Шу йилнинг 26 март куни сурункали касалликлари билан диспансер назоратида бўлган наманганлик 72 ёшли аёл коронавирус инфекцияси ташхиси билан Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 27 март куни ушбу бемор шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ушбу ҳолат билан боғлиқ тегишли фатволар ва тиббиёт соҳаси мутахассислари билан кенгашган ҳолда коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш борасида қуйидагиларни маълум қилади.
Ислом динида бирор мусулмон вафот этса, уни шариат кўрсатмасига биноан ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга буюрилган. Ушбу амалларни бажариш жараёнида одамга зарар етиш эҳтимоли мавжуд бўлса, “исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” ва “машаққат енгилликни жалб қилади” каби фиқҳий қоидаларига биноан, мазкур амалларни ижрочиларга зиён-заҳмат етказмаган шаклда бажаришга рухсат берилади. Чунки билиб туриб жонини хавф-хатарга қўйиш – ўзини ҳалокатга ташлашдир.
Бу каби ўта юқумли ва хатарли касалликлар вафот этган мусулмонларни ювиш, кафанлаш ва дафн қилишда ўзига хос талабларга риоя этишни тақозо этади. Яъни ювувчи, кафанловчи ва дафн қилувчиларга вирус ўтиш эҳтимолининг олдини олиш зарур.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволари ўрганиб чиқилди.
Ҳозирги кунда дунё мусулмон давлатлари тажрибасида маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.
Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширишса, қолганларидан соқит бўлади.
Демак, коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир.
Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим.
Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарори асосида қатъий чекланган таркибда ўтказилади.
Мўмин-мусулмонларимиз Ислом дини манбаларига таянган ҳолда баён этилган мазкур жиҳатлар ва тадбирларни тўғри тушунишларига қатъий ишонч билдирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги вилоят вакиллигининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этдилар.
Тадбир аввалида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вакилликнинг ер майдонига яхши ниятлар ила манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Вакиллик ҳовлисида барпо этилаётган мўъжаз боғнинг гуллаб-яшнашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Очилиш маросими Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Тадбирни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев олиб борди.
Муфтий ҳазратлари йиғилганларни янги бино билан муборакбод этиб, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз бошчилигида диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Хусусан, мўмин-мусулмонларга улкан имкониятлар тақдим этилаётгани, ибодат қилиш учун барча шароитлар муҳайё қилинаётгани, ҳудудлардаги вакилликларнинг моддий техник базалари яхшиланаётгани, юртимизда Қуръон курслари кенг фаолият юритаётгани, юзлаб ҳамюртларимиз “Президент ҳожилари” сифатида муборак сафарга юборилгани, Рамазон ва Қурбон ҳайити арафасида камбағал ва эҳтиёжманд оилаларга пул маблағлари тарқатилгани эзгу ишларнинг ёрқин намунаси эканини алоҳида эътироф этдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Хоразм вилоятида ўтказилаётган иккинчи сайёр семинарнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб, авваллари вилоят вакилликларининг ўз бинолари бўлмагани, бугун эса ҳудудларда мана шундай муҳташам вакиллик бинолари қад ростлаётганини қайд этдилар. Бундай неъматлар ва юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик учун доимо шукроналик келтириш ва дуода бардавом бўлиш кераклигини уқтирдилар.
Хоразм вилояти «Нуроний» жамғармаси раиси Рустам Султонов вакиллик аҳлини янги бино билан қутлаб, яратилган бундай шароитлар диний-маърифий соҳадаги эзгу ислоҳотларнинг узвий давоми эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, замон талаблари асосида барпо этилган ушбу бинода вилоятдаги барча имом-хатиб ва ноиблар бир жойга жамланиб, ўқув-семинарлари ва маънавий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш имконига эга бўлди. Бинода кичик мажлислар зали, шунингдек, ахборот-медиа фаолияти ва тасвирга олиш учун барча қулайликларга эга махсус хоналар ҳам ташкил этилган.
Тадбир давомида Муфтий ҳазратлари томонидан Хоразм вилояти вакиллигига янги хизмат автомашинаси топширилиши эълон қилинди.
Сафар асносида Муфтий ҳазратлари ва меҳмонлар янги бинони кўздан кечириб, вакиллик ходимларининг муносиб фаолият юритиши учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан мамнун бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати