Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2026   |   21 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:44
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:28
Хуфтон
19:39
Bismillah
10 Март, 2026, 21 Рамазон, 1447

Пойтахтимиздаги “Яккасарой” жоме масжиди янги биносида илк жума намози адо этилди

16.09.2016   2615   3 min.
Пойтахтимиздаги “Яккасарой” жоме масжиди янги биносида илк жума намози адо этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 2014 йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжидига биринчи ғиштини қўйиб берган эди. Шу йилнинг 16 сентябр куни эса ушбу масжиднинг  янги биносининг очилишига ташриф буюрдилар.

Тошкент шаҳридаги қарийб 100 йиллик тарихга эга “Яккасарой” жоме масжиди ўрнига минг нафар намозхонга мўлжаллаган катта жомеи барпо этилди. 23 метрга бўй чўзган гумбазли хонақоҳ деворлари, меҳроб ўзига хос нақшлар билан безатилган. Моҳир хаттотлар томонидан меҳроб усти ва деворига Қуръони карим оятларидан ҳамда ҳадиси шарифларда ворид бўлган дуолар муҳрланган. Хонақоҳ ёнида 150 кишига мўлжалланган кичик хонақоҳ ҳам барпо этилган. Бино гумбазининг ташқари томондан баландлиги юқорисидаги ой рамзи бўйи билан 28 метрга, миноранинг баландлиги эса 31.5 метрни ташкил этади. Хонақоҳга учта шарқона услубда кўтарилган арка орқали кирилади.

Таҳоратхона биноси ҳам шарқона услубда безатилган бўлиб, боболаримизнинг сув ишлатиш борасидаги пурҳикмат байтлари ёзилган.  Шунингдек, масжид ҳовлисида намоз сафлари тўғри олинишига ёрдам берувчи чизиқлар ётқизилган.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18).          Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқод кўринишидир. Шукрлар бўлсинки, истиқлол йилларида бу каби хайрли ишлар кўплаб амалга оширилмоқда. “Яккасарой” жоме масжиди халқимизга хос бўлган азалий анъана  ҳашар йўли билан қуриб битказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бу хайрли ишда ишда кўмакчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорчлик билдирдилар. Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари мавъиза қилди ва жума намозини ўқиб берди.

Муфтий ҳазратлари истиқлол йилларида қилинган буюк ишлар ҳақида сўзлар экан, талабалик йилларидаги шу масжид билан боғлиқ ибратли воқеаларни эсга олди. Хайр-саховатнинг фазилати ва Аллоҳнинг байтига хизмат қилишдек бахт насиб этганига шукр билдирди. Масжид қурилишида иштирок этган барча ҳашарчиларга ва шу каби хайрли ишларда доимо бош-қош бўлган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов ҳақига хайрли дуолар қилди.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар

Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

20.05.2024   14847   4 min.
Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.

Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.

Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.

Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.

Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади, дедилар”.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.

Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.

Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.

Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.

“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.

Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД