Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Хўжа Исмоил шаҳарчасида янги боғ барпо этилди

30.11.2021   3864   2 min.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Хўжа Исмоил шаҳарчасида янги боғ барпо этилди

Шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси остида мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган ва кейин ҳам мунтазамлик касб этадиган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси моҳияти жиҳатидан келажак авлод тақдирига даҳлдорлиги билан аҳамиятли. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича эълон қилинган долзарб 40 кунлик доирасида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раҳбарлигида вилоят диний соҳа вакиллари томонидан “Имом Бухорий авлодлари боғи” барпо этилди. 

Мазкур боғ барпо этилиши муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида қўй сўйилиб, ўтган аллома аждодларимиз хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, диний ташкилот ва идоралар ходимлари, вилоят жамоатчилиги вакиллари, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази жамоаси, Ҳадис илми олий мактаби педагог ходим ва талабалари иштирок этган маросимда вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Д.Мамадқулов ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров сўзга чиқиб, келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган эзгу ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг глобал мураккаб экологик вазиятни юмшатиш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамда инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги юксак аҳамиятини қайд этди. Тадбирда шунингдек, вилоятнинг диний соҳада фаолият юритаётган уч авлод вакиллари томонидан мазкур лойиҳа доирасида яратилаётган боғ ҳаёт фаровонлигига, мўминлар манфаат олишларига, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига муносиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Тадбирдан сўнг, боғ учун ажратилган ҳудудда кўчат ўтқазишга киришилди. Жараён давомида 600 нафарга яқин иштирокчи 1 гектар бўлган ҳудудга 1500 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазишди.

Кўчат экиш жараёнида тупроқ унумдорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, ер аввало суғоришга тайёр ҳолатга келтирилди. Боғда ўтқазилган кўчатларни парвариш қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланди ва масъуллар бириктирилди. Масъулларга дарахтларни парваришлаш билан бирга ҳудудо бодлигини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилди.

Мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий тадбирлар давом этмоқда.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар

"Вазифамдан қутулдим”, деб ўйламанг!

21.04.2025   2157   3 min.

Баъзи оталар аёли, болаларидан ўзининг айшу ишрати ва улфатчилигини устун қўядилар, гоҳида ўша тарафга бутунлай бурилиб кетадилар.

Эй муҳтарам ота! Нима учун оилангиз ва болаларингиздан қочяпсиз?! Нима учун кўзингиздаги нурга парда ташлаяпсиз, фарзандларингиз сизни тун қоронғусидан бош­қа маҳал кўра олишмаяпти.

Барчалари сизни излайдилар. Ёш болаларни ўпсангиз, катталар даврасида бўлсангиз, табассумингизга сабабчи бўлувчи аёлингизга эътибор қаратсангиз, қандай ҳам гўзал!

Зиммангиздаги уларнинг ҳақларига беэътибор бўлманг. “Емак-ичмак, кийим-кечагини тўкиб-сочиб қўйсам бўлди, вазифамдан қутулдим”, деб ўйламанг. Улар сиз томонингиздан етказилувчи  маънавий, руҳий озуқага муҳтождирлар.

Эй муҳтарам ота! Оилангиз беэътибор қолса, кўзи очларнинг ҳирслари уларни еб битириши мумкин. “Бошсиз қолган жасад тирик туради”, деб ўйламанг. Сиз оилангиз учун тананинг бошидексиз, бош танадан жудо бўлса, руҳ танадан ажрайди ва ҳаёт тугайди.

Оилангизга мустаҳкам қўрғон бўлинг. Унутмангки, қиёмат куни ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилари борасида жавоб беради.

Барча масъулиятни аёлингизга юклаб қўйманг. Тарбия машаққатини унинг елкасига юкламанг.

Ўтинаман, зое бўлаётган умрингизга, оилангизга қайтинг! Аввал Роббингизга қайтинг ва қилган гуноҳу исёнларингизга тавба қилинг. Намозга маҳкам бўлинг. Қалбингизда иймон қайта барқ уриб, раҳмат вужудингизга сизиб кириши учун тун қоронғусида туриб таҳажжуд ўқинг.

Ҳар гал болаларингизни, аёлингизни кўрсам, уларнинг кўзидаги маҳзунлик мени тилка-пора қилади. Бунинг таъсиридан сизга айтадиган охирги гапим:

Ердагиларга раҳм қил, самонинг Эгаси сенга ҳам раҳм қилади. Сенга шукрини адо қилолмайдиган даражада неъматлар ато этган Роббингга яқинлаш. Оила деб аталмиш неъматдан юз ўгирдинг. Оилангни ташлаб кетдинг, улар қаёққа борарини билмай қолишди.

Ачинарли бир воқеани келтирай: Ота-онаси ишга кетиб ёлғиз қолган болаларнинг шўхликлари авжига чиқиб, ораларидан бири пичоқ ўйнаб хонадаги чарим диван ва курсини йиртиб, тешди. Ота ишдан келиб боланинг қилган ишини кўрди ва қаттиқ ғазабланиб боланинг қўл-оёқларини маҳкам боғлаб қўйди.

 Бола тинмай йиғлаб, бўшатиб юборишларини ўтиниб сўради. Лекин бари бефойда эди. Ғазабланган отага ҳеч нарса таъсир қилмади. Лекин она боғичларни ечишга уринди. Ота унга: “Агарда ечсанг, талоқсан”, деди.

 Бола тинмай йиғлайверганидан тинкаси қуриди ва ухлаб қолди. Унинг қўл-оёқларининг ранги ўзгара бошлади ва кўкариб кетди.

 Ота қўрқиб кетганидан боғични ечди ва болани дарҳол шифохонага олиб борди. Бола кома ҳолатида эди. Шифокорлар боланинг оёқ-қўлларини ампутатция қилишга қарор қилишди. Бола ўткир ишемияга чалинган эди.

 Ота ампутация қилиш учун берилган қоғозга имзо қўяркан, тинмай йиғларди.

 Ҳақиқий мусибат бола жарроҳлик амалиётидан чиққанидан кейин бошданди. Бола отасига қараб: “Дада, дадажон, оёқларимни қайтариб беришсин. Энди ҳечам бундай иш қилмайман”, дея дод солди.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.