Ҳаётимиз бир текисдан иборат эмас: шоду хуррам, фаровон турмушимиз билан бир қаторда баъзан айрим қийинчиликлар ҳам бўлиб туриши табиий ҳол. Ана шундай қийин дамларда Буюк Раббимизга кўпроқ тавба ва истиғфорлар айтишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 155—157-оятлар).
Хабарингиз бор, куни кеча бутун республикамиз бўйлаб электр энергиясидан узилишлар кузатилди. Бу ҳолатни интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ҳар хил талқин қилишди. Кимдир асоссиз гаплар тарқатиб, одамларнинг ваҳимага тушишига ҳам сабаб бўлди.
Аслида, ҳақиқий мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолонинг юқорида зикр этилган ояти каримасини унутмаслиги, динимиз талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Ким нима деса, ишониб кетавериш бизга ярашмайди.
Мусулмон киши бирор масала чиқса: «Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?» деб эмас, балки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларини ўзига ҳужжат қилади.
Бежиз Сўфи Оллоёр бобомиз:
Дема, тутдим фалон бузрук ишини,
Кўра қўйма набийнинг қилмишини, демаганлар. Шу боис бирор нарсани эшитсак, ўқисак ёки кўрсак, аввало, доимий ва асосий манбаимиз – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилишимиз керак. Бу муқаддас ва муборак манбалар, мана, 15 асрадан бери инсониятга маънавий, руҳий маёқ бўлиб келмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Муғира ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ... миш-мишлар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган.
Кеча чироқ ўчиши билан ҳар хил асоссиз гаплар, хусусан, “уч кун свет бўлмас экан”, “Свет бўлмагандан кейин сув ҳам бўлмайди. Шунинг учун бир ҳафтага етадиган нонни, сувни, шамни ғамлаб олиш керак”, мазмундаги сўзлар тарқала бошлади.
Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бундай хабарларни ўқиган кишилар озиқ-овқат ва бошқа зарур ашёларни харид қилишга тушиб кетди. Вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” сув, нон ва шамларнинг нархларини икки-уч баробарга кўтариб юборишди.
Аслида, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
Кеча электр энергиясида кузатилган узилишлардан фойдаланиб, нархни сунъий ошириб фойда кўраман дейиш мусулмон кишига асло ярашмайди. Ахир, барчамиз мўминмиз, мусулмонмиз. Ўз юртдошларимизга, биродарларимизга қандай зарар етказишимиз ёки пайтдан фойдаланиб, уларни ортиқча харажатларга қўйишимиз мумкин?!
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир. Эҳтикор – нархни сунъий ошириш дегани. Нархни сунъий оширишда ким жабр кўради – халқ жабр кўради.
Уламоларимиз – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатларни шариатга хилоф бўлган ҳаром амаллардан деганлар.
Муҳтарам биродарлар!
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканини унутмайлик! Ҳар хил вазиятлар, ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Барчасига сабр қилиб, юртдошларимизга, мўмин-мусулмонларга ёрдам қилишимиз зарур. Шунда Аллоҳ таоло бизлардан рози бўлади.
Жасурбек РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.
Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.
Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.
Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати