1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш - бидъат.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш учун сафарга чиқиш - бидъат.
3. Ниятни талаффуз қилиб айтиш - бидъат.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва мақташ - бидъат.
5. Зикр қилиш ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш учун йиғилиш - бидъат.
6. Ижтимоий йиғин ёки дастурларда одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишлари - бидъат.
7. Азондан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жаҳрий саловат айтиш - бидъат.
8. Муборак "Қасидаи Бурда"ни ўқиш - бидъат.
9. Бомдод намозидан олдин ва жума кечасида одамларни "намозга келинглар!" каби сўзлар билан чақириш - бидъат.
10. "Жума муборак!" дейиш - бидъат.
11. Жума намозидан олдинги суннат намози - бидъат.
12. Жумадан олдин фиқҳ дарсини ташкиллаштириш - бидъат.
13. Жума кунидаги иккинчи азон - бидъат.
14. Намоздан кейин биродарингизга "Аллоҳ қабул қилсин!" дейишингиз - бидъат.
15. Қироатда овозни чиройли қилиш учун оҳанг мақомларини ўрганиш - бидъат.
16. Шим кийиш - бидъат.
17. Ҳайит кунларида омматан такбир айтиш - бидъат.
18. Тасбеҳ ишлатиш - бидъат.
19. Намоздан кейин тасбеҳни санаш ва уни жаҳрий айтиш (овоз чиқариб) - бидъат.
20. Намоздан кейин имомнинг жамоат билан дуо қилиши - бидъат.
21. Бомдод намозининг иккинчи ракъатидан кейин қунут дуосини айтиш - бидъат.
22. Имом хатибнинг хутба сўнгида дуо қилиши - бидъат.
23. Хатиб дуо қилаётганда қўлларни кўтариш - бидъат.
24. Байтуллоҳга ҳаж қилган кишини "Эй ҳожи!" дейиш - бидъат.
25. Ота-онанинг қўлларини ўпиш - бидъат.
26. Масжидларга қубба қўйиш - бидъат.
27. Меҳроблар - бидъат.
28. Уч поғона зинадан баланд ҳолатдаги минбарлар - бидъат.
29. Имомнинг юзи қарайдиган икки томонга "Аллоҳ" ва "Муҳаммад" ёзувларини ёзиш - бидъат.
30. Марҳумнинг руҳи учун садақа ўлароқ оқшом ташкил қилиш - бидъат.
31. Ҳайит кунида марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдириш - бидъат.
32. Маййитнинг руҳига Фотиҳа сурасини ўқиш - бидъат.
33. Қабр устига Фотиҳа ёзилган қабртош қўйиш - бидъат.
34. "Бу фалончининг руҳидан" деб ёзиш - бидъат.
35. Рўзадор ифтор қилиш учун шомнинг азонини кутиши - бидъат.
36. Таровеҳ намозини 20 ракъат қилиб ўқиш - бидъат.
37. Таровеҳда ракатлар орасидаги дам олиш чоғида мавъиза қилиш - бидъат.
38. Зуҳо сурасидан бошлаб суралар орасида такбир айтиш - бидъат.
39. Такбири таҳримадан олдин одамларга намознинг жамоат намози эканини билдириб қўйиш - бидъат.
40. Соқолнинг узунасидан олиш ва уни тартиблаш - бидъат.
41. Туғилган чақалоқнинг қулоғига азон айтиш - бидъат.
42. Қабристонда марҳумнинг оиласига салом бериш - бидъат.
43. Гарчи мустаҳаб кунларга тўғри келса ҳам, шанба куни рўза тутиш - бидъат.
44. Инсонларга Исро ва ҳижрат каби Исломдаги тарихий кунларни эслатиш - бидъат.
45. Суратга тушиш - бидъат.
46. Рамазон кирганида хурсандчилик ўлароқ уйларни безатиш - бидъат.
47. Ҳожилар келганида хурсандчилик қилиб уйларни безатиш - бидъат.
48. Қабрлар олдида дуо қилиш - бидъат.
49. Жамоавий овоз чиқариб Қуръон қироат қилиш - бидъат.
50. Набий алайҳиссалом, у зотнинг оилалари ва солиҳларни васила қилиш - бидъат.
Ушбу 50 та амал мусулмонлар минг йилдан кўпроқ вақтдан бери бажариб келаётган суннат ва мустаҳаблардир. Салафий-ваҳҳобийлар эса бу амаллар соҳибини дўзахга олиб борадаган бидъатлардандир, дея бонг уришмоқда.. Бу ҳам ҳаммаси эмас, агар барчасини санайдиган бўлсак, бу каби амаллар беш юзтадан ошиб кетади!
Дарҳақиқат, ваҳҳобийлар ўзларининг "келгинди" шайхлари бўлмиш Албонийнинг китобларидан бидъатларни бир китобга йиғиб чиқиш билан шуғулландилар, уни "Қомусул-бидаъ" - "Бидъатлар қомуси" деб номладилар ва унда юзлаб "бидъат" амалларни санадилар! Ана ўшанда гўёки, "оламда улардан бошқа мусулмон йўқлигини-ю қолганларнинг борадиган жойи дўзахда" эканини билиб оласиз!
Хўш, улар олиб келган бу уйдирмалар қандай дин бўлди?!
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати