Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».
Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».
Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128),дейилган.
Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.
Катта-кичик, аҳамиятли-аҳамиятсиз демасдан ҳар бир ишда, кундалик турмушимизда ниятимизни ўнглаб иш тутишимиз керак бўлади. Масалан, кўчага чиқиш олдидан ўзингизга хушбўй атир сепмоқчи бўлдингиз. Агар бундан одамлар сиздан озорланмасликларини, балки хушбўйликдан қалблари сурурга тўлишини ният қилган бўлсангиз, ана шу ниятингиз савобга сазовордир. Борди-ю, уни бошқа ғаразли ниятда ёки кибрланиш учун сепган бўлсангиз, мукофотга эришиш тугул, гуноҳкор бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ розилиги йўлида хушбўй нарса суртса, унинг ҳиди қиёмат куни мушк-анбар ҳидидай бўлур, ким Аллоҳдан ўзганинг розилиги ниятида хушбўйланса, қиёмат куни унинг ҳиди ўлаксаникидан ҳам жирканч бўлур”.
Ниятнинг макони қалбдир. Шунинг учун амалларимиз қабул бўлиши учун қалбдан ният қилиш, ҳар бир ишни чин ихлос билан киришиш зарур бўлади. Айни пайтда ниятни тил билан изҳор этиш янада яхшидир. Ният қилинган заҳоти уни амалга ошириш лозим. Агар бошлашнинг вақтини аниқлаш қийин бўлса, имкон топилганда ният қилинади. Ҳар бир нарсага алоҳида ният қилган маъқул.
Шунинг учун мўминнинг ниятсиз амали савоб касб этмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ниятсиз бажарилган амал учун ажр йўқдир”.
Беният амал машаққатдир. Ихлоссиз ният риёдир, рўёбга чиқмаган ихлос бекордир. Сидқ ва ихлос банданинг нажот топиши учун василадир. Бу икки нарса ҳақиқатини билганидан кейин у амал билан ниятни тўғрилайди.
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир” Имом Байҳақий ривояти.
Ўтмишдаги солиҳлардан бири: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини жуда ҳам яхши кўраман. Ҳатто таом ейиш, сув ичиш, уйқуга кетишда ниятим бўлишини истайман”, деган. Ким таом тановул этишдан ибодатга қувват бўлишини, уйланишдан динини мустаҳкамлашни ва ўзини гуноҳдан тийишни ҳамда ўзидан кейин салоҳиятлик фарзанд ато этилишини ният қилса, бу ниятларига яраша савоб олади. Ҳаракатларингиз, сўзларингиздан бирор нарсани кичик, арзимаган нарса деб ҳисобламанг. Ҳисоб беришдан олдин ҳисоб-китобингизни эҳтиёт қилинг. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғриланг. Халқимизда “Ниятингни яхши қил”, деган ҳикматли сўз бор. Ўзингиздан кейин тарк этадиган нарсалар борасидаги ниятингизга ҳам эътибор беринг.
Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир ота-она етук ва комил фарзандлар тарбиялашни ҳаётдаги энг улуғ ният ва муқаддас мақсад деб билади. Бошланган “Соғлом авлод” йилида яратганнинг ўзи ана шу эзгу ният ва орзуларимизга етишишда ҳаммамизга ёру-мададкор бўлсин. Яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандалари жумласидан айласин!
А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия
«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен.
Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен»
«Авлиёларнинг авлиёси», «мутафаккирларнинг мутафаккири», «шоирларнинг султони» бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари нақадар чиройли таъриф берганлар ўз асарларида!
«Огоҳлик» cўзининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, янада кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни, бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий йўналишдаги ошкора ва яширин таҳдидларнинг хатарларидан ва «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.
Албатта, халқимиз, жумладан ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди.
Бироқ Ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини Ғарб зиёлиларининг ўзлари «Ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
«Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда».
Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!
Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю-кундуз тарқатаётган бир онда, айниқса бугун фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар, жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво, балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак...
Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.
«ЖОНСИЗ» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, телевизор... Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда.
Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда...
Бундай шаклдаги «жонсиз»тарбия:
доно халқимиз дунёқарашига ҳам,
миллатимиз менталитетига ҳам,
Қуръони карим оятларига ҳам,
Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам,
динимиз кўрсатмаларига ҳам,
шариатимиз ҳукмларига ҳам,
уламоларимиз фатволарига ҳам,
давлатимиз қонунларига ҳам,
шарқона одобларимизга ҳам,
мазҳабимиз меъёрларига ҳам,
жамиятшунослик алоқаларига ҳам,
одамгарчилик муносабатларига ҳам,
инсоний туйғуларга ҳам,
руҳшунослик сир-асрорларига ҳам,
юртимиз урф-одатларига ҳам,
ўзбекчилик қоидаларига ҳам,
маданиятимиз ахлоқларига ҳам,
инсоний ақлга ҳам,
ахлоқий нормаларга ҳам,
доно мақолларимизга ҳам,
миллий анъаналаримизга ҳам,
диний қадриятларимизга ҳам,
халқимиз онгига ҳам,
мусулмончилигимиз асосларига ҳам,
Ислом динимиз тушунчаларига ҳам
ЗИД ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАЙЛИК!!!
Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт!
Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин!
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.
2) «ЖОНЛИ» тарбия – бу:
улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари;
буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари;
меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари;
элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари;
жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар;
уйимизда фарзандларимизга ўзимиз бераётган таълим-тарбиямиз.
Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.
Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини ҳақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади.
Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «мени отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради.
Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди», деб яна қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.
Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир! Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди.
Жаноби ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси-шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!»
Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:
«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».
Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда.
Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.
Айниқса ҳозирда юртимиздаги мавжуд беҳисоб ҳамда турли фурсат ва имкониятлардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб,
ҲАР БИР ОТА, ҲАР БИР ОНА ЎЗ фарзандига:
одоб-ахлоқ намуналарини,
киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини,
бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни,
ота-онага – меҳр ва итоаткорликни,
оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни,
ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни,
қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни,
қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни,
синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни,
атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни,
ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз –
ҲАМ БУРЧИМИЗ, ҲАМ ҚАРЗИМИЗ, ҲАМ ФАРЗИМИЗДИР!!!
ХУДОНИ ОЛДИДА ҳам, БАНДАСИНИ ОЛДИДА ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА ҳам!
Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!
Кимнинг она-Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов