? 2021 йил 1 декабрь куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Маълумки, ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари “Ҳаж” ва “Умра” амалларини адо этиш бахтидан бебаҳра бўлдилар.
Аллоҳга шукрки, сўнгги вақтларда Саудия Арабистони ва юртимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани, кунлик касалланиш даражаси камаяётгани, вакцина олган аҳоли миқдори ошиб бораётгани ва чекловлар юмшатилаётгани Ўзбекистон халқини чексиз қувонтирмоқда.
Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан умра мавсумининг бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари ҳам юмшаб, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ.
Ҳақ таоло ушбу сафарни хайрли қилсин, мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифада Ўзбекистон делегациясига куч-қувват ва муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @vaqfuz | @diniysavollar
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ