Республикамизда имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, бугунги глобаллашув даврида Ватан равнақи йўлида хизматлари ҳамда ёшларимизнинг турли ёт бузғунчи тоифаларнинг таъсиридан ҳимояланишида тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар йили “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилади.
Танловни ўтказишдан қандай мақсад кўзланган? Танловнинг мақсади бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдалана оладиган, диний-маърифий соҳа тарғиботчиси бўлган фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танловнинг вазифалари нималардан иборат? Танловнинг бир қанча вазифалари мавжуд. Улардан айримлари: туман, шаҳар, вилоятларнинг чекка ва олис ҳудудларида фаол меҳнат қилаётган, ўз ишига садоқат билан ёндошиб, жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш ҳамда имом-хатиблар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашинишни йўлга қўйиш ва бошқалар.
Танлов неча босқичда ўтказилади?
Танлов уч босқичда бўлиб ўтади:
туман (шаҳар) босқичи;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи;
Республика босқичи.
Республика босқичида қандай шартлар бўлади?
Республика босқичи 7 турдан иборат бўлиб, 1-турда қироат ва тафсир,
2-турда ақоид, 3-турда фиқҳ, 4-турда ислом тарихи, 5-турда ҳадис илмлари, 6-турда Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва ижоди оид саволлар ҳамда 7-турда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари асосида баҳоланади.
Танловда энг юқори балл тўплаган иштирокчи "Йил имоми" кўрик танловининг мутлақ ғолиби сифатида эътироф этилади.
Ғолиблар учун қандай мукофотлар берилади?
1-ўрин соҳиби I даражали диплом ва Ҳаж зиёратига йўлланма;
2-ўрин соҳиби II даражали диплом ва базавий ҳисоблаш микдорининг 45 баравари микдорида пул маблағи;
3-ўрин соҳиби III даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари микдорида пул маблағи мукофоти билан тақдираланади.
Шунингдек, танлов ғолиблари ва иштирокчиларига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистони пойтахтида “WTM Spotlight Riyadh 2026” халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон туризм индустрияси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз туристик салоҳиятини «Asialuxe Travel», «Zamin DMC» ва «Bazar Travel» компаниялари намойиш этди. Улар кўргазманинг ишбилармонлик дастурида фаол иштирок этиб, Саудия Арабистони ҳамда бошқа хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан бир қатор самарали учрашувлар ўтказдилар.
“WTM Spotlight Riyadh” Саудия Арабистони туризм бозорининг халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқалари учун асосий профессионал майдонлардан бирига айланди. Кўргазма туроператорлик бизнеси, қабул қилувчи компаниялар, меҳмонхона сектори, авиация тармоғи, туристик технологиялар ва индустриянинг бошқа йўналишлари вакилларини бирлаштирди. Тадбирда минтақавий ва халқаро ташриф буюрувчилар, 450 дан ортиқ экспонентлар ҳамда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди.
Уч кун давомида ўзбекистонлик компаниялар вакиллари саудиялик туроператорлар, туристик агентликлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар ўтказдилар. Мулоқотларда шериклик дастурларини ривожлантириш, Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда янги қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонни маданий-маърифий, оилавий, премиум ва индивидуал туризм учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Саудиялик ҳамкорларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари, Буюк ипак йўлининг тарихий мероси, замонавий меҳмонхона инфратузилмаси, миллий таомлар ҳамда индивидуал ва гуруҳли туристик дастурларни ташкил этиш имкониятлари намойиш этилди.
Ўзбекистон туризм тармоғи вакиллари, шунингдек, саудиялик ҳамкорлар билан сайёҳларни кутиб олишни ташкил этиш, Кўрфаз мамлакатларидан келувчи саёҳатчиларнинг афзалликларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбек туристик компанияларининг “WTM Spotlight Riyadh 2026” кўргазмасидаги иштироки подшоҳлик туристик бизнеси вакиллари билан бевосита алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини излаш учун қўшимча имконият бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати