Шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси остида мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган ва кейин ҳам мунтазамлик касб этадиган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси моҳияти жиҳатидан келажак авлод тақдирига даҳлдорлиги билан аҳамиятли. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича эълон қилинган долзарб 40 кунлик доирасида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раҳбарлигида вилоят диний соҳа вакиллари томонидан “Имом Бухорий авлодлари боғи” барпо этилди.
Мазкур боғ барпо этилиши муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида қўй сўйилиб, ўтган аллома аждодларимиз хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, диний ташкилот ва идоралар ходимлари, вилоят жамоатчилиги вакиллари, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази жамоаси, Ҳадис илми олий мактаби педагог ходим ва талабалари иштирок этган маросимда вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Д.Мамадқулов ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров сўзга чиқиб, келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган эзгу ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг глобал мураккаб экологик вазиятни юмшатиш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамда инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги юксак аҳамиятини қайд этди. Тадбирда шунингдек, вилоятнинг диний соҳада фаолият юритаётган уч авлод вакиллари томонидан мазкур лойиҳа доирасида яратилаётган боғ ҳаёт фаровонлигига, мўминлар манфаат олишларига, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига муносиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбирдан сўнг, боғ учун ажратилган ҳудудда кўчат ўтқазишга киришилди. Жараён давомида 600 нафарга яқин иштирокчи 1 гектар бўлган ҳудудга 1500 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазишди.
Кўчат экиш жараёнида тупроқ унумдорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, ер аввало суғоришга тайёр ҳолатга келтирилди. Боғда ўтқазилган кўчатларни парвариш қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланди ва масъуллар бириктирилди. Масъулларга дарахтларни парваришлаш билан бирга ҳудудо бодлигини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилди.
Мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий тадбирлар давом этмоқда.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД