2023 йил 25-26 ноябрь кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган нуфузли тадбирлар ҳамда халқаро конференцияларда иштирок этган муфтийлар ва уламолар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига миннатдорлик мактублари келмоқда.
Ана шундай мактублардан бири Тожикистон Ислом маркази раиси, Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода жанобларидан келган. Жумладан:
– Машҳур Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган халқаро конференцияни аъло даражада ўтказилгани, Ўзбекистон Республикасида самимий қабул ва меҳмондўстлик кўрсатилгани учун чуқур эҳтиромимиз ва чин дилдан миннатдорлигимизни қабул қилгайсиз. Шунингдек, ушбу сафарда муносиб хизмат кўрсатган ва доимий ҳамроҳлиқ қилган Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдуҳаким қори Матқуловни бириктирилгани учун алоҳида ташаккур изҳор этамиз.Умид қиламизки, бундай муҳим ва долзарб тадбирлар диний идоралар раҳбарларининг ўзаро тушуниши ва ҳамкорлигига катта ҳисса қўшади, глобал тинчлик ва икки томонлама мулоқотни ривожлантиришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Келажакда алоқаларимиз ва дўстлигимиз янада мустаҳкамланади, дейилади миннатдорлик мактубида.
Мана шундай миннатдорлик мактубларида юксак эътибор ва юқори даражадаги ташкилотчилик учун ташаккур билдириш баробарида Ислом дини ривожи йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мусулмон уммати учун долзарб масалаларга ечим топиш борасидаги учрашувлар юқори баҳоланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати