Бугун, 20 август ҳижрий 1442 йил Муҳаррам ойининг биринчи куни. Ушбу ойнинг Ашуро куни, яъни 10-куни (30 август) кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Бу ҳақда тарих китобларида батафсил маълумот берилган. Шу ўринда уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:
Бу тўғрида Қуръони Каримда марҳамат қилинади: “Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади” (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).
Энг аҳамиятлиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганлар. Бу нарса биз учун суннатга айланган. У зот умматларини рўза тутишга ундаганлар, қизиқтирганлар. Умматлар учун ўз Пайғамбарининг суннатларига эргашиш саодат, фазилат, барака ва нажотдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).
Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.
Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейин яшаб ўтган мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўза тутишган. Биз ҳам солиҳларнинг йўлларига эргашишга буюрилганмиз. Улар биз учун йўлчи юлдуз, нурли чироқдир.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани, яъни ўша куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Уламолар Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.
Жамоат аҳлига эргашган, уларнинг йўлидан юрганлар асло кам бўлмайдилар, надоматда қолмайдилар, ҳасрат чекмайдилар, зиён кўрмайдилар. Тутган ҳар бир куни рўзаси учун улкан савобларни қўлга киритадилар, тоғдек-тоғдек гуноҳлари дув-дув тўкилади. Бунинг барчаси биз ожиз бандалар учун ниҳоятда меҳрибон ва ўта ғамхўр Роббимизнинг чексиз иноятидир.
Эркин Қудратов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД