайс разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимизга келдилар ва бозор аҳлининг ўлчаб-тортиб берадиган тарозибонига:
يا وَزَّانُ زِنْ وَأَرْجِحْ
(رواه الإمام أبن ماجة عن سوَيْدِ بنِ قيسٍ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, тарозибон, ўлчанг ва палласини оғир қилинг”, деб тайинлаганлар” (Имом Ибн Можа ривоятлари). “Палласини оғир қилинг” деган сўзлари буюмни ўлчаганда, мол палласини оғирроқ қилинг, деганидир.
Бундан ташқари бугунги кунда сутга сувни, асалга қиёмни, цементга қум ёки бошқа моддаларни аралаштириш, нархни кўтариш учун сунъий харидор бўлиш, содда одамларни лаққилатиш каби алдов турлари кенг тарқалди. Охиратдаги савол-жавобни унутган инсон қиёфасидаги шайтонлар томонидан янгидан-янги фирибгарликлар “кашф” қилиниб келинмоқда. Молларни ишлаб чиқарилган жойларини нотўғри айтиш ёки яшириш, аслий бўлмаган молларни аслий дейиш, сунъий буюмларни табиий дейиш ва бошқа фириб ёки алдовлар кўпайиб кетди.
Шунингдек, бугунги кунда ҳаётимизга электрон ҳисоб-китоблар, пластик карталарни амалиётда кенг қўллашлик кириб келгани учун қаллобликнинг яна бошқа янги-янги турлари пайдо бўлди. Айниқса, одамларга интернет орқали қилинадиган савдоларда сифатли молни кўрсатиб, сифатсизини бериш ёки картанинг махфий кодини сўраб олиб, кейин ундаги маблағларни ўзлаштириб олиш каби зулмлардан жуда кўплаб юртдошларимиз азият чекмоқдалар.
Бундай қаллобликлар савдо-сотиқдан ташқари кўплаб касбларда ҳам ўзига мос равишда амалга оширилмоқда. Кира қилишликда масофани сунъий кўпайтириш, қурилишда материалларни керагидан кам ёки ишончсиз бўлганларини ишлатиш, шунингдек, йўл қурилиши, ҳаттоки дорихонаю шифохоналарда ва бошқа кўплаб соҳаларда турли-туман кўзбўямачиликларга йўл қўйилиши ҳам хиёнат ва ноҳақ йўл билан бойлик орттиришга киради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло била туриб хиёнат қилишликдан қайтариб, бундай марҳамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٍ كَفُورٍ (الحج، 38).
яъни: “Албатта, Аллоҳ барча хоин ва ношукурларни суймас” (Ҳаж сураси 38-оят). Қолаверса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида:
ﻭَﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ
(رواه الإمام الطبراني)
яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир”, деганлар (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Ҳаром луқмадан ва бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин! Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ
(رواه الإمام ابن حبان عَنْ جابر بن عبد الله رضي الله عنهما)
яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Мусулмонлар ҳар доим омонатдорлик хислатлари билан бошқа халқларнинг меҳр-муҳаббатини қозона олганликларига тарихда жуда ҳам мисоллар кўп. Лекин инсонларнинг бошига қийинчилик тушгандан фойдаланиб қолиш мусулмон кишисига ҳеч қачон тўғри келмайди. Афсуски, юртимизга атиги бир-икки кун чироқ ўчиши сабаб келган синов пайтида айрим ватандошларимиз шахсий манфаатни ҳамма нарсадан юқори қўйиб, халқига хиёнат қилишга мойилликларини кўрсатиб қўйишди.
Муҳтарам азизлар! Агар биз ҳақиқий исломни даво қилсак, ўзимизга юклатилган барча ишларга сидқидилдан ёндошайлик. Агар бундай қилмасак, ўз халқимизга, миллатимизга ва унинг тараққиётига қарши курашгандек бўлиб қоламиз. Қайси ишда хиёнат аралашса, албатта, ундан барака олиб қўйилади. Ундай инсонлар бизнинг сафимизда бўлишга лойиқ эмас. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам нам буғдойни яширган кишига қарата жуда ҳам оғир сўзни айтдилар: “Ким алдаса, бизлардан эмас”.
Бу каби ўта оғир сўзларини Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир қатор ўринларда ишлатдилар. Жумладан, бир ўринда бундай марҳамат қилдилар:
مَن حَملَ علَينا السِّلاحَ فلَيسَ منَّا
رواه الإمام البخاري عن ابن عمر رضي الله عنه
яъни: “Ким бизларга қарши қурол кўтарса, бизлардан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари). Маълумки, юртга ва халққа хиёнат энг катта хиёнатлардан ҳисобланади. Ҳадисдан кўриниб турибдики, халқига диндошларига қарши қурол кўтаришни ҳаром қилган исломни ниқоб қилиб олиб, турли юртлардаги жангариларга қўшилиб кетаётганларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “бизлардан эмас”, демоқдалар.
Муҳтарам жамоат! Динимизда бузғунчилик, оилаларнинг тинчини бузиш ва эр-хотин ўртасини ажратиш ҳам жуда катта жиноятлардан ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам бундайларни бизлардан бўлишга лойиқ эмасликларини таъкидлаганлар:
لَيْسَ مِنَّا مَن خَبَّبَ اِمْرَأَةً عَلَى زَوْجِهَا أَوْ عَبْدًا عَلَى سَيِّدِهِ
رواه الإمام أبو داود عن أبى هريرة رضي الله عنه
яъни, “Хотинни эри ёки қулни хожаси билан ўртасини бузганлар бизлардан эмас” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бугунги кундаги энг разил ва энг хунук бузғунчиликлардан бири мана шу ҳадисда келтирилган хали никоҳлари бор бўлиб бирга яшаб турган жуфтнинг ўртасини бузишдир. Айрим ичида фисқ-фужури бор кимсалар бировларнинг хотинини авраб, гўёки уларни яхши кўргандек қилиб кўрсатиб, ажрашишликка олиб келадиган сўзларни изҳор қилади. Ахир динимиз бировнинг ҳали уйланмаган, шунчаки совчи қўйган аёли устига совчи қўйишликдан қайтарган бўлса, бировнинг никоҳидаги аёлга кўз олайтиришни қандай оқлаши мумкин. Албатта, бундай қилганлар бизларни сафимизда бўлишга лойиқ эмас.
Азизлар! Китоб динимиз, тарихимиз ва бошқа барча соҳадаги илм-маърифатимизни оширишга хизмат қилувчи энг асосий восита. Бизнинг диёр азалдан алломалар юрти бўлгани учун қадимдан юртдошларимиз қўлларида бир қатор қимматбаҳо ва нодир китобларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари мавжуд. Уларни айрим нотўғри йўллар орқали бойлик орттиришга ҳарис инсонлар одамлардан арзимас пулга сотиб олиб, қинғир йўллар орқали бойликларимизни хорижга чиқиб кетишига ҳаракат қилиш йўли билан халқимизга хиёнат қилиб келаётганлар бор.
Афсуски, баъзи юртдошларимиз бундай асарларни сақлаш қонун-қоидаларига риоя қилмасдан уларни уйда сақлаб, ачинарли ҳолатларга келиб қолганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун кимда мана шундай аждодларимиздан мерос қолган қўлёзма ва тошбосма асарлар бўлса, соҳа мутахассислари билан маслаҳат қилиб, сақлаш учун зарур ҳарорат ва намликни таъминлашга ҳаракат қилишлари ёки махсус марказларга топширишлари мумкин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни динимизга тўлиқ амал қиладиган, ёлғон, хиёнат каби разил сифатлардан сақланадиган, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ яшайдиган ва бошқаларга фақат яхшилик улашадиган бандалардан бўлишимизни насиб айласин! Омин!
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.