Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Барча ишлар селфи қилиняпти. Ибодат қилиш, овқатланиш, соқол қўйиш, соқол олиш, оиласи билан ўтириш, улфатлар билан ўтириш, бозорда юриш, аэропортда юриш, пахта даласида юриш...
*****
ИСТИҒФОР (АСТАҒФИРУЛЛОҲ)
Инсонларнинг гултожи, Пайғамбарларнинг имоми, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот кунига юз марта истиғфор айтганларидан кейин мен ким бўлибманки, истиғфор айтмасам!
Нимамга кериламан?!
Қайси гуноҳларим кечирилгани хабар қилинди?!
Шундай экан, кунига юз марта эмас, беш юз марта, минг марта истиғфор айтишим керак!
*****
Чуқур ерда сув кўпроқ ўрнашганидек, илм талабида тавозеъли кишида илм кўпроқ ўрнашади.
«Ал-калимут тоййиб»
*****
Таслим бўлай-бўлай деганингда, банкрот бўлиб, муваффақиятсизликка учрашингни кўриш орзусида турганлар ҳам борлигини эсла!
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Қалбингни уч ўринда қидир:
Агар ушбу ўринларда қалбингни топмасанг, Аллоҳдан сенга қалб ато этишини сўра! Чунки, сенда қалб йўқ экан.
«Ал-калимут тоййиб»
*****
Солиҳ мўминнинг қўлидаги солиҳ мол
Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор, ҳалол, тақволи, пулдор, бировга муҳтож бўлмайдиган, фақир диндошларига моддий кўмак берадиган, айниқса, маҳалладошларининг меҳрини қозонган, мусулмонлар учун иш ўринлари ҳосил қилишга интиладиган, янгиликлар, қулайликлар ҳосил қилишга уринадиган мусулмон қандоқ яхши!
*****
Борлигингда сени қадрламайдиган инсонга йўқлигинг оғриқли бўлмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Қаноат ва тамаъ бойлик ва фақирлик демакдир. Кўп фақирлар бор, сендан бойроқдир. Кўп бойлар бор, сендан фақирроқдир.
Мустафо Сибоий
*****
Ёмон хулқ кўплаб яхшиликларни ёпиб турганидек, гўзал хулқ кўплаб ёмонликларни ёпиб туради.
Мустафо Сибоий
*****
Гап дори кабидир.
Агар уни озайтирилса, фойда беради.
Агар уни кўпайтириб юборилса, ўлдиради.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Аристотел Сократ Онассис 1906 йил таваллуд топган. Кемасозлик бизнеси билан шуғулланган, биринчи бўлиб супертанкерларни қуришни бошлаган грециялик халқаро тадбиркор.
Онассис 25 ёшида миллионер бўлган. Икки нафар фарзанднинг отаси эди. Ўғли 24 ёшида самолёт ҳалокатида, қизи эса 37 ёшида вафот этган.
1974 йилда 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармояга эга миллиардер Онассис миастения гравис (myasthenia gravis) яъни мускулларнинг тез толиқиши билан кечувчи сурункали аутоиммун касаллигига чалинади.
Мускулларини ўзи мустақил равишда ишлата олмас, ҳатто кўзларининг юқори қовоғини ҳам кўтара олмасди. Касаллик сабабли нафас олишда иштирок этувчи мускуллар зарарланиб, Онассис нафас олишга қийналиб, бўғилиб қоларди. 1975 йил нафас этишмовчилиги туфайли 69 ёшида вафот этди.
Вафотидан олдин миллиардердан орзуси ҳақида сўрашганда “Энг катта орзуим – бир марта бўлса ҳам кўзимни очиб-юмишни хоҳлайман, бунинг учун бор бойлигимни бераман” деб жавоб беради.
Бир маротаба кўзни очиб-юмишнинг неъмат эканини афсуски яхши англамаймиз, унинг қадрига етмаймиз. Аллоҳнинг берган неъматлари беминнат ва беҳисобдир, уларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексалигинг олдидан ёшлигингни, касаллигинг олдидан саломатлигингни, камбағаллигинг олдидан бойлигингни, машғуллигинг одидан бўшлигингни, ўлиминг олдидан ҳаётингни”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳақиқий шукр – Аллоҳ берган неъматни У ҳаром қилган ишларга ишлатмасликдир”.
Аллоҳим берган неъматларингдан Ўзинг рози бўладиган амалларга фойдаланишимизга тавфиқ бергин.
Даврон НУРМУҲАММАД