Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда халқ орасида “Солихон домла” номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ушбу мавзуни муҳокама қилаётган юртдошларимизнинг айримлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур масалага ўз муносабатини билдиришини сўрамоқдалар.
Дарҳақиқат, айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакилларининг ижтимоий тармоқ ёки маърака-маросимларда масалани чуқур ўрганмай, воқеликни ҳисобга олмай, урф-одат, қонун-қоидаларга эътибор қилмай гўёки фатво сифатида айтаётган гаплари, ҳалол-ҳаромга ажратаётганлари ёки фосиқ-кофирга чиқараётганлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасини хавотирга солмоқда. Бундай ўйланмаган чиқишлар жамиятда муаяйн саволларни, айниқса, зиёлилар қатламларида турли фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.
Таъкидлаш зарурки, илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга эмас.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими вакилларининг Ислом дини таълимотларини жамиятни бирлаштириш йўлида эмас, аксинча кескинлик келтириб чиқаришга сабаб бўладиган шаклда баён қилишлари, аҳоли орасида нохуш баҳс-мунозараларга сабаб бўлишларининг олдини олиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021 йил 30 ноябрь куни чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, Солихон домла Ортиқхўжаев аҳоли, айниқса, Тошкент вилояти мусулмонлари орасида ҳурмат-эҳтиромга эга бўлгани эътиборга олинган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига имом ноиби вазифасига расман ишга қабул қилинган эди. Мазкур имом ноиби халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондиришга, тақво, илм-маърифат, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган исломий одоб-ахлоқ билан самарали хизмат қилади, деб умид қилинган эди.
Таассуфки, ўтган давр давомида Диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ.
Энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади. Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Афсуски, Солихон домланинг сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузалари унинг юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаганидан далолат бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятининг илк давридан жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида диний омил асосида низоли ҳолатлар чиқишининг олдини олиш масаласини фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири ҳисоблайди.
Шу билан бирга, диний идора тизими вакиллари томонидан муайян ижтимоий қатламларга мансублик ёки динга бўлган муносабатидан келиб чиққан ҳолда жамиятда можаро ва беқарорлик келиб чиқишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлар содир этилишига мутлақо йўл қўйилмайди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида Солихон домла Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномасини бекор қилди ва вазифасидан озод этди.
Таъкидлаш жоизки, айрим шахсларнинг маърака ва маросимларда, ижтимоий тармоқда шаръий ҳукмларга эътиборсизлик ила фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштириш ҳисобланади. Масалан, баъзи ҳолатларда кузатаётганимиздек, қандай қилиб муайян касб эгасини фосиқ ёки кофирга чиқариш ёки катта бир ҳудуд аҳолисига омматан ҳақоратмуз сўзларни айтиш мумкин? Ахир маъруза қилаётган шахс тадбирга мана шу каби фитнага сабаб бўлувчи чиқишлар учун таклиф этилганми?
Аксинча, воиз тингловчиларнинг қадрини кўтариб, уларда бор яхши хусусиятларни эслатиб, уларнинг қалбини очиши керакку! Насиҳат қилувчи ўз сўзларига махлиё бўлиб, ўзини гўёки Аллоҳ ато этган юқори ва баланд мартабада турибман, деб ўйламаслиги, балки танқид қилинаётган шахс, эҳтимол, ҳозир ёки келгусида ундан фазилатли ва Ҳақ таолога яқинроқ бўлиши мумкин эканини эсдан чиқармаслиги даркор.
Ислом тарихида ҳеч қачон фатво бериш ваколати бўлган олим-уламолар кескин, фитна ва низоларга сабаб бўлувчи ҳукмлар чиқармаган ҳамда бу каби ғояларни тарғиб этган эмаслар. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! ...” (Наҳл сураси, 125-оят).
Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимизга маърака ва маросимларни ўтказишда ушбу тадбирларнинг мазмуни ва руҳиятига мос равишда маъруза қилиш салоҳиятига эга расмий имом-домлани таклиф қилиш учун туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ёки ҳудуддаги расмий масжид имом-хатибларидан маслаҳат олишни тавсия қиламиз.
Айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-Ш/КҚ-592-Ш-сонли Қўшма қарорида тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”нинг 2-боб, 3-бандига мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилишини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқимизни диний соҳадаги эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун бор саъй-ҳаракатларини амалга ошириб келаётган тизим ходимларини яна бир карра шаръий ҳукм бериш масъулияти, маъруза ва амру-маъруф одоби, исломий ва миллий ахлоқ талаблари, шунингдек, жамиятдаги воқелик ва эҳтиёж, миллий анъана ва урф-одатларни доимий равишда ёдда сақлаш ҳамда кундалик фаолиятда ва чиқишларда уларга қатъий амал қилишга чақиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муносабат
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида қабул қилинаётган тегишли қонун ҳужжатлари халқимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилган. Ўзгариш ва янгиланишлар замирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган улуғ тушунча бош ўринга қўйилган.
Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан азим пойтахтимизда улкан мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Аллоҳ насиб этса, мазкур иншоот буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос бўлади. У ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжо, қисқача айтганда, илм-маърифат кошонасига айланади.
2025 йил 25 февралда Ўзбекистон Републикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиши мамлакатимизда миллатлар ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, адолат ва тенгликни қарор топтиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Юртимиздаги мана шундай улуғвор ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз томонидан “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Бу муҳим ҳужжатда белгиланган долзарб вазифалар жаҳон илм-фани ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутган буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва юртимизнинг жаҳон тамаддуни бешиги сифатидаги тарихий мақомини тиклаш бўйича ислоҳотларга янгича руҳ бағишлайди.
Ушбу Фармонда диний соҳани тубдан такомиллаштириш, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиш, хусусан, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни рақамлаштириш, муборак сафарга борувчилар учун шаффоф электрон навбатларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг малака оширишида янгича тизим жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқотларни юқори босқичга олиб чиқиш каби устувор йўналишлар белгилангани диққатга сазовор.
Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилангани илм-маърифат аҳлини чексиз мамнун этди. Бинобарин, Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг инсонпарварлик ғояларини ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳозирги глобаллашган ахборот асрида ғоят долзарб аҳамият касб этади.
Қайд этиш лозимки, Нақшбандия тариқати ўзининг мўътадиллиги ва бунёдкор таълимотлари билан бошқа тариқатлардан ажралиб туради. Унда асосан комил инсон, илм-маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол касб, эзгу амал каби масалаларга бош ғоя сифатида қаралади. Шунингдек, ушбу тариқатда инсоннинг амаллари фақат шахс камолотига эмас, балки жамиятнинг маънавий ривожи ва ислоҳоти учун ҳам хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берилади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илм ва амални ўзида мужассам этган, жамият учун манфаатли бўлган шахсни комил инсон сифатида таърифлайди.
Дарҳақиқат, тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илгари сурган “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Аслида бу таълимот динимизнинг асосий талабларидан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасос сураси, 77-оят).
Нақшбандия таълимотида ҳам “Инсонларни сев ва уларга фойда етказ”, тамойилига катта аҳамият берилган. Бу ғоя асосий ҳаёт тамойилига айланган. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Инсонларнинг энг яхшиси — уларга фойдаси энг кўп тегадигани” (Имом Дарақутний ривояти).
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳаётлигидаёқ бу тариқат мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди. Таълимот замон талабларига мослиги, барчага хослиги сабабли оддий халққа ҳам, зиёлилар қатламига ҳам маъқул эди. Ана шундай юксак маънавий-маърифий аҳамияти боис, бу таълимот Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин янада кенг тарқалди. Нақшбандия таълимоти адабиёт ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби мутафаккирлар ижодида нақшбандия ғоялари кенг тарғиб этилган.
Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк тасаввуф алломалари меросини янада чуқур ўрганиш бугунги кунда илмий жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан. Шу билан бир қаторда, юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган умуминсоний қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, бузғунчи ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Фармон асосида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ҳужжатда Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга тарғиб қилиш, асарларининг таржималарини нашр этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг оммага етказиш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Зеро, ҳужжатда қайд этилган вазифалар буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига бемисл хизмат қилади.
Шунингдек, Фармонда ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам бериш ҳамда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш йўналишида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар ҳам алоҳида қайд этилгани илмий-маърифий йўналишдаги ишларни янада кенгайтиради.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти такомиллаштирилиши муборак динимизнинг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутакаллим алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишни янада кучайтиришга туртки бўлади.
Демак, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш баробарида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
"Халқ сўзи" газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 83-сонидан олинди