Жорий йилнинг 1-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди.
Делегация бутун дунёда қўлланилаётган карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича Подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб борди. Иншааллоҳ, яқин фурсатларда, COVID пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун табаррук зиёратни амалга ошириш имкониятлари яратилади.
Карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин.
Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz #Умра
Тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб замонда дунё аҳли, ҳар бир жамият, хусусан, мўмин-мусулмонлар ушбу неъматни авайлаб-асраб, уруш оловини сўндириш йўлида яна ҳам жипслашишлари даркор.
Шу йилнинг 11 ноябрь куни Ғазо ва Ливандаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топиш чораларини ишлаб чиқишга бағишланган навбатдан ташқари Араб-ислом саммити бўлиб ўтди.
Саудия Арабистони раислигида ўтган тадбирда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка қитъасининг етакчи мамлакатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш, юзага келаётган вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Саммитда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган саммитни ташкил этгани учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ал Сауд ҳамда Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон ал Саудга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Президент Фаластин — Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Нутқда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик кенгашининг доимий эътибор марказида туриши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, қадимий ва бой тарихга эга фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли экани баён этилди. Давлат раҳбари урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини ҳам таъкидлади.
Урушнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида тўхталаган муҳтарам Президентимиз, жумладан бундай деди:
“Минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас”.
Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди. Президент муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига алоҳида урғу берди.
Юртбошимизнинг анжуманда яна бир бор тинчлик неъматининг нақадар улуғлиги, урушнинг вайронакорлик оқибатлари, унинг натижасида кўплаб инсонларнинг, айниқса, норасида гўдакларнинг ҳаётдан кўз юмаётгани, обод масканлар харобага айланаётганини жаҳон ҳамжамияти диққатига тақдим қилди.
Қуръони каримнинг Бақара сураси 208-оятида Аллоҳ таоло инсониятни ёппасига тинчлик ишига киришишга буюрган. Тафсир китобларида келтиришича, оятдаги биргина “коффатан” сўзи бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда, тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:
“Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни ташлаб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ унинг қиёмат ташвишларидан бирини аритади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Президентимиз ҳақиқий мўминнинг сифатини намоён этиб, ушбу хайрли ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.
Бу эса ҳақиқий мусулмончилик, ҳақиқий одамгарчилик нуқтаи назаридан ёндашувдир. Мусулмон инсон ўзи учун тинчлик-осойишталик, соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дедилар” (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, деганлар.
Демак, мўмин киши ўзининг барча дўстлари учун дардкаш бўлар экан. Биродари дарду алам, турли қийинчиликда қолганда унга раҳм-шавқат кўрсатади, унинг дардини енгил қилиш учун чора излайди.
Дунёда барқарорлик ҳукм суриши, халқлар тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун ҳамда мазлумларга ёрдам қўлини чўзиш борасида муҳтарам Президентимизнинг илгари сураётган ташаббуслари рўёбга чиқишини Аллоҳ таоло насиб айласин!
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари