Аёл йўл четида тухум сотиб ўтирган чолдан сўради:
– Тухум неча пул?
– Донаси 2 дирҳамдан.
– 6 донасини 10 дирҳамга берасизми ёки кетаверайми?
Отахон ноилож рози бўлди. Майли, олақолинг, бугун ҳали бир дона ҳам тухум сотганим йўқ. Жуда бўлмаганда савдоимни сизга сотиш билан бошлай. Охирги пайт савдо унчалик яхши эмас, жуда кам тухум сотаяпман.
Аёл бутун бошли бойликни қўлга киритгандай 2 дирҳам арзонга олган тухумларни олиб ҳурсанд бўлиб ўзининг қимматбаҳо машинаси томон югурди...
...Аёл дугоналари билан ресторанга борди. У ерда ҳар доимгидек кўп буюртма беришди, натижада кўпгина истеъмол қилинмаган егуликлар ортиб қолди.
130 дирҳамлик чек олиб келишганда, бу аёл 150 дирҳам тўлаб қайтими керак эмаслигини айтди. Ушбу воқеа ресторан фаолиятида оддий хол, лекин тухум сотиб кун кўраётган чол учун эса оғриқли масала. Бу аёл 2 дирҳамни қизғанди, лекин деярли 150 дирҳамни кўкка совурди.
Нима учун ана шундай ўринларда савоб қилиш ўрнига, қизғанчиқлик қиламиз?! Муҳтожга беришга маблағ орттиролмаймиз, лекин орзу ҳавасга бир неча миллионлаб сарф қиламиз. Атрофдагилар бизга баҳо бериши учун ўзимизни кўрсатамиз, аслида-чи, аслида баҳони Холиқ бермайдими?!
Халқаро алоқалар бўлими
Моҳира Зуфарова
тайёрлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати