Инсон ҳаёти яқинлари, дўсту биродарлари билан гўзал. Зеро, динимиз таълимотида дўстликка алоҳида эътибор қаратилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба сураси, 71-оят).
Ҳаётда бир-бирлари билан ҳақиқий оға-инилардек бўлиб кетган дўстлар кўплаб топилади. Улар ўзига нима яхшиликни раво кўришса, биродарига ҳам шуни чин дилдан тортиқ қиладилар. Оғир ва енгил кунларида елкадош бўлади. Айниқса, дунё ва охиратнинг бахт-саодатига элтувчи йўлларга дўстларини чорлаб, нотўғри йўллардан қайтаришга уринади.
Дўстлик хусусида бир йигит гап очиб қолди: “Дадам тарбиямизга ўта талабчан эди, – дейди у. – Болалигимдан қаттиқ назорат остида бўлганим боис ҳар ким билан дўстлаша олмасдим. Ҳамиша кимлар билан улфатчилик қилаётганимни, дўстларим қанақа болалар эканини сўраб-суриштирарди. Айниқса, беодоб болаларга қўшилиб қолсам, яхшигина дакки эшитардим. Аммо бир одобли синфдошим билан кўрсалар, хотиржам бўларди. Чунки у дўстим оғир-вазмин, ростгўй эди. Дадам унинг тарбиясига, одобига ҳавас қиларди.
Иккаламиз ҳам вояга етиб, диний ва дунёвий илмларни ўргандик, бир касбнинг бошини тутдик. Шу йиллар мобайнида унинг менга бўлган самимий муносабати ўзгармади. Қолаверса, оғир кунларимда ёнимда тиргак, хато ишларимда тўғри йўл кўрсатувчи бўлган. Ўз ўрнида мен ҳам дўстимга муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қилганман. Шундай дўстни ёндош қилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтаман”.
Бу воқеани эшитиб, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис хаёлимга келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Шу билан бирга, яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ростгўйлар билан дўстлашинглар. Улар тинчликда зийнат, хавфда қалқондур”, деганлар. Демак, дўстларнинг аччиқ бўлса-да, рост сўзлайдиганини танлашимиз лозим. Чунки бундай дўстлар биз учун икки дунёда ҳам манфаатли бўлади.
Зуҳриддин МУСОЖОНОВ,
Андижон шаҳри, “Қорақўрғон” жоме
масжиди имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 8-сонидан олинди
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.