Асрлар оша диёримиз мусулмонлари бир мазҳабга эргашиб келишган.
Аммо, ҳозирги кунларда ҳанафий мазҳабига эргашиб келаётган сизу- биз мусулмонларни тақлид қилувчи гумроҳлар дея айблаётган тоифалар пайдо бӯлишган.
Уларнинг, мужтаҳид имомларга эргашиш, уларга тақлид қилиш ҳаром ва ширк, уларга тақлид қилувчилар эса гумроҳлар деб айтаётган гапларига раддия сифатида қуйидаги ҳужжат ва далилларни келтирамиз.
"Агар билмайдиган бӯлсангиз, зикр аҳлларидан сӯрангиз " (Наҳл сураси 43- оят) .
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эдики. У зот: " Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар " - дея ишора қилдилар (Имом Термизий ривояти).
"Мажмуатул фатово " китобида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сӯзлари келтирилган: " Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида Шофеий , Моликий ва Ҳанбалий мазҳаби тарқалмаган ва китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашишлик вожиб бӯлади " .
Шундай экан бемазҳабликга чақираётган кимсаларнинг: " Мен қуръон ва ҳадисдан ӯзим ҳукм оламан " деган, ихтилофни ва уммат бирлигига раҳна солувчи нотӯғри даъволарига қулоқ солмайлик.
Аксинча, бемазҳабликга юз тутмай, ӯтган аждодларимиз каби Ҳанафий мазҳабига амал қилиб ва унда собит турайлик!
Абдуллахон Мирзаев
Денов туман "Муҳаммадқул" жомеъ масжиди имом-хатиби.
Иордания пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбир Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг Иорданиядаги фахрий консули Лауй Абуғазалий кўмагида ташкил этилди.
Байрам тантанасида дипломатик корпус, Иорданиянинг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли ишбилармонлар, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва замонавий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар натижалари билан таништирилди.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, туризмни ривожлантириш, бой тарихий-маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сайёҳлик ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган туризм имкониятлари, қадимий шаҳарлар ва маданий обидалар билан танишиш имконига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 июнь куни Ўзбекистоннинг қароргоҳи Ар-Риёд шаҳрида бўлган Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турғунов Қирол Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати