Аллоҳни бор деб эътиқод қилувчи ҳар бир мусулмон маърифат ҳосил қилиши, яъни У зотни яхши таниши ҳам керак. Бу маърифатга эришиш йўллари кўп бўлиб, улардан бири У зотнинг гўзал исмлари ва сифатларини билиш ҳисобланади.
Ҳаёт сифати Аллоҳ таолонинг қадимий ва боқий бўлган зотий сифатларидан биридир. У зот ўзининг азалий ва абадий сифати бўлган ҳаёт сифати билан абадий тирикдир. Бу ҳақида У Зотнинг Ўзи шундай хабар берган:
اللَّهُ لاَ الَهَ الاَّ هُوَ الحَيٌ القَيُومُ
“Аллоҳ, - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Тирик ва Абадий Тургувчидир”. (Бақара сурасидир. ужудга келтириш ва булардан бошқа феълий сифатлар.н бор б, 255-оят.)
وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوت
“Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил”. (Фурқон сураси-58-оят.)
Яъни, Аллоҳ таоло тирикдир, тириклиги ўлим ила йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг тириклиги азалий, яъни олдин йўқ бўлиб кейин пайдо бўлмаган, балки ўз-ўзидан бўлувчидир, шунингдек, бирор пайдо қилувчига муҳтож эмас, тирикликни бошқа зотдан олмаган. Аллоҳ ҳаётнинг манбаидир. У барча жонзотларга ҳаёт ато этувчидир. Унинг Ўзи эса ҳаётнинг мукаммал суратига эга. Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандаларнинг ҳаётига ўхшамаган.
Махлуқотларда ҳам тириклик сифати мавжуд, аммо бу сифат уларда ўлим билан йўқ бўлади. Махлуқотлар тирик бўлишида Аллоҳга муҳтож, ўз-ўзларидан тирик бўла олмайдилар, улардаги ҳаёт сифати кейин пайдо бўлган ва фонийликка юз тутади. Махлуқотларнинг барчалари абадий барҳаёт эмаслар.
Ҳаёт сифати бошқа сифатларнинг собит бўлишига олиб боради. Агар ҳаёт сифати бўлмаганида, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари ҳам бўлмас эди. Аллоҳнинг илм, қудрат, ирода каби сифатлари ҳаёт сифати борлигига далолат қилади. Бунга ушбу оят далил бўлади:
اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
“Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат(шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракот соҳибидир.” (Ғофир сураси, 64-оят)
هُوَ الْحَيُّ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ
“У ҳамиша Барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир.” (Ғофир сураси, 64-оят.)
Аллоҳ таоло аввалги оятда Ўзининг яратувчи эканлигини зикр қилиш билан бошлади. Аллоҳ таоло ерни инсонлар унда қарор топиб яшашлари учун кенг, катта, тўшак каби қулай ҳолда яратиб, инсонларга бўйсундириб қўйгани, ундан анҳорларни оқизиб, турли мева ва ўсимликларни чиқаргани, осмонни устунсиз шифт каби бино қилганини баён этди. Сўнг инсонлар ўзларининг қандай яратилганликларига назар солиб, Аллоҳнинг комил қудрати ва ҳикматини тафаккур қилишларига чорлади. Улар ўзлари дастлаб ўлик нутфа ҳолатида бўлганлиги, Аллоҳ уларни мустаҳкам маконда қарор топтириб босқичма-босқич, ота-онасининг ҳеч қандай аралашувисиз гўзал суратда яратганини биладилар. Албатта, бу суратни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг рубубият, қудрат ва ҳикмат соҳиби эканлигига далил бўлади. Сўнг яна бир улуғ неъмат – покиза нарсалар билан ризқ берганини баён қилди. Инсонларнинг Роббиси, яратувчиси, уларга ризқ берувчиси ҳам, тадбирини қилувчи ҳам Унинг ўзи эканини зикр этди. Сўнг “У ҳамиша Барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир” дея, юқорида баён қилинган барча ишлар тириклик сифатига эга бўлган зотдангина содир бўлиши айтилди.
Демак, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари собитлиги ҳаёт сифати билан экан. Кимки, бу ишларни тирик бўлмаган зотга нисбат берса ақллилар қаторидан жой ололмайди. Бундай ишларга қодир бўлган Зот – Аллоҳ ҳаёт-тириклик сифати билан сифатлангандир. Ҳаёт сифати барча сифатлар каби комил сифат бўлиб, бошқа барча сифатларни ўз ичига қамраб олган, унинг ҳақиқатини билиб бўлмайди. Унинг кайфияти ҳақида бахс юритмасдан иймон келтирилаверади.
Аллоҳ талонинг ушбу сифат ила дуо қилишликнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган бўлиб, қуйида уларнинг бир нечтаси билан танишиб чиқамиз.
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ يَزِيدَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اسْمُ اللهِ الأَعْظَمُ فِي هَاتَيْنِ الآيَتَيْنِ }وَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ وَفَاتِحَةِ سُورَةِ آلِ عِمْرَانَ }الم اللهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ
Асма бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳийм бўлмиш, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва қаййум Зотдир» оятидадир», дедилар».
Бу икки ояти каримада Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Улар орасида “ал-Ҳайй” – “тирик” исми ҳам санаб ўтилди. Аммо улардан қайси бири исми аъзам эканига аниқ ишора йўқ.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنَّهُ كَانَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا فِى الْمَسْجِدِ وَرَجُلٌ يُصَلِّي ثُمَّ دَعَا: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الْمَنَّانُ بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ يَا ذَا الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَقَدْ دَعَا اللهَ بِاسْمِهِ الْعَظِيمِ الَّذِي إِذَا دُعِيَ بِهِ أَجَابَ وَإِذَا سُئِلَ بِهِ أَعْطَىَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз ўқирди. Сўнгра у:
«Аллоҳим! Мен Сенга ҳамд бўлгани учун, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ бўлгани учун, Маннон, осмонлару ерни тенги йўқ қилиб яратувчи, жалол ва икром соҳиби бўлганинг учун Сендан сўрайман. Эй Ҳайй, эй Қайюм!» деб дуо қилди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, у Аллоҳга дуо қилса ижобат қиладиган, сўраса берадиган Исми Аъзами ила дуо қилди», дедилар».
Ҳаким ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: “Менга бир кишининг асирга тушганлиги, уни бир қудуққа ташлаб, қудуқ оғзини катта тош билан ёпиб қўйилганлиги, унга: “Субҳаналлоҳил Маликил Ҳаййил Ҳаққил Қуддус. Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни айтишлиги зикр қилинганда бу калималарни айтиб, қудуқдан ҳеч кимнинг ёрдамисиз чиқиб кетганлиги ҳақида хабар берилди.”
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : مَنِ اسْتَغْفَرَ الله فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاَةٍ ثَلاَثَ مرارٍ فَقَالَ : أَسْتَغْفِرُ الله الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ ، غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبَهُ وَإِنْ كَانَ فَرَّ مِنَ الزَّحْفِ.
Бароа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар бир намозидан кейин уч маротаба “Астағфируллоҳаллази ла илаҳа илла ҳувал Ҳаййул Қоййум ва атубу илайҳи”, деб айтса, унинг гуноҳлари кечирилади, гарчи урушдан қочган бўлса ҳам.” дедилар.” Бошқа бир ривоятда “гарчи гуноҳи денгиз кўпигича бўлса ҳам” дейилган.
Яна اللهُ لا إِلَهَ إِلا هُوَ الحي القيوم деб, бошланадиган Бақара сурасининг “Оятул курси” деб номланувчи ояти ҳам Аллоҳнинг тириклик сифатига далил бўлиб, бу оятнинг фазилати ҳаммага маълум ва машҳур. Бу оят уйда ўқилса, шайтон ҳам, бошқаси ҳам яқин кела олмаслиги, кечада ўқилса тонггача, тонгда ўқилса кечгача муҳофаза қилиниши ҳамда бу оят Қуръон оятларининг саййидаси эканлиги ҳадиси шарифларда зикр қилинган.
Мухамедходжаева Санобар.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти мударрисаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Моида сураси Қуръони Каримнинг бешинчи сураси бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, бир юз йигирма оятдан иборат. «Моида» сўзининг маъноси «дастурхон»дир. Сурада Исо алайҳиссаломдан унинг энг яқин сафдошлари осмондан моида, яъни ясатилган дастурхон тушириб беришни сўрайдилар. Ундан овқатланиш ва башорат олишни мақсад қиладилар. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни қўллаб-қувватлаш ва у зотнинг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун ҳаворийлар талаб қилган моидани туширди. Сурада моида тўғрисида тўртта оят келгани сабабли унга шу ном берилган.
Суранинг иккинчи номи “Уҳууд” (шартнома, аҳдномалар)дир. Сурада инсоннинг Робби билан қилган аҳдномаси, шахсий ва жамоавий аҳднома ва шартномалар, ҳақида баён қилинади. Шунингдек, уларда аҳдга вафо қилиш, адолатли бўлиш ва уларга амал қилиш лозимлиги таъкидланади.
Сурада “Эй, имон келтирганлар!...” деган нидо ўн олти бор келган бўлиб, ҳар бир нидодан кейин келган маънолар ўзига хос шартномага айланган.
Сурада тавҳид, шаръий ҳукмлар, ҳалол ва ҳаром нарсалар, жонлиқларни сўйиш масаласи, ҳаж ва умра вақтида эҳромда ов қилиш ҳукми ва унинг каффароти, таҳорат, ғусл, таяммум, никоҳ, аҳдга вафо қилиш, ҳукмда адолатли бўлиш, одил гувоҳ бўлиш, ҳар бир ҳолатда адолатли бўлиш, жиноят ва жазо масаласи, хамр ва қимор ҳаромлиги, ўғрилик ҳукмлари, қасамнинг каффорати, васият ҳақида, ибрат олиш учун пайғамбарлар қиссаси, Қобил ва Ҳобил қиссаси ва бошқалар баён этилади.
Ислом шариатида инсон ҳаёти учун зарур бўлган асосий мақсад ва тамойиллар бўлган жон ҳимояси, дин ҳимояси, инсон ақлининг ҳимояси, насл ва шаън ҳимояси, мол ҳимоясига асосий эътибор қаратилади. Муфассир уламолар сурага “Ислом шариатидаги мақсад ва тамойилларнинг барчаси Моида сурасида жамланган” деб таъриф беришади.
Бу сура энг охирги нозил бўлган суралардан бири бўлиб, унда жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашиш ҳажида Моида сурасини ўқидилар ва шундай дедилар: “Албатта, Моида сураси энг кейин нозил бўлган сурадир. Бас, ушбу сурада ҳалол дейилган нарсаларни ҳалол деб билинглар, ҳаром қилинган нарсаларни ҳаром деб билинглар”.
Шунингдек, ушбу сурада Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг! Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир” (2-оят).
Ушбу оят бизнинг фаолиятимиздаги асосий мақсад бўлиши лозим, оятда барча мўмин ва мўминаларга ҳамкорлик ишларида амал қилиши лозим бўлган асосий қоида баён қилинмоқда.
“Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тўкис қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (3-оят).
Ушбу сура нозил бўлиши орқали Ислом дини бенуқсон ва баркамол бўлгани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса то қиёмат кунига қадар барча инсон ва жинларга пайғамбар қилиб юборилгани, Аллоҳ таоло инсониятни амал қилиши учун фақат битта динни – Исломни туширгани алоҳида таъкидланади.
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (16-оят).
Уламолар инсон тинч ва осойишта ҳаёт кечиришни истаса ушбу оятни мунтазам ўқиб юришини тавсия қиладилар, чунки чинакам мўмин инсон тинчлик ва хотиржамликни, Аллоҳ таолонинг розилигини Қуръони каримни ўрганиш ва унга амал қилиш орқали топади.
“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (32-оят).
Ушбу оятда бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Битта жонни ҳаётини сақлаб қолиш эса бутун инсониятни сақлаб қолган билан тенгдир.
“Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (87-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқариш мумкин эмаслиги, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишлик эса куфр эканлиги, банда ҳаддидан ошиши эса катта гуноҳлардан бири эканлиги баён қилинмоқда.
“Эй имон келтирганлар, хамр, қимор, бутлар ҳамда қуръа чўплари шайтон ишидан бўлган ифлосликлардир, нажот топиш учун булардан четланинглар! Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга душманлик ва адоват солиш, сизларни Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларми?” (90-91-оятлар).
Хамр ва қиморнинг оила, жамият ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари жуда ҳам кўп бўлиб, одамлар ўртасида ўзаро адоват ва нафратни кўпайишига, бир-бирларини ёмон кўриб қолишига сабаб бўлади. Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик, тартибсизлик келиб чиқади. Ичкилик оилаларнинг бузилишига, яқин инсонларни бир-бирига душман бўлиб қолишига, жамиятда адоват ва ҳасадни кўпайишига олиб келади. Қимор ҳам инсонларни тубанликка, бировни ҳаққига риоя қилмасликка, зулмкорлик, қотилликка ундайди. Аллоҳ таало ушбу амаллар ифлос, қабих, энг разил амал эканини таъкидлаб, инсонларни бундай жирканч амаллардан қайтармоқда.
Ушбу сура фазилати ҳақида ҳадисларда қуйидагилар баён этилган:
Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир” (Имом Аҳмад ва имом Ҳоким ривояти).
Мужоҳид ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркакларингизга Моида сурасини ўргатинглар! Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар!” дедилар” (Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир ва Байҳақий ривоят қилган).
Сурада жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга кенг тарғиб қилинади. Сурани ўқиш, тафсирини ўрганиш, уларга ҳаётимизда амал қилиш орқали суранинг улуғ фазилатларига эга бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.
“Тафсири Ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим мухтасар тафсири”,
“Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” ва бошқа манабалар асосида
Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.