Баъзилар неъмат сўзининг маъносини тор доирада тушунишади. Улар учун орзу умидлар рўёби ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритиш: катта мол-дунё, мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш нарсаларни неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан сиҳатлик, эл-юрт тинчлиги каби инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларга бепарво қараб, гўё улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради. Зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигини ўргатганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамларнинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас, шундай экан, ушбу буюк маънавий неъматнинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени тотли сув билан қондирмаганмидим?..» деб сўрайди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани», деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, Унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўлақонли бажармоғи лозим.
Жаннатмонанд юртимиз, мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта, буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик ётади. Тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки менинг бурчим, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишлари ва фидойилик кўрсатишлари лозим.
Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гуруҳларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди.
Халқимиз бежизга дуога қўл очганда Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаровонлик тиламайди. Чунки бу неъматлар – энг олий неъматлардир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.