Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Март, 2026   |   14 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:55
Пешин
12:40
Аср
16:31
Шом
18:20
Хуфтон
19:31
Bismillah
03 Март, 2026, 14 Рамазон, 1447

Жонивор фидоийлиги

20.01.2017   9153   1 min.
Жонивор фидоийлиги

Бу воқеа Лондон шаҳрида бўлган. Ўт ўчирувчилардан бирининг катта ити бўлиб, уни Боб деб чақиришар эди. Боб ёнғин бўлаётган жойга кириб, ўт ичида қолиб кетган кичкина болаларни қутқаришга ўргатилган эди.

Бир куни Боб ва ўт ўчирувчилар ёнаётган уй олдига келишди. Уй аланга ичида қолган, атрофда одамлар тўпланган эди. Одамлар ичида бир аёл уй ичида икки яшар қизчаси қолиб кетганини айтиб қаттиқ йиғларди. Ўт ўчирувчилар Бобни уй ичига юборишди. Боб аланга ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин кичкина қизчани кўйлагидан тишлаб олиб чиқди. Онаси қизини кўриб жуда севинди. Бобни бағрига босиб, бошини силади. Лекин Боб яна уй ичига интилар эди. Ёнаётган уйда яна кимдир бор бўлса керак, деб ўйлаб Бобни қўйиб юборишди. Боб бир зумда олов ичида йўқолди. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳамма нафасини ютиб Бобни кутар эди. Шу пайт олов ичидан Боб отилиб чиқди. Яна бир қизчани кўйлагидан тишлаб олиб келар эди. Ҳамма болани олиш учун унга интилди. Боб яқинлашганда қарашса, у бола деб олиб чиққан нарса каттагина қўғирчоқ экан. Ҳамма кулиб юборди. Боб эса ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб одамларга қараб турарди.

Баъзан жониворларнинг фидоийлиги инсонлар учун ҳавас қиларли даражада бўлади.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бақара сураси фазилатлари

03.03.2026   745   6 min.
Бақара сураси фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони каримнинг иккинчи сураси “Бақара” деб номланиб, у Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. “Бақара” сўзи сигир маъносини билдиради. Бу сура Бақара деб номланишига сабаб шуки, ўтмишда Бани исроиллик бир киши ўлдирилганида унинг қотили топилмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсин”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради.

Сурада сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун унга Бақара деб ном берилган. У Қуръондаги энг йирик сура бўлиб, унда эътиқод, ибодат, иқтисод, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда каби масалалар билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва Бани Исроил қавми ўртасидаги можаролар ўз аксини топган.

Суранинг аввалида мўминлар, кофирлар ва мунофиқлар сифатлари ҳақида баён қилиниб, кейин инсоннинг яратилиш қиссаси, рўза, ҳаж ва умра ибодати масалалари, кўпгина ижтимоий масалалар оила, талоқ, эмизиш, идда, мушрика аёлга уйланиш ҳаромлиги, судхўрликнинг ман этилгани ва унинг оқибатлари, қарз олди-берди масалалари, қиёмат куни даҳшатлари зикр қилинади. Шунингдек, Бани Исроилнинг ўтмишда қилган макр-ҳийлалари, хиёнати, алдамчиликлари, бузуқ табиати ҳақида хабардор қилади. Суранинг охирида мўминларнинг тавба қилишга, Аллоҳга доимо тазарруда бўлишига чақириқ келади.

Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир», деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйларингизни қабрга айлантирманглар! Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. Бақара сураси Қуръоннинг саномидир. Албатта, шайтон (қайси бир) уйда Бақара сураси ўқилаётганини эшитса, (у ердан) чиқиб кетади», дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръон оятларининг саййиди Оятул Курсийдир», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидан сен ёд олган қайси оят улуғ эканини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум», дедим. Шунда у зот кўксимга уриб: «Илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин “Оятул Курсий”ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос» дедилар (Имом Насаий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Ким Бақара сурасидан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, оятул курсий ва ундан кейинги икки оят ҳамда охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди» (Имом Доримий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Олимлар ҳадисдаги “кифоя қилади”ни ушбу оятларни ўқиган инсон барча ёмонликлардан сақланиши, савоб олиши, тунни ибодат билан ўтказишига кифоя қилади деб шарҳлаганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдилар, устларида янграётган бир овозни эшитдилар. Бошларини кўтариб, бу осмондаги бир эшик бўлиб, бугун шу эшик очилди. Фақат бугун очилди, ҳамда у ердан бир фаришта тушди. Шу фаришта ер юзига бугун тушди, холос. Бундан олдин тушмаган эди. Фаришта салом бериб, икки нур башоратини бер, деди.  «Бундан олдин бирор пайғамбарга берилмаган, деди. У Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охиридир. Ундан бирор ҳарф ўқисангиз, унинг савоби берилади», деди (Имом Муслим ривояти).

Ушбу сура ҳақида Ибн Арабий: «Менинг узтозларим ушбу сура ҳақида шундай зикр қиладилар: Бу сурада мингта амр, мингта наҳий ва мингта хабар бор», деганлар.

Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: «Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади» (Имом Доримий ривояти).

Бақара сурасини мунтазам ўқиб юрган ва унга амал қилган инсон шайтон, инс ва жинларнинг ёмонлигидан, сеҳр-жодудан, ҳасад ва нафратдан, бало ва офатлардан, турли хил касалликлардан омонда бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Шунингдек, унинг юзи нурли, умри баракали, ризқи кенг, мол-дунёси зиёда бўлишига сабаб бўлади. Агар касал бўлса дардига даво топади, қиёматда шафоатчи бўлади, қиёмат куни даҳшатларидан омонда бўлади, дўзахдан эса парда бўлади. Сурани ўқиб кейин қилинган дуолар мустажобдир, чунки бу сурада Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бор. Ушбу сурани ўқиш, ўрганиш, оятларини тадаббур қилиш, унга ихлос билан амал қилиш улкан ажр, хайр ва баракадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу суранинг фазилатларига муяссар қилсин.

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.

Мақолалар