Умавийлар даврида Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг улуғ саҳобийларидан, ашараи мубашшаралардан бири, Саид ибн Зайд билан Мадина аҳли уни узоқ вақт гапириб юрадиган ҳодиса содир бўлди. Арво бинти Увайс Саид ибн Зайд унинг ерини бир қисмини босиб олиб ўзининг ерига қўшиб олди деб даъво қилди. Аёл гапини мусулмонлар орасида тинмай қайтарар ва ҳаммага айтиб берар эди. Сўнгра ишини Мадинаи мунаввара волийси Марвон ибн Ҳакамга олиб чиқди. Марвон бу ҳақида гаплашиш учун Саид ибн Зайднинг олдига бир қанча одамларни юборди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳобасига бу иш жуда оғир ботди ва уларга шундай деди: “Мени у аёлга зулм қилаяпди деб ўйлаяпсизларми !! Қандай қилиб унга зулм қиламан ?! Ахир мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа, қиёмат куни бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб осилади” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ у аёл мени унга зулм қилди деб даъво қилаяпди. Агар ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва уни мен билан талашаётган ердаги қудуғига улоқтиргин. Мен унга зулм қилмаганимни мусулмонларга баён қиладиган ҳужжатни зоҳир қилгин”.
Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида олдин унинг мисли кузатилмаган кучли сел оқди. Сел иккаласи ихтилоф қилаётган чегарани очиб ташлади. Шунда барча мусулмонларга Саид ибн Зайдни ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерини айланиб юрганида қудиғига йиқилди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан уришиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин” деганини эшитар эдик.
Буни ҳеч ажабланарли жойи ҳам йўқ. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ” дер эдилар. Агар бу мазлум тириклигида жаннат башоратини олган ўнта саҳобийдан бири Саид ибн Зайд бўлсачи ?! [1]
Манбалар асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби
А. Собиров.
[1] Доктор Абдурроҳман Раьфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 233-239-бет
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ўтказилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Марказ нашрларининг бадиий безаклари ва тарихий мазмунидан катта таассурот олганини билдириб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик Маҳмудхўжа Беҳбудий меросига бағишланган адабий учрашувлар орқали аввалроқ бошланганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимот тадбири икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликнинг яна бир мулоқот майдонига айланди.
Тадбир доирасида Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Ўзбекистон билан аввалдан йўлга қўйилган адабий алоқалар, мамлакатга амалга оширилган маданий сафар ва Ислом цивилизацияси маркази нашрлари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Ҳалима ал-Балуший, Ўмон Султонлиги Маданий мутолаа уйи («Байт ал-Қироа ас-Сақофий») раҳбари
Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз бугун бошлангани йўқ. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Масқатдаги элчихонасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги китоблардан бирининг муҳокамасини ташкил этган эдик. Бу жуда мазмунли ва самарали мулоқот бўлган. Тадбир Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси жаноблари мезбонлигида ўтказилган эди.
Шундан сўнг икки мамлакат элчихоналари — Ўзбекистоннинг Масқатдаги ва Ўмоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорлик ва келишув асосида Маданий мутолаа уйи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга қарор қилдик.
Бу ташриф ташкилотимиз амалга оширган энг ажойиб сафарлардан бири бўлди. Унда биз Ўзбекистоннинг бой маданияти билан яқиндан танишдик. Таассуротларимиз ниҳоятда ҳайратланарли бўлди. Аъзоларимиз Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини жуда яхши кўриб қолишди. Биз учта шаҳарда бўлдик ва уларнинг ҳар бири бизга аввалгисидан ҳам гўзалроқ туюлди.
Айрим жойлар Ўмоннинг баъзи шаҳарларига жуда ўхшаш экани ҳам эътиборимизни тортди. Айниқса, Бухородаги қадимий тарихий масканлар, тор кўчалар, эски уйлар, деразалар ва анъанавий меъморий иншоотлар бизга ўзгача таассурот бағишлади.
Сафар иштирокчилари Ўзбекистоннинг улкан маданий бойликларга, қадимий Ислом цивилизацияси ва юксак тарихий меросга эга мамлакат эканини чуқур ҳис этдилар. Бу жиҳатлар икки мамлакат маданияти ўртасидаги яқинлик ва муштаракликни янада яққол намоён этди.
Ҳатто айрим аъзоларимиз Тошкентдан уй сотиб олиш истагини ҳам билдиришди. Улар Ўзбекистонга тез-тез бориб туришни хоҳлашмоқда. Ўзбек таомлари уларга жуда-жуда ёқди. Ўзбекистон бозорлари, уйлари, саройлари, тарихий ёдгорликлари, шаҳарлари ва табиати — мамлакатга хос барча жиҳатлар уларни мафтун этди.
Ислом цивилизацияси марказига келадиган бўлсак, биз Ўзбекистонга ташриф буюрган пайтимизда Марказ ҳали очилмаган эди. Аммо у ҳақида эшитган эдик ва уни кўришни жуда истаганмиз. Бизга марказ кейинроқ очилиши ҳақида маълум қилишган эди.
Мана, бугун эса Ислом цивилизацияси марказининг очилиши муносабати билан ушбу масжиднинг муҳташам залида турибмиз. Бизни таклиф этишгани ва ушбу гўзал кўргазмани томоша қилиш имконияти яратилганидан жуда хурсандмиз.
Очиғини айтсам, марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Китоб муқоваларининг ранглари, уларнинг безаклари, китоблар ичидаги гўзал манзаралар ва тарихий обидалар тасвири менда катта таассурот қолдирди.
Масқатдаги тақдимот Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолияти ва нашрларини хорижий жамоатчиликка таништириш билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида аввалдан шаклланган адабий-маданий алоқаларнинг давомийлигини ҳам намоён этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати