1 – эътирозга раддия
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръони каримни етказиш билан чекланмайди, балки оятларнинг асл маъноларини тушунтириб бериш, тафсир қилиш, изоҳлаш, тўла ва мукаммал, аниқроғи муфассал равишда англатиш – ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом вазифалари бўлган. Бу вазифалар эса фақатгина ҳадислар орқали адо топади. Биз Аллоҳ таолонинг оятларини тўла, мукаммал ва муфассал тушунишимиз учун ҳадисларга муҳтожмиз.
بِٱلۡبَيِّنَٰتِ وَٱلزُّبُرِۗ وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلذِّكۡرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيۡهِمۡ وَلَعَلَّهُمۡ يَتَفَكَّرُونَ ٤٤
“(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят).
لَقَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذۡ بَعَثَ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ ١٦٤
“Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Оятдаги “Китоб”дан мурод Қуръони каримдир, “Ҳикмат”дан мақсад эса ҳадиси шарифлардир.
2 – эътирозга раддия
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари фақатгина саҳобаларга эмас, балки бутун уммат учундир. Зеро, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни бутун башариятга пайғамбар этиб жўнатган:
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ ١٠٧
“(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).
3 – эътирозга раддия
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримни сақлашга ваъда берган. Ҳадислар эса Қуръоннинг тафсири, шарҳи ҳисобланади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадисларнинг ҳам то Қиёматга қадар уммати Муҳаммадга етиб келишини таъминлаган.
Даврон НУРМУҲАММАД
Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис илмига кириш” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳозирги кунда миллий қадриятларимизга таҳдид солаётган “Оммавий маданият” кўпчиликни ташвишга солмоқда. Замонавий тараққиёт ва илғор технология билан ҳамнафас бўлишлик қувонарли ҳол. Бироқ, глобаллашув жараёнларида турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқларнинг тобора авж олаётгани ташвишланарли ҳолатдур. Бугун арзимасдек туюлган кичик хабар ҳам эртага ёшларнинг ҳаётига катта салбий таъсир қилмоқда.
Аслида, “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби ёмон иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларига ҳам мос келмайди. Бизнинг ота-боболаримиз ва момоларимиз ҳаётини ўрганар эканмиз, улардан оладиган ибратларимиз ҳали анча кўп эканини ҳис қиламиз.
Ҳақиқатан ҳам, уруш ва очарчиликни бошидан кечирган бобо ва момоларимиз бизга болаликдан бошлаб нонни кўзимизга суртиб эъзозлашни ўргатганлар. Бу бизнинг буюк қадриятимизга айланган. Шу маънода, Яратганнинг бебаҳо неъматларини, ҳаётдаги ижобий ўзгаришларни қадрлаш туйғусини фарзандларимиз қалбига ёшлигидан сингдириб боришимиз зарур.
Айниқса бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшган Имом Бухорий, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк зотларнинг авлодлари ҳеч қачон инсоний фитратга мос келмайдиган шаҳвоний туйғуларга эргашмасликлари керак.
Зеро, халқимизнинг маънавиятларига йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму-ҳаё каби тушунчалар бизнинг соф қонимизда мавж урмоқда. Уларни нобуд қилиш – бутун миллатимиз маънавиятига хиёнат бўлур. Айниқса, кексаларга ҳурмат, ота-онага эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз узоқ ўтмишдан бугунги кунгача ўз кўрку тароватини, миллийлигимизни кўрсатиб турадиган қадрият ва урф-одатларимиз бутун дунё халқларига ибрат бўлган. Шу маънавиятимиз замиридаги юксак инсоний ғоялар бугунги кунда ҳам бутун Ғарб халқлари томонидан эътироф этилмоқда.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ