Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Март, 2025   |   16 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:37
Аср
16:43
Шом
18:34
Хуфтон
19:47
Bismillah
16 Март, 2025, 16 Рамазон, 1446

Абу Шакур ас-Солимий ал-Кеший – мотуридия таълимотининг буюк намояндаси

29.09.2018   5651   6 min.
Абу Шакур ас-Солимий ал-Кеший – мотуридия таълимотининг буюк намояндаси

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[1] деб, айтадилар.

Бинобарин, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[2].

Имом Абу Мансур ал-Мотуридийдан кейин мотуридия таълимотини ислом оламида кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан уламолардан бири кешлик Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саид ибн Шуайб ал-Кеший ал-Ҳанафий ас-Солимий ал-Макшифийдир.

Абу Шакур Солимийнинг ҳаёти, туғилган санаси, устоз ва шогирдлари ҳамда “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асари ҳақида биографик манбаларда маълумотлар кам учрайди. Жумладан, “Кашф аз-зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа Абу Шакур ас-Солимийнинг мазкур асари бор, дейиш билан кифояланган. Алломага ал-Кеший нисбаси туғилиб ўсган жойи қадимги Кеш (Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманлари) шаҳри билан боғлиқ бўлиб, баъзи араб тилидаги манбаларда “ал-Кашший” ёки “ал-Кассий” деб ҳам келган. “Ал-Ҳанафий” нисбаси эса, ҳанафий мазҳаби эътиқодида бўлгани туфайли берилган.

Ушбу мавзуда илмий изланишлар олиб борган турк тадқиқотчиси Умар Туркменнинг айтишича, аллома қабиласига кўра “ас-Солимий” нисбасини олган. Шунингдек, Абу Мансур ал-Мотуридий “Имомул-ҳудо (тўғри йўл раҳномаси)” унвонига сазовор бўлгани каби Абу Шакур ас-Солимий “ал-Муҳтадий (тўғри йўлда юрувчи)” номи билан танилган.

Абу Шакур ас-Солимий Мовароуннаҳрнинг қадимий Кеш воҳасида V/ХI асрнинг биринчи ярмида туғилган. Аллома ўзининг “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарида ҳижрий 470 йилларда  Шайхул-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандийдан кўпгина китобларни таҳсил олгани ва унинг ҳузурида фақиҳлик даражасига етганини зикр қилинган. Бу эса алломанинг таваллуди V/XI асрнинг биринчи ярмида бўлганини ва Самарқанд шаҳрида таълим олганини кўрсатади.

Абу Шакур ас-Солимийнинг асосий устози Шайх ал-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандий ўша даврнинг Самарқанддаги етук уламоларидан бири бўлган. Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг зикр қилишича, ўша пайтда унинг ҳовлиси  талабалар учун мадраса вазифасини ўтаган. Талабалар у ерда қироат ва ҳадис каби фанлардан таълим олишган.

Абу Бакр Муҳаммад ас-Самарқандий ҳам ўз навбатида ҳанафий уламоларнинг пешвоси аш-Шайх, ал-Имом, Рукнул-аимма, Шамсул-аимма, Абу Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний ал-Бухорийнинг (ваф. 448/1056 й.) шогирди бўлган.

Абу Шакур ас-Солимий “ат-Тамҳид” асарида калом илмига оид муҳим масалаларни баён қилган ҳамда ақлий ва нақлий далиллар асосида баҳс юритган. Ушбу китоб ўша вақтда ва кейинги асрларда аҳли сунна вал-жамоа ақоидини баён қилувчи муҳим манбалардан бири бўлиб келган.

“Ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари бизгача етиб келган. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида ҳам “ат-Тамҳид” китобининг 2638, 8736, 4604, 8160  рақамли қўлёзма нусхалари сақланади. ЎзРФА Ҳамид Сулаймонов номидаги фондда “ат-Тамҳид” асарининг 2418-рақам остида қўлёзма нусхаси сақланади, лекин унда асарнинг фақат I бобига тегишли аввалги тўртта фасл мавжуд, холос.

Европа шарқшуносларидан К.Броккельман берган маълумотга кўра, “ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма нусхалари Туркиянинг “Ашир” кутубхонасида I. 524/5, 1222-рақамлари, “Селим Оға” кутубхонасида 587-рақамли, “Шеҳид” кутубхонасида 1153-рақамли ва “Сулаймония” кутубхонасида мазкур асарнинг турли хаттотлар томонидан кўчирилган учта қўлёзма нусхалари 524, 525 ва 2167 рақамлар остида сақланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида эса “ат-Тамҳид” асарининг 27-Е, 105-Е, 140-Е, 313-Е, 560-Е рақамлари остида сақланувчи бешта тошбосма нусхалари мавжуд. Буларнинг барчаси 1326/1908-йилда Қози Мулло Муҳаммад Исо Хожа Мусавий Ризовий томонидан таҳрир қилиниб, Мулла Авлиё томонидан Самарқанд шаҳридаги “Демурф” босмахонасида нашр эттирилган. Бундан ташқари, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида 14315 рақам остида сақланаётган  битта тошбосма нусхаси 1309/1891-92-йилда Деҳли шаҳрида “Форуқий” босмахонасида чоп этилган.

Бир қанча замонавий тадқиқотчи олимлар “ат-Тамҳид” асарининг мотуридия таълимотида тутган ўрни ҳақида ўз фикрларини билдиришган. Жумладан, Европа шарқшуносларидан Клауде Жиллод бундай ёзади:

“Юқорида кўриб ўтганимиздек, Мовароуннаҳрда V/XI асрнинг иккинчи ярмига қадар калом илмига оид мукаммал асарлар мавжуд эмас эди. Айнан шу даврга келиб, Абу Шакур ас-Солимий (ҳиж. V асрнинг 2-ярмида яшаган) калом илмига бағишланган мукаммал асари “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид”ни ёзди. Бу китоб мотуридия таълимотини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшди”.

Бундан ташқари, шарқшунос олим А.Муминов Абу Шакур ас-Солимийнинг яшаган даврини V/XI-асрнинг икинчи ярмига тўғри келганини айтади. Шу билан бирга “ат-Тамҳид” асари ўша даврда асосан ўқув қўлланма сифатида истифода этилганини таъкидлаб, ўзининг докторлик диссертациясида Абу Шакур ас-Солимий ва унинг “ат-Тамҳид” асари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтади. 

Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид фи баёнит-тавҳид” асарини иккита тошбосма ва еттита қўлёзмалари асосида арабча матни ва ўзбек тилида таржимаси нашр этилди.

Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид” асари қўлёзма ва тошбосма нусхалари ислом оламининг турли ҳудудларида, хусусан, ҳанафий мазҳаби ёйилган минтақаларда кенг тарқалиши унинг мотуридий таълимоти эътиқодини баён этишда  нақадар аҳамиятли эканидан хабар беради. Бу эса ўз навбатида Абу Шакур ас-Солимий мотуридия таълимоти ривожида жуда катта ҳисса қўшганига далолат қилади.

Каломшунослик шўъбаси раҳбари

А.Муҳиддинов

 

[1] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазон рўзасини қасддан бузган одамнинг каффорати

19.03.2024   10763   3 min.
Рамазон рўзасини қасддан бузган одамнинг каффорати

Cавол: Рамазон рўзасини қасддан бузган киши каффорат тўлар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.

Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:

Бир қул озод қилиш.

Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш.

Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак. 

Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмишта фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга отмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди.

Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилган: "Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда  аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради" (“Раддул муҳтор”).

Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.

Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).

Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.

Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади (“Фатавои Ҳиндия”).

Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.