Бугунги кунда Саудия Арабистони ва Мисрнинг Ал-Азҳар жомиаси карантин сабабли ҳайит намозини уйда ўқиш кераклигини айтишмоқда. Шу билан бирга Покистон, Ҳиндистон, ҳамда бир қатор фатво уюшмалари, шу жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳайит намозини уйда ўқиб бўлмаслиги таъкидланмоқда.
Аслида бу масаладаги турличалик ҳайит намозини ўтказиб юборган ёки бирор узрга кўра унга етиша олмаган киши уни қазосини ўқиса жоиз бўлиши ёки бўлмаслиги борасида мазҳаблар ўртасидаги ихтилофга бориб тақалади. Ҳайит намозининг қазосини ҳанафий ва моликий уламолар ўқиш жоизмас, дейишган бўлса, шофеий ва ҳанбалий уламолар жоиз деганлар.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур масаладаги мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф саҳобалар давридаги ихтилофдан келиб чиққандир.
Шофеий ва ҳанбалийлар ҳайит намозини қазосини ўқиса жоиз бўлади, деган гапларига Aнас разияллоҳу анҳунинг амалини далил қиладилар. Ривоят қилинишича Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳайит намозини ўтказиб юборса, аҳли-оиласи ва фарзандларини жамлар, сўнг мавлоси Aбдуллоҳ ибн Aбу Утба барчаларига имом бўлиб, худди шаҳар аҳли ўқийдиган суратда такбирлар билан икки ракаат намоз ўқиб берар эдилар.
“Ҳайит намозининг қазоси ўқилмайди” деган ҳанафий ва моликий уламоларга кўра ҳайит намози Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томониларидан фақат катта жамоат билан намозгоҳда адо этилган. Ушбу намозни қазо қилиш Набий алайҳисаломнинг на сўзлари ва на феъллари билан собит бўлган. Хусусан, ибодат масалалари тавқифий (ваҳийга асосланган) бўлиб, уни бирор ибодатга қиёслаб адо этилмайди.
Ушбу масалада мазкур икки мазҳаб ўртасидаги хилофни янада яхшироқ тушунишимиз учун Имом Бурҳониддин Марғилонийнинг машҳур “ал-Ҳидоя” асарига ёзилган шарҳлардан биридан иқтибос келтирамиз:
(وَمَنْ فَاتَتْهُ صَلَاةُ الْعِيدِ مَعَ الْإِمَامِ لَمْ يَقْضِهَا) عِنْدَنَا خِلَافًا لِلشَّافِعِيِّ فَإِنَّهُ قَالَ : يُصَلِّي وَحْدَهُ كَمَا يُصَلِّي مَعَ الْإِمَامِ لِأَنَّ الْجَمَاعَةَ وَالسُّلْطَانُ لَيْسَ بِشَرْطٍ عِنْدَهُ فَكَانَ لَهُ أَنْ يُصَلِّيَ وَحْدَهُ. وَعِنْدَنَا هِيَ صَلَاةٌ لَا تَجُوزُ إقَامَتُهَا إلَّا بِشَرَائِطَ مَخْصُوصَةٍ مِنْ الْجَمَاعَةِ وَالسُّلْطَانِ ، فَإِذَا فَاتَتْ عَجَزَ عَنْ قَضَائِهَا .
яъни: “Имом билан бирга ийд намозини адо этолмаган киши биз ҳанафийларга кўра уни қазо қилиб ўқимайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлган. Ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди. Имом Шофеий ушбу масалада бизга хилоф қилган бўлиб, “У имом билан қандай ўқиса ёлғиз ҳолида шундай адо этади”, деганлар. Чунки жамоат ва султоннинг изни Имом Шофеийга кўра шарт саналмайди.
Биз ҳанафийларга кўра эса ҳайит намози жамоат ва султоннинг изни каби махсус шартлар топилгандагина ўқиш мумкин бўлган намоз саналади. Агар ҳайит намозини адо эта олмаса уни қазо қила олмайди” (Ал-Иноя шарҳул-Ҳидоя)
Демак, ҳайит намози борасидаги ихтилоф мазҳаблар ўртасидаги ижтиҳодий ихтилоф экани маълум бўлмоқда. Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ҳайит намозини махсус шартлари бор намоз бўлиш билан бирга, вожиб намоз ҳисобланади. Шофеий мазҳабига кўра эса, бу намоз суннат ва уларнинг наздида ҳанафийларда қўйилган айрим шартлар йўқ. Шу боис, шофеийларга кўра, ҳайит намозини худди таровиҳ намози каби уйда, ёлғиз тартибда ёки оилавий ўқиса бўлади. Саудия Арабистони ва Ал-Азҳар уламоларининг фатвоси шофеийларга кўра берилган.
Аммо фиқҳда ҳанафий мазҳабига тобе бўлган юртларда, жумладан бизнинг юртимизда бугунгидек вазиятларда ҳайит намози уйларда ҳам ўқилмайди. Чунки ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намози ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди. Бунинг натижасида намоз дуруст бўлмайди.
Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоий, Имом Саврий ва Имом Ибн Исҳоқларнинг тутган йўлларига кўра ҳайит намозига етиша олмаган киши хоҳласа, зуҳо намози каби икки ёки тўрт ракат намоз ўқиши мумкин. Ушбу намоз ҳам нафл ҳукмида бўлиб, уни жамоат билан ўқилмайди. Бунга машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али Ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳумодан нақл қилинган фатво далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким ҳайит намозини ўтказиб юборса тўрт ракаат намоз ўқисин”, деганлар. Aли разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Aгар бирор кишини касал одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрсам, тўрт ракаат ўқишга буюрган бўлар эдим”.
Бизнинг мазҳаб уламолари ушбу икки буюк саҳобанинг сўзларига амал қилиб, ҳайит намозини ўқий олмаган киши зуҳо намозини ўқиши мустаҳаб эканини айтишган. Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ
яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзалдир”.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида эслатиб ўтамизки, ҳайит намозини ёлғиз ўқиш жоиз ёки жоизмаслиги ижтиҳодий масалалардан саналади. Ҳар икки тоифа мазҳаб уламоларининг ҳам саҳобаларнинг сўзидан далиллари бор. Шундай экан ҳар бир юрт мусулмонлари ўзгаларнинг мазҳабини эҳтиром қилган ҳолда ўз юртларидаги илм аҳлларига эргашишлари ва турли ихтилофларга барҳам беришлари лозим бўлади.
Хусусан, ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бу касаллик кенг тарқалмаслиги учун бир қатор чекловлар жорий этилган бир пайтда ҳайит намозини уйда алоҳида кичик жамоатлар билан ўқишга уруниш ёки шунга даъват қилиш айни жаҳолатдир. Афсуски, Республикамиздан четда юрган айрим кимсалар мазҳаб талаблари ва халқ соғлиқ-саломатлигини писанд қилмай, ихтилоф чиқаришга қаратилган ботил ғояларни тарқатишга урунмоқдалар. Ваҳоланки, Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.
Фатво берувчи шахс инсонларнинг ҳолатидан масъул эканини унутмаслиги керак. Саҳобалардан баъзилари бир бемор киши борасида билмасдан фатво бериб, унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолишганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан қаттиқ ғазабланган ва “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми?!” деган эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Айрим зикрлар, тасбиҳлар борки, улар шунча ададда айтилади дейилган. Масалан, намоздан кейин субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбарни 33 марта айтиш. Шуларда 33 та айтиш керакми ёки ундан кўпроқ айтса ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Зикрлар икки турга бўлинади. Бири ҳеч қандай адад ёки вақт билан белгиланмаган бўлса, иккинчиси махсус ададлар, ҳолатлар ва вақтлар билан белгиланган бўлади. Биринчи турдаги зикрларни инсон истаган вақтда, истаган ададда қилиши мумкин.
Масалан, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим Аллоҳ таолони зикр қилардилар, дейилган.
Иккинчи турга беш вақт намоздан кейин қилинадиган зикрлар, уйқудан аввал ва кейин, тонги ва кечки зикрлар киради. Мана шу турдаги зикрларни айтилган ададда айтишни уламолар тавсия қилганлар.
Масалан, машҳур аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Зикрларда махсус саноққа риоя қилиш эътиборлидир. Баъзи уламолар намозлардан кейин айтиладиган зикрлар каби махсус саноқдаги зикрлар учун хос савоб айтилган бўлса ва зикр қилувчи уни айтилган саноқдан кўпроқ айтса, унга мазкур зикр учун хос бўлган савоб берилмайди. Чунки ўша ададларда ўзига хос ҳикмат ва хусусият бўладики, ундан ошириб юбориш сабабли ана шу фазилатлар бой берилади”, деганлар. Алломанинг бу фикрини кўплаб олимлар маъқуллаган.
Махсус саноқдаги зикрларнинг яна бир тури борки, унга қўшимча қилиш, саноғини кўпайтиришни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаганлар. Бундай зикрларда саноқдан ошириш мумкин бўлади.
Мазкур ҳадисда юзтадан кўп зикр қилган кишининг кўпроқ савоб олиши айтилмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.