Баъзи намозхонларнинг намоз ўқиётганда қиём ҳолатида оёқлари орасини ҳаддан зиёд кенг қилиб ўқиётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Агар улар жамоат билан ўқишсалар оёғини ёнидаги намозхоннинг оёғига текказиб олишади ва шу нарсани суннат деб билишади.
Уларнинг бундай ўқиши ёнидаги намозхоннинг хушуъсини кетишига ҳам сабаб бўлиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зарар беришдан қайтарганлар:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَمَ قَالَ: لَا ضَرَرَ وَ لَا ضِرَارَ ... رَوَاهُ الْحَاكِمُ
Яъни, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Динда) зарар бериш ва зарар кўриш йўқдир”, дедилар. (Ҳоким ривояти, саҳиҳ)
Мўътабар тўрт мазҳаб имомлари ҳам оёқларни мазкур кенгликда қўйишга буюрмаганлар. Бундай ҳолат ҳадисларни тўғри тушунмаслик сабабли пайдо бўлган янги ҳолатдир. Ҳадисларни тўғри тушуниш учун асри саодат замонасига яқинроқ яшаган зотларнинг сўзларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади. Зеро улар ҳадисларни биздан кўра яхши билганлар, яхшироқ тушунганлар ва шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар. Бу ҳақида мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлган “Эълоус сунан” китобида қуйидагича келган:
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ يَقُولُ أَقْبَلَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى النَّاسِ بِوَجْهِهِ فَقَالَ «أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ» ثَلاَثًا «وَاللَّهِ لَتُقِيمُنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللَّهُ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ». قَالَ فَرَأَيْتُ الرَّجُلَ يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَرُكْبَتَهُ بِرُكْبَةِ صَاحِبِهِ وَكَعْبَهُ بِكَعْبِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга юзландилар ва “Сафларингизни тўғирланглар, (деб) уч марта айтдилар. Аллоҳга қасамки, албатта сафларингизни тўғирлайсизлар ёки Аллоҳ таоло қалбларингизнинг ўртасини хилоф қилиб қўяди”, дедилар. (Нуъмон) айтди: Мен бир кишини елкасини шеригининг елкасига, тиззасини шеригининг тиззасига, тўпиғини унинг тўпиғига текказиб турганини кўрдим. (Абу Довуд ривояти)
عَنْ أَنَسٍ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ، فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي ، وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларингизни тўғирланглар, чунки мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман”, дедилар. Бизларнинг ҳар биримиз елкамизни шеригимизнинг елкасига ва оёғимизни унинг оёғига текказиб турар эдик. Бухорий ривояти
Замонамизда бир тоифа инсонлар бу ҳадиснинг зоҳирини ушлаб, сафда оёқларини ёнида турганларнинг оёқларига текказиш лозим деб ўйлайдилар ва мана шу нарсада намознинг охиригача ўзларини қийнайдилар.
Албатта елкани елкага, тиззани тиззага текказиш билан биргаликда оёқларни оёқларга теккизиб туришда катта машаққат борлиги сир эмас. Хусусан намознинг охиригача мана шу ҳолатда бардавом бўлишнинг машаққатлиги кўриниб турибди. Машаққат эса (яъни, ибодатда ўзини қийнаш каби машаққатлар) далил билан кетказилгандир. (Чунки Аллоҳ таоло: "Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас". (Бақара;286) деб марҳамат қилган)
Бу аъзоларнинг ҳаммасини бир-бирига текказиб туришни амалга оширишнинг имкони йўқ. Чунки намоз ўқувчиларнинг қомати, бўйлари ҳар хил. Ҳадисдан ирода қилинган маъно (сафни тўғирлаш учун) мазкур баъзи аъзоларни баъзисига тўғри қилишдир.
Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деган: Имом Бухорийнинг “Сафда елкани елкага, оёқни оёққа теккизиш боби”дан мурод сафни тўғирлашликда ва орадаги очиқ жойларни ёпишликда муболаға қилиш қасд қилингандир. (Иқтибос тугади)
“Авнул Маъбуд” китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги “وَحَاذُوا بِالْمَنَاكِبِ” яъни, “Елкангизларни тенглаштиринглар” сўзини шарҳ қилиб, елкаларнинг баъзисини баъзисига баробар қилинглар. Бу шундай бўладики, намоз ўқувчиларнинг ҳар бирининг елкаси бошқаларнинг елкасига тўғри ва бир йўналишда параллел бўлиб, елкалар, бўйинлар ва оёқлар битта чизиқда бўлади, дейилган. (Иқтибос тугади)
Шайх айтади (яъни, шайх Ашроф Алий Таҳонавий): Агарда оёқни оёққа текказишнинг ҳақиқий маъноси олинганда ҳам сафни тўғирлаш учун иқомат вақтидаги жараён ирода қилинади. Чунки бу аъзолар ўртасини текказишлик сафни тўғирлашликнинг ҳосил қилиш йўлидир. Ҳадисда намозга киришгандан кейин ҳам мана шу ҳолатда қолишга далолат қиладиган нарса йўқ, кимки шу нарсани (яъни, намозни ичида ҳам оёқни оёққа текказишни) даъво қилса, унга далил келтирсин. (Иқтибос тугади)
Мен айтаманки (яъни, Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий): Анас розияллоҳу анҳунинг “Бизларнинг ҳар биримиз елкамизни шеригимизнинг елкасига ва оёғимизни унинг оёғига теккизиб тутар эдик” деган сўзлари мазкур иш Набий с.а.в.нинг замонларида бўлган, ундан кейин давом этмаганлигига далолат қилади. Бу маънони Маъмарнинг ривояти очиқ-ойдин баён қилади. Унда “Агар бу нарса (яъни, оёқларни бир бирига текказиш) уларга нисбатан қилинганида, улар хуркак ҳачирдек қочиб кетардилар”, дейилган. Агар оёқни оёққа теккизиш намознинг қасд қилинган суннатларидан бир суннат бўлганда эди, саҳобаи киромлар буни тарк қилмаган бўлардилар ва ҳеч ким ундан қочмаган бўлар эди. Хуллас саҳиҳ гап биз айтган нарса, яъни, мазкур оёқни оёққа теккизишлик иқомат вақтида сафни тўғирлашликда муболаға қилиш учун бўлган. Иқоматдан кейин намознинг ичида бўлмаган. Буни англаб етинг! (Эълоус-сунан китобидан иқтибос тугади)
Фуқоҳолар намозхон қиёмда турганда қадамлари яқинлиги қай даражада бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар:
Шофеийлар бир қарич миқдорида бўлади деганлар.
Ҳанбалий ва Моликий мазҳаби фуқаҳолари оёқлар орасини кенг ҳам қилмасдан, бир бирига теккизиб ҳам олмасдан, балки ўртача, одатдагидан ошиб кетмаган ҳолда бўлишни мустаҳаб деганлар.
Бизнинг Ҳанафий фуқаҳоларимиз эса тўрт бармоқ миқдорида бўлиши суннат, чунки бу хушуъга яқиндир, деганлар. Лекин бу ўлчов миқдори оёқларини кенг қилишга узри йўқ кишилар учун белгиланган ўлчовдир. Аммо гавдаси катта, семиз ва барваста кишилар каби мўътадил мувозанатни сақлашда оёқлар орасини кенгроқ қўйишга эҳтиёжи бор кишиларга одатдаги ҳолатида туришга рухсат берилган. Чунки бундан мақсад узоқ вақт қиём ҳолатида турганда ҳам хушуъни йўқотмасдан туришга имкон яратиб берадиган даражада бўлишдир.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Саҳиҳул Бухорий
2. Сунани Абу Довуд
3. Эълоус Сунан
4. Ал-Фиқҳул исламийю ва адиллатуҳу
5. Ҳошиятут-Тоҳтовий
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси