Ҳар-қандай жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка, бахт-саодатга етаклайдиган омиллар бўлиши билан бир қаторда, шу жамиятни парокандаликка, мавжуд фаровонликнинг кўтарилишига, бахтсизликка олиб келадиган сабаблар ҳам мавжуддир. Ана шундай мусулмонлар жамиятига зарарли бўлган иллатлардан бири бу- оилаларнинг ажралишидир.
Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз борар экан, албатта бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатларни ҳисобга олиб, қуйида келадиган асосий омиллар эътиборидан сўз юритилади.
1.Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида илмнинг етишмаслиги.
Бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги, тўғрисини айтганда, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин-куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш йўлга қўйилиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли, шаръий таълимотлар эмас, балки кўча-кўйда эшитган асоссиз маслаҳатлар қолади. Ваҳолангки ҳар бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш лозимдир. Мисол учун, тижоратчи савдо-сотиқ илмини, ота-она фарзанд олдидаги шаръий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, эр хотини олдидаги ва хотин, эр олдидаги вазифаларини ўрганиши фарздур. Чунки:
عن أنس بْنِ مَالِكٍ قَالَ :عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم أنه قالَ : طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ
.رواه ابن ماجه ( 224 )
Анас ибни Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздур”, дедилар”. Ибни Можжа ривояти.
Яъни, ушбу ҳадисдан ҳамманинг зиммасида ҳамма илмларни ўрганиш борлиги тушунилмайди, чунки бунга банданинг тоқати етмайди, шариъат эса бандага тоқатидан зиёда нарсани юкламайди. Демак, ҳар-бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш фарздур.
Жамиятимизда келин куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажм ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур.
Албатта, оилани қуриш, у қай тарзда амалга оширилиши, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш, ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг асл негизи ўша таълимотлардан бехабарлик ёки уларга амал қилмасликдир.
Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қарашимиз ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда боўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларни унутиб қўймаслигимиз зарур.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.
2. Аксирганда овозини пасайтириш.
Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.
Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД