Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2024   |   12 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:09
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:08
Хуфтон
18:24
Bismillah
13 Ноябр, 2024, 12 Жумадул аввал, 1446

Росулуллоҳдан (с.а.в.) уч васият

23.11.2018   4752   7 min.
Росулуллоҳдан (с.а.в.) уч васият

Жобир (р.а.) айтдилар: “Росулуллоҳ (с.а.в.) бизга хутба қилдилар ва айтдилар “ Эй инсонлар! Вафот этмасингиздан аввал Аллоҳ таолога тавба қилинглар. Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар. Аллоҳ таолони кўп зикр қилишлик, Яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар. Шундай қилсангиз; ризқланасизлар, ёрдам бериласизлар ва мукофотланасизлар”. (Ибни Можа)

Ушбу ҳадиси шарифда Росулуллоҳ (с.а.в) бизни дунё ва охират ҳаёти учун зарур бўлган тўрт амалга буюрмоқдалар ҳамда ушбу амалларга бериладиган неъмат ва мукофотлардан учтасини башорат бермоқдалар.

Вафот этмасингиздан олдин тавба қилинглар”. Инсон боласи борки, хатокор ва гуноҳкордир. Чунки, инсон ожиз, нотавон. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, заифлиги сабаб хато қилади, адашади ҳамда Роббисига гуноҳ қилишда давом этаверади. Бу ҳақида Росулуллоҳ с.а.в. бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар: “ Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир”. (Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти)

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “ Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сиз гуноҳ қилмаганингизда Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур”.  (Имом Аҳмад ва Муслим)

Агар Роббимизнинг муборак Каломига эътибор берадиган бўлсак Аллоҳ таоло жудаям кўп жойларда Ўз бандаларини тавба қилишга ва истиғфор айтишга буюрди. Бирор жойда мутлоқ гуноҳ қилмасликка буюрмади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берган марҳаматидандир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг тоқати етмайдиган нарсага мукаллаф қилмаган. Мутлоқ хато қилмасликка эса инсоннинг тоқати етмайди. Аллоҳ таолонинг бизга бўлган яна бир мехрибончиликларидан бири, гуноҳкор киши учун гуноҳидан покланиши учун нихоятда кўп имкониятлар ва тил учун енгил бўлган калималарни ҳам Ўзи ўргатди. Истиғфорни биз учун нажот калимаси қилди.Ҳазрати Али (р.а.) айтдилар: “ Нажот ўзи билан бирга бўлиб туриб ҳалок бўлган кишидан ажабланаман”.  “ Нажот нима?” деб сўрашди.  Али (р.а.): “Истиғфор”, деб жавоб бердилар.

Қолаверса, истиғфор зикрларнинг энг афзалидир. Улуғларимиздан сўрашди: “ Алҳамдулиллаҳ”, “ Субҳаналлоҳ” каби зикрларни айтиш афзалми ёки “ Астағфируллоҳ” дейишми? Жавоб шу бўлдики: “ Либосингга хушбўй сепишдан олдин уни турли хил кирлардан тозалаш зарур бўлганидек, гуноҳлардан тозаланиб олиш учун аввал истиғфор айтган афзал”.

Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ (с.а.в.) ушбу ҳадиснинг энг аввалида Аллоҳ таолога тавба қилишга чақирмоқдалар.

“Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар”. Яъни, ёшлигингда гарданингга рўзғор, бола-чақа ташвиши тушмасдан , тирикчилик учун машғул бўлмасдан олдин, баданинг ва ақлинг соғломлигида, бирор беморлик ва паришонхотирлик билан машғул бўлмасингдан олдин, умринг поёнига етиб, Азроил (а.с.) ўз вазифасини адо қилиш учун келган вақтида кўзингга хеч нарса кўринмай ўзинг билан ўзинг машғул бўлиб қолишингдан олдин савобли ишларга шошил. Охиратда сени Роббингнинг азобидан қутқарадиган, жаннатларга киритадиган, даражотинг юқори бўладиган ва яқинларинг учун ҳам шафоатчи бўлишингга кифоя қиладиган хайрли ва солиҳ амалларни Аллоҳ учун холисона ва кўпроқ қилиб қол. Ҳамда яқинларинг ва бошқа инсонларни ҳам бу ишларга чақир. Чунки Аллоҳ таоло: “ Бас, яхши ишларга шошилингиз”, (Бақара,148) деган. Бошқа бир оятда эса Роббимиз: “ Аср билан қасам. Албатта инсон хусрондадир. Илло, иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)”. (Аср, 1.2.3.) Яъни, қиёмат куни мана шу тўрт тоифа кишилардан ташқари ҳамма бу дунёда  ўтказган умри учун, беҳуда сарфланган меҳнати учун афсус, хасрат  ва надоматда бўлади.

“Аллоҳ таолони кўп зикр қилишлик, Яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар”.  Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кўзланган  энг асосий  мақсад ҳам у Зотни эслаш ва зикр қилишдир. Ибодатларнинг энг улуғларидан бўлган намоз ҳақида  Аллоҳ таоло: “ Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”, (Тоҳа,14) деган.  Анкабут сурасининг 45-оятида: “ Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир”, дея, Жумъа сурасининг 10-оятида эса: “ Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топсангизлар”, деб марҳамат қилган.  

Садақада эса, жудаям кўп  мақталган хислатлар бор. Булардан дунёда: молни харомдан  ва баданни гуноҳлардан поклаш, касаллик ва балоларни даф қилиш, мискинларга хурсандчилик улашиш, ризқнинг кенг ва молнинг баракали бўлиши бор. Охиратда эса: Қаттиқ иссиқдан соя, ҳисобнинг енгил бўлиши,тарозида амалларнинг оғир бўлиши, сирот кўприкдан ўтишга рухсатнома ва жаннатдаги даражаларни юқори бўлишлиги бор. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз (р.а.) айтадилар: “ Намоз сени йўлнинг ярмига етказиб қўяди. Рўза оламлар подшоҳи хузурига етказади. Садақа эса У Зотнинг хузурига олиб киради”.

Аллоҳ таоло айтади: “ Садақани ошкора қилсангиз , қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз , бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”. (Бақара,271)

Муфассирларимиз  ошкора садақадан мурод, Аллоҳ беришликни фарз қилган закот, фитр каби молиявий ибодатлардир, яшириндан мурод эса, банда ўз ихтиёри билан берадиган нафл садақалардир, деганлар.

Демак, Росулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисдаги ушбу гапларини, Аллоҳ сизларга фарз қилган садақаларни  ва қўшимча нафл садақаларни мунтазам бериш билан Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, У Зотнинг суюкли бандалари сафига қўшилиб қолинглар, дея тушуниш керак.

Агар шундай қилсангиз, бу дунёда хотиржам хаёт ва баракали умр билан, покиза ризқ ва солиҳ-солиҳа зурриётлар билан ризқланасиз.

Нафс ва шайтон номли икки душманга қарши, фақирлик ва бахиллик каби хислатларга қарши курашда, Аллоҳ таолони розилигини топиш учун қилаётган харакатларингизда ёрдам бериласизлар.

Ва охиратда Аллоҳ таолонинг тақводор бандалари учун тайёрлаб қўйган жаннатдаги мукофотлари ҳамда энг олий мукофот бўлган Аллоҳнинг дийдорини кўришлик бахти билан мукофотланасизлар.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек    

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ўзбекистон – бағрикенг диёр" номли фотокўргазма ўтказилди

12.11.2024   4032   1 min.

Бағрикенглик ҳафталиги доирасида 12 ноябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида "Ўзбекистон - бағрикенг диёр" номли фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.


Ушбу кўргазмада 60 дан ортиқ фотоасарлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилган бўлиб, унда Ўзбекистонда мавжуд йирик диний конфессиялар раҳбарларининг ўзаро дўстона алоқаларини, мамлакатимиздаги турли диний ташкилотлар, ибодатхоналар, уларнинг эмин-эркин фаолиятини, байрам ва тантаналар, диний урф-одатларни намойиш этувчи фотосуратлар жамланган. 


Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан томошабинлар диққатига ҳавола этилаётган фотоасарларда юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик акс эттирилгани ҳақида сўз юритилиди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати