Ватанпарварлик ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон аввало бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Cуҳбатимизнинг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан нотинч дунёимизга тинчлик сўраймиз, азиз Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини сўраймиз, хусусан, қуролли кучларимизга ҳам салоҳият сўраймиз. Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқини, оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг эркаклигини, йигитлигини синайдиган шарафли бурчдир. Ватанимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни қўриқлашдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган ҳиссиёт бўлиши лозим. Шундай экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан халқимизнинг порлоқ келажаги, давлатимизнинг равнақини сўрар эканмиз, айни пайтда қуролли кучларнинг салоҳиятини ҳам сўрашимиз лозим.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.
Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.
Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.
Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”.
Мўмин-инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган, динимиз илк бор тарқалган ҳарами шарифдир, Каъбаи муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамадир, равзи муборак жойлаган Мадинаи Мунавварадир. Бу муқаддас заминга бориб, у ерда динимизнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳар биримизнинг энг ширин орзуимиздир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар ана шу муқаддас масканга бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади. Ваҳоланки ҳажга бориш учун навбатга ёзилиб, ўн йиллаб кутади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.
Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. Аллоҳ асрасин, бир кимса бу масъулиятли соҳада хиёнат қилса, бу ваколатни суистеъмол қилса, бу нарса нафақат унинг ўзига, балки у вакили бўлган халққа, уни тарбиялаб-ўстирган Ватаннинг шаънига доғ тушади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар. Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.
Шунинг учун қайси соҳада бўлмасин, ўзимиз учун эмас, Ватан учун меҳнат қилаётганимизни ҳис қилайлик. Мансабдор одам пора олса, нафақат ўзининг мансабини суистеъмол қилади, балки зиммасидаги Ватанининг ҳақларини суистеъмол қиляпти. Ўқитувчи дарсга кирмаса, болалар ўйнаб юрса, у ўзининг вазифасига эмас, Ватаннинг келажагига хиёнат қиляпти.
Таъкидлаш жоизки, Ватан севгисининг масдари бизнинг эътиқодимиздадир. Зеро, бу муборак туйғуни қалбимизга Аллоҳ таоло солган. Ватанни севишни, ота-онани яхши кўришни бизга Роббимиз ўргатган. Шундай экан, бу туйғулар Роббимизга, У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгимиздан ортиқ бўлмайди, балки ана шу севгидан келиб чиқади.
Бир гўзал намунага эътибор берайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Тавротдан, Инжилдан хабардор зот эди, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди.
Улуғларимиз ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб кетиб, «Ҳали қавмим мени шаҳримдан қувиб чиқарадими?» деб сўраганлар. Мана шу у зотнинг Ватанларига бўлган муҳаббатларининг белгиси эди.
Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб, ўзларининг машҳур гапларини айтганлар: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор – у зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси «Макка бўлмаганда, мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган.
«Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан.
Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак. Афсуски, бу ҳиссиёт инсонда кўпинча сезилмайди. Қачонки бир неъмат қўлдан кетса, заволга юз тутсагина унинг қадри билинганидек, кўпчиликнинг бошига мусофирчилик тушсагина Ватан ҳисси сезилади, шундагина Ватаннинг қадрига етиб қолинади. Бир вақтлар шўро ҳукумати ўрнатилганда кўпчилик юртдан қочишга, ҳижрат қилишга мажбур бўлган. Кимдир жонини сақлаш учун, кимдир илмини сақлаш учун, кимдир олтинларини сақлаш учун кетган, хуллас, ҳамма ўзи учун қийматли нарсани кўтариб, қочишга улгурганлар қочган. Лекин баъзилар Ватандан кетмаган, улар шу Ватанни, унинг тақдирини, келажагини ўйлаб қолишган. Тўғри, кетганлар ҳам аслида Ватанни ўйлаб кетган, аммо қолганларнин аксарияти «Бу ватанни, бу миллатни, ёшлар тарбиясини кимга қолдирамиз? Мен кетсам, сен кетсанг, ҳаммамиз кетсак, бу халқ кимга қолади?» деб ўйлаб, Ватанда қолишган. Қатағон энг кучайган дамларда баъзи мухлис кишилар, фидойи шогирдлар, содиқ муридлар қатағонга учраётган олимларнинг номини олиб, ўзларини қурбон қилганлар. Масалан, «Фалончи қори ўлимга ҳукм қилинибди» деган гап чиқса, «Мен шу кишиман» деб ўзларини қурбон қилганлар бўлган экан. «Ўша олим ўлгандан кўра мен ўлай, олим қолсин, бу миллатни тарбия қилсин, болаларимизга таълим берсин» деб, ўзларини қурбон қилганлар. Мана бу чинакам фидоийлик, ватанпарварлик!
Юртдан кетишга мажбур бўлган азизларимиз ҳам қўшни Афғонистонга ўтгач, Амударёни бўйига тизилиб келиб, Ватан томонга термулиб ўтиришар экан. Аммо ўша кетишга мажбур бўлганлар ҳам Ватаннинг шаънини, мусулмоннинг, ўзбекнинг шаънини юқори тутганлар. Борган жойларида ҳам юксак намуна кўрсатганлар, илмлари билан, мол-мулклари билан ўша юртларнинг салоҳиятини кўтарганлар, лекин исмларини йўқотмаганлар. Шунинг учун ҳозиргача ҳам бутун дунёда ўша ватандошларимизни, уларнинг авлодларини ҳурмат билан бухорийлар, термизийлар, самарқандийлар деб танишади, иззат-икром кўрсатишади.
Алҳамдулиллаҳ, истиқлол шарофати туфайли халқимиз озод бўлди, Ватан озод бўлди. Фарзандларимиз, юртимизнинг шавкатли ўғил-қизлари яна Ватаннинг шаънини, юртимизнинг байроғини баланд кўтармоқдалар, илм-фандами, спортдами, бошқа соҳалардами, халқаро миқёсда юртимизнинг довруғини бутун дунёга таратмоқдалар.
Юртимиздан чиққан бир олим илмий мусобақада ғолиб келганини, юртимиздан чиққан бир қори Қуръон мусобақасида соврин олганини, бир спортчимиз биринчи ўринни олганини эшитганда, ҳакамнинг оғзидан Ўзбекистон деган номни эшитганда, Ватан байроғи баланд кўтарилганда кўзимизга келган қувонч ёшлари, қалбимизга тўлган ифтихор туйғуси – Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссидир.
Аммо билиб қўяйликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ана шундай озод, обод Ватан насиб этибдими, буни буюк бир неъмат ўлароқ қабул қилишимиз керак, унга шукр қилишимиз керак, унга содиқ бўлишимиз керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкига хиёнат қилмасликдир. Афсуски, баъзи кимсаларда шундай тушунча бор эканки, бир одамнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб билар экану, аммо давлатнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб ҳисобламас экан. Ваҳоланки, бир кишининг молини ноҳақ олган одам айбини тушунса, тавба қилса, бориб ўша молнинг эгасини, ўзи бўлмаса меросхўрларини топиб, молини қайтариб бериб, розилик сўраши мумкиндир, аммо халқ мулкини, Ватан мулкини ўғирлаган одам бориб 30 миллион аҳолининг ҳар биридан розилик сўрай олармикин? Бундай кимсалар Ватаннинг мол-мулкини, иқтисодиётини емирадиган ўзимиздан чиққан ички душманлардир. Ҳар бир ишда, ҳар бир соҳада ҳалол бўлиш, холис бўлиш Ватанни ана шундай ички душманлардан ҳимоя қилиш бўлади.
Ватанни ташқи душмандан ҳимоя қилиш эса ватанпарварликнинг энг олий намунасидир, ҳақиқий йигитлик бурчи, эркаклик шарафидир. Аллоҳ таоло фарзандларни парвариш қилиш, едириб-ичириш, рўзғорга қараш вазифасини аёллар зиммасига юклаган бўлса, оиланинг таъминотини, тинчлигини таъминлашни, уйни, Ватанни ҳимоя қилишни, ўзи учун энг азиз бўлган қадриятларни муҳофаза қилишни эркаклар зиммасига юклаган.
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Тафсири Ҳилол»да келтирилганидек, Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кун муробата қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», – деганлар, бошқа бир ҳадисда эса у зот: «Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга», – деганлар.
Шундай экан, Ватан ҳимояси, юрт сарҳадларининг муҳофазаси динимизда улкан ибодат даражасига кўтарилган, бу оғир, хавфли, аммо шарафли вазифада, бу буюк хизматда турганларга улкан ажру мукофотлар ваъда қилинган. Демак, ёшларимизни ватанпарвар қилиб тарбиялашда бу ишнинг мақоми нақадар улуғлигини, уни адо этиш катта шараф эканини уларга сингдиришимиз, бу хизматда юрганларнинг ҳаққига дуолар қилишимиз лозим экан.
Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт тинчлиги йўлида, Ватан ҳимоясида турган барча азизларимизга Аллоҳ таолодан куч-қувват, сабр-матонат тилаймиз, оилаларига бахту саодат, фарзандларига салоҳият тилаймиз. Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!
Мусохон Аббасиддинов,
Наманган шаҳар Бош имом хатиби
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси