Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ан-Нўъмон ибн Собит ибн Зутий ал-Кўфий (80-150/699-767) таниқли фақиҳ бўлиб, отасининг номи баъзи манбаларда Собит эмас, ан-Нўъмон, бобосининг номи эса ал-Марзбон экани қайд этилган. Абу Ҳанифа ҳазратларининг бобоси асли Кобулдан бўлиб, Термиз, Насо, Анбор ва Бобил шаҳарларида ҳам бир муддат яшаган, кейинчалик Кўфада ўрнашиб қолган эди. У зотнинг туғилган йили ҳақида кўпроқ 80/699 айтилса-да, 61/680 ва 70/689 саналари ҳам кўрсатилади. Зоҳид ал-Кавсарий 70 ҳижрий санада туғилганини тўғри деса, Абу Заҳра уни рад қилиб, 80 ҳижрий тўғри деб ҳисоблайди. Барча манбаларда Умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) даврида дунёга келгани зикр этилган.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг саҳобалар даврида туғилганига шубҳа йўқ. Кўпгина муҳаддис ва муаррихлар унинг бир неча саҳобалар билан учрашганини қайд қилганлар. У зот учрашган саҳобалар борасида ҳар хил фикрлар бўлса-да, лекин машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан учрашгани ҳақида барча манбалар маълумот беради. Шундай бўлса-да, баъзилар У зотни тобиъий эмас, балки табъа тобиъий эканини айтганлар. Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг туғилган санасининг аниқ белгиланмагани билан боғлиқ. Шамсиддин аз-Заҳабий табъа тобиъий дейдиганларнинг гапини рад қилиб, тобиъий бўлганини исботлашга ҳаракат қилган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ устозларининг сонини 4 минг нафарга етади дейилса-да, бироқ, асосий илмни Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ал-Кўфий олдида олганлар. Устозларининг олдига 22 ёшида бориб, 18 йил давомида шогирдликка тушган. Устози вафотидан сўнг 40 ёшларида устози ўрнига фатво бера бошлаган. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ илм талабида Басра, Бағдод, Маккага бир неча марта сафар қилган. Унинг устозлари орасида саҳобалар, тобиъинлар ва табъа тобиъинлар бор эди.
130/747 йилларда Ироқ волийси фақиҳлардан айримларини давлат ишларига жалб қилади. Улар орасида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам бор эди. Қози бўлишга кўнмаган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бир неча йиллар Маккага бориб яшаган. Аббосий халифа Абу Жаъфар Мансур даврида унга яна қозилик вазифаси топширилмоқчи бўлади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қабул қилмайди, натижада у киши ҳибс қилинади ва дарра урилади. Шундай қилиб, 150/767 ражаб (шаввол ёки шаъбон) ойида Бағдод зиндонида вафот этади.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг даврида китоб ёзиш, рисолалар битиш ҳали кенг тус олмаганди, шунинг учун у зот умрини шогирдларга таълим бериш ва фиқҳ ўргатишга сарфлаган. У зотнинг ақида – каломга бағишланган матн рисоласи “ал-Фиқҳ ал-акбар” (Катта фиқҳ), баъзи шогирдларига қилган васият (насиҳат)лари, Усмон ал-Баттий (VIII аср)га ёзган мактуби сақланиб қолган. Яна бир қанча ақидага оид китоблар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинади. У зотнинг дарслари давомида ривоят қилган ҳадислари асосида бир неча муснадлар тузилган. Фиқҳ борасида биронта асар ёзмаган бўлса-да, лекин фиқҳ илмини шакллантирган, уни боб ва мавзуларга ажратган илк фақиҳ сифатида тарихда қолган. У зот фиқҳни оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтиш борасида фаол ташкилотчи бўлган фақиҳлардан бўлган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.
Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.
“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.
Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.
Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.
Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.
Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.
“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.
Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси