Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга жуда кўплаб неъматларни ато қилдики, токи одам боласи ер юзида ҳаёт кечириши мобайнида ўзига манфаат берадиган нарсалардан фойдалансин. Шу билан бирга ўзи ва бошқаларга зарар бўлишига сабаб бўладиган ишлардан сақланиши керак бўлган амалларни ҳам инсонга билдирди. Шундай гўзал фазилатлардан бири фақатгина инсонга берилган нарса бу тил неъматидир. Инсон бу тил орқали ўзини номаи аъмолига бу дунёда ва охиратда ҳам фойда берадиган улкан савобларни қўлга киритиши ёки аксинча ўзи ҳамда бошқа инсонларга ҳам фойдасиз сўзларни сўзлаши билан охиратда надомат ва хасратда қолиши мумкин. Бугунги кўнимизда кўплаб инсонларда учраб турадиган иллатлардан бири гапираётган вақтида беҳуда гап-сўзлар билан ўзининг бебаҳо умрини фойдасиз ишлар билан ўтказаётганини гувоҳи бўламиз. Нафақат ўзларини, балки суҳбатдошларини ҳам вақтини олиб унга кераги бўлмаган сўзларни гапираётганларини кўришимиз мумкин. Аслида нима учун Ислом дини ва бизнинг миллий қадриятларимизда инсон бекорчи сўзлардан ўзини сақлашга чорланади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар;
“Беҳуда ишларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”.
Бу набавий таълимотда инсон учун жуда кўплаб манфаатлар бордир. Аслида буни туб негизида инсонларга ва жамият аъзоларига зарари борлиги учун ҳам бундай кераксиз ишга рухсат берилмаган. Одатда бекорчи сўзларга эътибор қилинса, қайси бир инсон тўғрисида ёлғон, ғийбат, чақимчилик, иғвогарлик, масҳара қилиш, камситишга доир суҳбат кетаётганини кўришимиз мумкин. Аслида инсонга ато қилинган тил неъмати ўзгалар билан муомалада гўзал муносабатда бўлиш ва барча кишиларга фойдали бўлган сўзларни сўзлаш учун берилган. Қадимда ўтган олимларимиз ўзлари сўзлаётган гап қанчалик ўзларига манфаатли бўлиши борасида доимо айтган гапларини текшириб турганлар. Имом Муновий ўзларининг “Файзул-Қодир” номли китобларида шундай маълумотни келтирадилар: Ибнил Арабий айтади: “Машойихларимиз ҳар куни ўзлари кун давомида нима гапирганлари ва қандай ишларни қилганларини ҳисоб-китоб қилиш учун уни дафтарга қайд қилиб қўярдилар. Хуфтон намозини адо қилганларидан сўнг дафтарга қараб ўзларини ҳисоб китоб қилар, агар истиғфорга ҳақли бўладиган ишни кўрсалар истиғфор айтар, тавба қилишга лойиқ бўлса, тавба қилишар, шукр қилиш керак бўлган амалларда шукр қилиб, сўнг ухлар эдилар.” Чунки инсон гапираётган биргина беҳуда сўзи орқали Аллоҳнинг азобига ва ақлли инсонларларнинг дашномларига қолиши аниқ. Келинг, қуйидаги сатрларда биздан олдин яшаб ўтган олимлар бефойда сўзларни гапирадиганлар борасида қандай ўгитлар айтиб ўтишганлигини кўриб чиқамиз.
Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ: “Инсон ўзига фойдасиз бўлган нарсани сўзлашлиги Аллоҳ томонидан хорланишидир”, деганлар.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бир бандасидан юз ўгиришининг аломати ўша бандани фойдасиз ишда машғул қилиб қуйишидир”, деганлар .
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани, ризқингда маҳрумликни кўрсанг, билгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан”.
Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши ўзига фойда бермайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишдан кўра афзалроқдир”.
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки Аллоҳ уни қалбини нурлантириб қуйишини хоҳласа, беҳуда сўзларни тарк қилсин”.
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч нарса ақлни зиёда қилади.
Ҳа, азизлар, биз ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган уламоларимизнинг сўзларига амал қилиб, ҳар бир ўтаётган кунимизни ғанимат билишимиз ҳамда бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Зеро, беҳуда гап-сўзлардан кўра вақтимизни илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия, жамиятимизни янада юксалишига сарфлаганимизда ўзимиз ва жонажон ватанимиз келажаги учун ҳам катта фойдали иш қилган бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизга ўзимиз ва атрофимиздаги инсонлар учун ҳам фойдали бўлган сўзларни айтишимизни муяссар айласин!
Раҳимов Учқун
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий – маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари.
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар.
Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.
Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.
Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати