Маълумки, имомлик шарафли вазифа бўлиб, бундай улуғ ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, хулафои рошидинлар ва табаррук зотлар адо этишган. Бу вазифани чиройли амалга оширган ва бу йўлда қунт билан ҳаракат қилган кишилар катта ажрларга эга бўлади. Баъзи саҳобаи киромлар имомликдаги фазилатни билганлари учун Муҳаммад алайҳиссаломга: “Мени қавмимнинг имоми қилиб тайинланг”, деб айтганлар (Имом Абу Довуд).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ҳам имомлик шарафли вазифа экани ҳақида айтилади. Жумладан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши қиёмат куни қўрқувга тушмайдилар, ҳисоб-китоб қилинмайдилар, Аллоҳ бандаларни ҳисоб қилиб бўлгунча улар мушкли тепаликда бўладилар: Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у билан бир қавмга имом бўлган ҳамда улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ розилиги учун беш вақт намозга чақирган киши; ўзи ва Рабби ўртасидаги муносабатни жойига қўйган, ўзи ва хожалари муносабатини яхши қилган қул”, деб айтдилар”.
Айни пайтда унутмаслик керакки, имом-хатиблик ниҳоятда масъулиятли ишдир. Бинобарин, бу вазифадаги киши аввало Аллоҳ таоло, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номидан сўзлашини доимо ҳис этиши керак.
Имом-хатиб инсонларга панду насиҳат қилиб, уларни ҳидоятга бошлайди ва уларга тўғри йўлдан оғишмай, собитқадам юришларида кўмакчи бўлади. Динга хизмат қилиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
“Эй имон келтирганлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Имом-хатиблик вазифасида турганлар одамларни яхши амалларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар. Бунда, аввало, ўзлари бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Сўз билан амални жам қилган имом, солиҳ бандалардан ҳисобланади.
Имом-хатиблар нафақат ибодатда, балки бошқа хайрли ишларда ҳам кишилар эргашадиган ва ўрнак оладиган шахс бўлиши лозим. Зеро, бошқаларга раҳбарлик қиладиган, уларни яхшиликка буюрадиган ва одоб-ахлоққа чорлайдиган шахс, аввало, ўзи ана шу юксак хулқлар билан зийнатланган бўлиши керак.
Ҳар бир имом-хатиб минбарга чиқиб, Қуръони каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан ва уламоларнинг ҳикматли сўзларидан насиҳат қилар экан, биринчи галда ўзи ҳар бир айтаётган сўзига эътибор бериши, амал қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтганига ўзи амал қилмайдиганларни ояти каримасида бундай итоб қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ كَبُرَ مَقْتاً عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ
“Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3).
Имом-хатиблар масалаларни китобларда қандай келтирилган бўлса, одамларга шундай етказиши керак. Чунки, инсонлар уч тоифага бўлинади: оми, олим ва толиб. Имом-хатиб мана шу уч тоифа одамнинг ҳар бирига мос равишда мавъиза қила билиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизда исломий-диний ташкилотларнинг ягона бошқарув органи бўлиб, мўмин-мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Мана шу нарсани доимо ёдда сақлаш лозим. Имом-хатиблар мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги, эътиқодий бирдамлигига раҳна соладиган ёки фитна келтириб чиқарадиган нарсалардан ўзларини эҳтиёт қилишлари зарур. Жамиятда юзага келадиган ихтилофли масалаларда диний идора билан маслаҳатлашган ҳолда жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Бугун шиддат билан ўзгараётган ҳаёт талаблари борган сари ортиб, қатъийлашиб бормоқда. Мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи олдимизга янги-янги, кутилмаган масалаларни қўймоқда. Бу шиддат эса имом-домлаларни сергакликка, ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди. Шунингдек, халқимиз билан мулоқотга киришиш ва уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, муаммоларига ечим топишда астойдил ғайрат қилиш мажбурияти ҳам давримизнинг талабидир.
2017 йил Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар ҳаётида улкан тарихий воқеа содир бўлди. У ҳам бўлса, муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамулжам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларни айтиб, дин пешволари олдида турган муҳим вазифаларни баён қилиб бердилар. Ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар Давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан руҳланиб, янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга аҳд қилдилар.
Бугун хонадонларда, кўча-кўйда ёки таълим масканларида бўладими, қаерда бўлмасин, барчамизнинг келажагимиз бўлган ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, фарзандларни тўғри йўлдан чалғитадиган турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни ҳеч қачон унутмайлик. Бу борадаги бепарволик эл-юртимиз олдида, тарих ва келажак олдида хиёнат эканини англайдиган вақт келди. Бугун фаол изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган, фидоийлик ва ватанпарварлик ҳисси бўлмаган имом-хатиб ҳамда ўз ишига лоқайдлик ва бепарволик билан ёндашадиган диний ходим учун орамизда ўрин йўқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савияси ва дунёқарашини ошириб бориши зарур. Зеро, бугун имом-домлаларга “маърифат ва маънавият тарғиботчилари” дея қаралиб, хизматлари қадр топаётганини ҳар биримиз чуқур англашимиз, шунга муносиб бўлмоғимиз лозим.
Жамиятимизда иллат бўлиб турган жиноятчилик, эстремистик, ақидапараст оқимларга қўшилиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг фожиавий оқибатларини эл орасида юриб, кенг жамоатчиликка тушунтириш керак. Халқ билан мулоқот қилсак, албатта уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Муҳтарам имом-хатиблар, халқимизнинг имон-эътиқоди бутунлиги тараққиёт гаровидир. Айниқса, ҳозир бунинг аҳамияти жуда ҳам катта. Чунки ҳозирги замон, аввало, ҳамжиҳатликни, ўзаро аҳилликни талаб этмоқда. Халқимизни имон-эътиқод, адлу инсоф, меҳр-оқибатга ва эл-юрт фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилишга даъват этиш, ҳукуматимиз олиб бораётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Юқорида баён этилган ишларда барча имом-домлаларга Аллоҳ таборака ва таолонинг Ўзи мададкор бўлишини сўрайман.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Азиз меҳмонлар!
Ўзбекистоннинг қадимий ва меҳмондўст заминида илк бор ўтказилаётган Ислом цивилизацияси Халқаро форумининг очилиши муносабати билан сизларни самимий табриклайман.
Дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий маънога эга. Бу йирик халқаро тадбир жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизациясига, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиш ва эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган.
Шу маънода, 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан Ўзбекистон илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” деган концептуал ғоя оддий, аммо ўзгармас бир ҳақиқатни тасдиқлайди: бугунги нотинч ва таҳликали дунёда фақат илм-фан, таълим ва тарбия, маданият ва юксак ахлоқий қадриятларгина ер юзида тинчлик, ўзаро тушуниш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш учун ишончли пойдевор бўла олади.
Муқаддас ислом динимиз инсонни азиз ва мукаррам билиб, ҳақиқатни излашга, илм-маърифатга интилиш, илмий кашфиётлар қилишга, бунёдкор меҳнатга, таълим, санъат ва маданиятни ривожлантиришга илҳомлантириб келади.
Бутун инсониятнинг умумий бойлиги бўлган бу ноёб меросда минтақамизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ушбу бепоён ҳудуд жаҳон илм-фани, маърифат ва маънавиятининг эътироф этилган йирик марказларидан ҳисобланади. Ана шу муборак заминда асрлар давомида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, ҳадисшунослик ва бошқа кўплаб илм соҳалари юксак тараққий этган. Хусусан, улуғ ватандошларимиз – Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари мумтоз алломаларнинг бебаҳо мероси жаҳон тафаккур хазинасидан муносиб ўрин эгаллайди.
Юртимиз тарихида амалга оширилган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс деб ном олган буюк юксалиш даврларида эришилган ноёб илмий-маданий ютуқлар ҳозирги кунда ҳам инсониятни янги марралар сари руҳлантириб келмоқда. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан қатъият билан бормоқда.
Биз бу янги Уйғониш даврини илм-фан, инновациялар, замонавий таълим, жамиятнинг маънавий-интеллектуал ўсиши, бой тарихий меросимизга чуқур ҳурмат ва ҳар бир инсоннинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга асосланган янги тараққиёт босқичи сифатида кўрамиз.
Шу боис, мамлакатимизда ислом цивилизациясининг бой ва бетакрор меросини қайта тиклаш, асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу тизимли ишлар, аввало, ислом меросини чуқур тадқиқ этиш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, фундаментал илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ушбу жараёнда ислом цивилизациясининг буюк намояндалари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий-маданий мажмуаларни қайта тиклаш ва ободонлаштириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Самарқанд вилоятида буюк муҳаддис Имом Бухорий мемориал мажмуасининг қайтадан барпо этилиши нафақат мамлакатимиз, балки бутун мусулмон оламида энг йирик маънавий, илмий ва маърифий марказлардан бири сифатида эътироф этилаётгани бизни албатта қувонтиради. Азалдан буюк цивилизациялар, маданият ва динлар туташган Ўзбекистон замини бугунги кунда ҳам турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшайдиган эзгулик диёрига айланиб бормоқда. Ана шу очиқлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик анъаналари давлат сиёсатимизнинг асосий тамойилларини ташкил этиб, мамлакатимизнинг халқаро гуманитар ҳамкорлик, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш йўлидаги интилишларининг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Муқаддас Қуръони каримнинг “Иқро!” яъни “Ўқи!” деган абадий даъвати дунёдаги барча эзгу ниятли кишиларнинг бугунги ва келажак авлодлар бахт-саодатини кўзлаб амалга ошираётган олижаноб ҳаракатлари учун йўлчи юлдуз вазифасини бажаради. Орадан неча асрлар ўтганига қарамасдан, ушбу илоҳий чорловнинг теран маъно-мазмуни ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Аксинча, жадал ўзгаришлар ва технологиялар мислсиз суръатларда ривожланаётган ҳозирги даврда бу чақириқ янада баралла янграб, айнан илм-маърифат, маънавий ва интеллектуал тараққиёт жамият равнақининг ҳал қилувчи кучи эканини бутун башариятга эслатиб турибди.
Бу муборак калом Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий дарвозаси пештоқига битилган бўлиб, унинг олий мақсадини – ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини асраш ва чуқур ўрганиш, шу асосда дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдек улуғ миссиясини аниқ белгилаб беради. Биз учун мазкур Марказ халқимизнинг тарихий хотираси рамзи, буюк аждодларимиз меросига бўлган чуқур эҳтиром ифодаси, айни пайтда Янги Ўзбекистоннинг келажакка қаратилган шиддатли интилишининг ёрқин тимсолидир.
Шу билан бирга, у очиқ интеллектуал макон бўлиб, ўз ҳаётини илм-фанни ривожлантириш, умуминсоний қадриятларни асраш ва келгуси наслларга безавол етказишга бағишлаган дунёдаги барча маърифатпарвар инсонларни, олим ва тадқиқотчилар, диний арбоблар ва мутахассисларни бирлаштиришга хизмат қилади.
Эътиборлиси шундаки, Марказ қисқа вақт ичида ўтмиш билан келажакни, Шарқ билан Ғарбни, қадим анъаналар билан замонавий илмий ютуқларни ўзаро боғлайдиган интеллектуал кўприкка айланди. Шу боис, биз Ислом цивилизацияси I халқаро форумини турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар, илмий марказлар, университетлар ва музейлар, кутубхоналар ва тадқиқот институтларининг интеллектуал салоҳиятини бирлаштирувчи глобал ҳамкорликнинг янги босқичи деб баҳолаймиз ва бу борада қўшма ҳаракатлар дастури қабул қилинишига умид билдирамиз.
Ўзбекистон халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимо тайёр. Бунинг учун Ислом цивилизацияси марказида фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро форум ва конференциялар ташкил этиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда жаҳоннинг етакчи илмий ва маданий марказлари билан кенг кўламли гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Биз илм ва маърифат замонамизнинг энг буюк бирлаштирувчи кучи эканига, унинг бунёдкорлик асоси, тинчлик ва барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолишига қатъий ишонамиз ва барчангизни шу эзгу мақсад йўлида ҳамкорликка чақирамиз.
Муҳтарам дўстлар!
Сизлар форум доирасида Самарқанд ва Термиз сингари тарихий шаҳарларимизда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган анжуманларда иштирок этар экансиз, юртимизда диний-маърифий қадриятларни тиклаш ва асраш, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуман, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларимиз билан яқиндан танишасиз. Меҳнаткаш ва меҳмондўст халқимиз вакиллари билан бўладиган самимий учрашув ҳамда мулоқотлар сизларни янги илмий тадқиқотлар ва бадиий асарлар, маданий-гуманитар лойиҳалар яратишга илҳомлантиради, деб ишонаман.
Сизларни яна бир бор чин қалбдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизга ривож, форум ишига эса муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти