Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

04.02.2022 й. Ислом мўътадил дин!

1.02.2022   4493   11 min.
04.02.2022 й. Ислом мўътадил дин!

 ИСЛОМ МЎЪТАДИЛ ДИН!

Ҳурматли жамоа! Динимиз ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти ва жамиятда тинч тотув ва фаровон ҳаёт кечириши, дунё ва охират саодатига етиши учун хизмат қилади. Бу йўлда динимизнинг ўзига хос фарзлари, асослари ва қоидалари бўлиб, шулар ичида динда мўътадил бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Динимиз модда ва руҳ, дунё ва охиратни бирдек эътиборга олади. Бирини эътироф қилиб, иккинчиси инкор қилмайди.

 Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

  وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).

Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради:

  كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ  

яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Демак, Ислом умматининг фазилати Аллоҳ таолога имон келтиргандан сўнг инсониятни эзгуликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш экан.

Аллоҳ таоло ўз ўрнида Аҳли сунна вал жамоа (машҳур тўрт мазҳаб эргашувчилари)ни бошқа исломий фирқалар ичида васатийлик-мўътадиллик билан ажратиб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

﴿ لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ

(رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عَنْ ثَوْبَانَ رضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар” (Имом Муслим ривоятлари).

Аҳли сунна вал жамоа ҳам дин ишлари: эътиқод, илм, амал ва ахлоқда мўътадилдир. Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.

Диндаги мўътадиллик эътиқод, амал, илм ва ахлоқда Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларини маҳкам ушлаш билангина юзага чиқади.

Биз васатия-мўътадилликни яхши тушуниш учун ғулув (ҳаддан ошиш) ва камчиликка йўл қўйиш масалаларини яхши билиб олишимиз керак. Чунки мўътадиллик мана шу икки нуқсонли иш ўртасида бўлади.

Қуръони каримда дунё ва охират ишларини бирга олиб бориш ҳақида шундай дейилади:

 وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا

 القصص: 77

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасос сураси, 77-оят).

Амалда ҳаддан ошишдан ҳам кўра, эътиқодда ғулувга кетиш ёмонроқдир. Масалан, пайғамбарларни ҳаддан ташқари улуғлаш натижасида уларни илоҳ даражасига кўтариш ёки Худонинг ўғли, дейиш ҳам динда ҳаддан ошишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ

النساء: 171

 яъни: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!” (Нисо сураси, 171-оят).

Бу ояти каримадан тушуниладики, аҳли китобларнинг бир тоифаси Исо алайҳиссаломни ҳурматлаб, илоҳ даражасига кўтарган бўлса, баъзилари у зотни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Мусулмонлар эса ўрта йўл тутиб, Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари деб эътиқод қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзи ёки ўзгаларга ҳаром қилиш ҳам эътиқодда ҳаддан ошишнинг бир туридир. Бу ўриндаги мўътадиллик Аллоҳ ва Расули ҳалол қилган нарсаларни ҳалол деб билиш, ҳаром қилган нарсаларни эса ҳаром деб билиш билан бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

яъни: “Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз” (Аъроф сураси, 123-оят).

Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қила туриб ҳатто юриш туришда ҳам ўртачалик яхши эканини уқтирадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

яъни: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”.

 وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

яъни: “(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 18-19-оятлар).

Динимизда хайру эҳсон ишларида ҳам мўътадиллик тарғиб қилинади. Бундаги афзал ҳолат бахиллик ва исрофнинг ўртасидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورً

 الإسراء: 29

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

 وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا

 الفرقان: 67 

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:

 إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ 

رواه الامام البخاري عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه

яъни: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِي الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ الْغُلُوُّ فِي الدِّينِ

яъни: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривоятлари).

Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам мўътадилликка яққол мисолдир: “Уч киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”, деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, ифтор ҳам қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Динда ҳаддан ошишнинг яна бир кўриниши мусулмонларни ўзидек фикрламагани ёки ўзига қўшилмагани учун кофирга чиқаришдир. Бу ҳолат Исломнинг аввалидан юзага чиққан ва ҳозиргача етиб келаётган катта мусибатдир. Такфирчи жамоатлар кўпчилик мусулмонларни кофир санаб, уларнинг қонини ҳалол санашди. Натижада мусулмонларга қарши уруш очиб, уларнинг қонини тўкишди. Охири ўзлари ҳам мағлуб бўлган бўлсаларда, ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқариб туришибди. Бу уларнинг айнан биз ўрганаётган мавзу – мўътадиллик  масаласини билмаслиги ёки билишни хоҳламаслиги сабаблидир. Афсуски, уларнинг ана шундай ботил фатволарига амал қиладиган, уларга эргашадиган, алданган мусулмонлар топилиб турибди. Уларга қулоқ солиб, фитна ўчоқларига борганларнинг пушаймон бўлиб мусулмонларга мурожаат қилаётганини эшитиб турибмиз. Улар интернетдаги қўштирноқ ичидаги фатво бераётганларнинг алдовга мутлақо ишонмаслик кераклиги, воқеъликда эса ҳолат улар айтганидек эмаслигини айтмоқдалар. Вақт ўтиши билан такфирчи тўдаларнинг алдов ва жиноятлари халққа янада кўпроқ ошкор бўлади. Аллоҳ таоло бундай адашишдан ўзи асрасин! Бу ўринда ҳаддан ошиш шуки, мусулмон киши динга қайси йўл билан кириб келган бўлса, ўша йўл билан ундан чиқади. Яъни, у исломга имон келтириб кириб келади. Фақат ва фақат ана шу имонидан қайтсагина диндан чиқади. Лекин кимларнидир фикрига, ғоясига ёки Ислом оламида тан олинмаган “ҳижрат ва жиҳоди”ига қўшилмагани учун кофир бўлиб қолмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган “ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига етишни муяссар қилсин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ билан менинг орамдаги сир

13.01.2025   3345   5 min.
Аллоҳ билан менинг орамдаги сир

Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.

Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди. 
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".

Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг  муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.

Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади. 
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.

Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин?  деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ