Мусулмонларнинг мусулмон бўлмаганлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашида набавий суннатнинг тутган ўрни
Ислом жамияти ҳар икки диёнат вакиллари орасида, уларни диний ва этник зиддиятларидан қатъи назар, ўзаро тенглик ва эъиқод эркинлиги бўлмиш мустаҳкам асосни барпо қилди. Жамият азолари орасида зарур бўладиган умумманфаат ва муштарак мақсадларни жорий қилди.
Буларга амалий мисол қилиб Расулулоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг, ҳатто ғайридин бўлса-да, қушнини ҳурмат қилиш ва уларга яхшилик улашишга қаратилган кўрсатмаларини келтириш мумкин.
Мазкур амалий дастур қуйидаги давр босқичларига бўлинади;
Бу вақтдаги вазиятда оз сонли мусулмонларни сабр-бардош билан ҳамжиҳатликда яшаш даври бўлди.
Бу вақтда ерлик аҳоли ва муҳожир саҳобалар ўзаро садоқат ва ҳамкорликда яшадилар.
Бу вақтга келиб янги шакилланган ислом жамиятида барча жабҳаларда шаффофлик ва фаол ҳамкорлик даври бошланди.
Бу вақтга келиб жамиятда тўлақонли ислоҳотлар ва ижтимоий адолат ўрнатиш даври бошланди.
1. Маккаи мукаррама амалиёти даври
Аввало Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликдан авалги ҳаётларини ҳам синчиклаб ўргансак, ўша пайт Қурайш мушриклари бошқарувида бўлган Макка шаҳри Ислом дини даъватининг бешиги бўлганига гувоҳи бўламиз. Ўша пайтдаги мавжуд мафкуравий ва ижтимоий вазиятда одамлар орасида бутпарастлик ва ичкиликбозлик кенг тарқалган, қабилалар орасида зўравонлик, ахлоқсизлик иллатлари урчиган бир пайт эди. Боз устига у вақт меъёрларига биноан кучлилар жамиятдаги заиф табақалар устидан тўлақонли ҳукумрон бўлиб, уларни молиявий ҳақларига ҳам тажовуз қилар, хужайинлар қўли остидаги қул ва чўриларига шафқатсизларча муносабатда бўлиб, уларни инсоний ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қилар эди.
Араб ўзини ажамдан ортиқ деб билган, оқ танли қора танлидан устун кўрилган вазият эди. Шунинг учун ҳам мазкур шароитда - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг издошлари ҳаёти пайғамбарликдан олдин ва кейин, қандай бўлган эди? – деган ҳақли савол пайдо бўлади.
1. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам рисолатдан аввал ҳам қавми билан ижтимоий фаол ва дўстона тарзда яшар эдилар. Эзгулик ва яхшиликларда улар билан ҳамкорлик қилар, бағрикенглик тамойилларини жорий қилардилар.
Бу олий ҳақиқатни у зотнинг аёллари Хадича онамиз ҳам таъкидлаганлар.
Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўзларига нимадир бўлаётгани ва ваҳий нозил бўлаётганини у зотга айтганларида Хадича онамиз: – Йўқ, йўқ! Бу башорат. Аллоҳга қасамки Аллоҳ сизни зинҳор маҳзун қилмас. Қасамки сиз силаи раҳм қиласиз, ростгўй аминсиз, одамларни оғирини кўтарасиз, йўқсилларга ёрдам берасиз ҳамда заифларни ҳимоя қилиб адолатлиларни қувватлайсиз, – дедилар.
2. Пайғамбар саллалоҳу алайҳи васалламга ҳали рисолат келмай туриб жиянлари Али розияллоҳу анҳуни тарбия қилиб бериш учун ўз қарамоғига олдилар. Бу иш сайидимиз Али розияллоҳу анҳу учун улкан неъмат эканида шубҳа йўқдир. У пайтда Макка шаҳрида иқтисодий танглик жорий бўлиб, Абу Толибнинг оиласи ҳам қийналиб қолган эди. Шунда Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам амакиси Аббосга – Эй Аббос вазият қанчалар танглигини билиб турибсиз. Биласзки биродарингиз абу Толибни оиласи катта. Унга ёрдам бериш учун оиласидан бир кишини сиз олинг, бир кишини эса тарбия қилиб бериш мақсадида мен оламан- дедилар. Иккиавлон абу Толибга ушбу таклифни билдиргач абу Толиб рози бўлди. Аббос жияни Жаъфарни, Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам эса Алий р.а.ни ўз қаркамоғига олдилар.
3. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам қавми билан рисолатдан олдин қандай яшаган бўлсалар, ваҳий бошлангаидан кейин ҳам шундай яшадилар. У зотнинг даъватларини эшитиб иймонга келган дастлабки саҳобалар авлоди ҳам унгача қилиб юрган ишларни тарк қилмади. Улар узаро жорий бўлган савдоларни ҳам сайру саёҳатларини ҳам аввалгидек давом этирдилар.
4. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам нинг ўзлари ҳам кабадан четланмадилар. Балки у ерга боришда давом этар, рисолатдан аввал ҳам кейин ҳам кабаи муаззамада ёлғиз Аллоҳ Таъолога сиғинар эдилар. У ердаги мавжуд ширк Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламни Каъбага боғланишдан тўсмас эди.
5. Исломнинг дастлабки Макка давридаги босқичида мусулмонларга нисбатан тажоввузлар кўпайиб кетишига қарамасдан, улар бошқалар билан ўзаро тинч-тотув яшаш концепциясини гўзал ифодасини курсаттилар . Ҳолбуки у вақтта оз сонли саҳобалар Қурайш мушриклари томонидан турли азиятларга дуч келаётган эди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам уларни, токи Аллоҳ Таъол бир нажот йўлини кўрсатмагунича сабр ва матонатли бўлишга чақирар эдилар.
6. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам рисолатдан аввал ҳам қурайш қабилалари билан бирга сулҳ битмларида иштирок этар, мазлумларга кўмак беришда аҳдлашар эдилар. Кунларнинг бирида барча Қурайиш қабила раислари Абдуллоҳ ибни Жадъонниннг ҳовлисида бир кенгашга йиғилдилар. Чунки унинг ёши катта ва қавмининг нуфузли одами эди. У ерга Бану Ҳошим, Бану, Муттолиб, Асад ибни Абдул Узза, Зуҳрат ибни Килоб, Таййим ибни Муроҳ каби қабила раислари йиғилдилар. Йиғилганларнинг барчаси Макка шаҳрида бирорта мазлум одам бўлмаслиги, агар бўлса ҳам ҳаммалари уни ҳимоя қилиши, уни топталган ҳуқуқини қайтариб бериши битимини имзоладилар.
Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам мазку битим ҳақида шундай дейдилар; “Абдулоҳ ибни Жадъонни ҳовлисидаги кенгашда иширок эттим. У битим мен учун қизил туядан-да суюкли бўлди. Агар Исломда ҳам шунга чақирилсам қабул қилар эдим”
2. Ҳабашистон диёридаги муҳожирлик даври
Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламни ўзгалар билан ўзаро дахлдорлик ва ҳамжиҳатликда яшаш борасидаги иккинчи амалий кўрсатмаларига, мазкур давр очиқ мисол бўлади. Зеро бу иш Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам дан аввал ўтган жуда кўп пайғамбарларни суннатларига тадбийқан амалга оширилган эди. Қуръони Карим Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга бир қанча собиқ пайғамбарлар ҳаётини қиссалаб, уларга мушрик ва кофирлар томонидан етаётган тазйиқ ва тажовузларадан нажот топишида мазкур ишни муносиб восита ўлароқ баён қилди. Ўша пайтда Ҳабашистон диёри, асло завол топмайдиган барча эзгулик даъватчилари, зулм исканжасида қолиб унга юзланган ҳар бир муҳожир учун чинакам ҳимоя ва адолат тимсоли бўлди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам саҳобаи киромларни у ерга ҳижрат қилишга ундадилар ва изн бердилар. Мазкур ҳижрат Исломдаги дастлабки ҳижрат бўлиб, шу йўл билан дин ва иймон ҳимояси мақсад қилинган. Улар 11 эркак ва 14 аёл кишидан иборат бўлиб, денгиз йўли орқали ҳабаш диёрига етиб олдилар. Бу воқеа рисолатнинг 5-йили, ражаб ойида амалга оширилди.
Ҳабаш ҳукмдори Нажоший мусулмонларни дўстона кутиб олди. Уларни дин ва этиқод эркинликларини кафолатлаб, жамиятда хавфсиз яшашларини таминлади.
Бу борада абу Умайянинг қизи Умму Саламадан қуйидаги ҳадис ворид бўлди:
“Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига кофирлар томонидан азиятлар етиб, уларга Макка шаҳри торлик қила бошлади. Улар динида фитна ва балоларга учрадилар. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам гарчи амаки ва қабиласи томонидан ҳимояда бўлсалар-да асҳобларидан тазйиқларни даф қилолмас эдилар. Шунда Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам асҳобларига” “Ҳабаш ҳукмдори адолатли бўлиб, унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Аллоҳ Таоло сизларга бирор нажот йўлини кўрсатгунга қадар у ерга боринг ва уша ерда яшаб туринглар”, деган кўрсатмани бердилар. Биз кичик гуруҳларга бўлиниб у ерга йўл олдик ва барчамиз у ерда йиғилдик. Яхши ер ва яхши қўшнига эришдик. Барча зулмлардан нажот топиб, динимизда хотиржам бўлдик”.
Пайғамбар Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам билан ҳукмдор Нажоший ўрталарида ёзишмалар бўлиб ўтди. Саҳобалардан Амр ибни Зомирий Расулуллоҳнинг муборак мактубларини Нажошийга етказганида у мактубни кўзига суртди, тахтдан ерга тушиб ўтирди-да саҳобалар кўз ўнгида Исломни қабул қилди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг мактубларига жавоб ёзиб ҳадялар билан жунатди. Ҳукмдор Нажоший вафот этганида Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига ғоиб жаноза намозини ўқидилар.
Жаъфар ибни Абу Толиб билан Нажоший ўртасида бўлиб ўтган суҳбат илмий манбаларда кенг ёритилган. Ушбу суҳбат барча замон ва маконлардаги мусулмонлар учун, уларни яхши кўриб ўзига яқин олган ғайридинлар билан қандай муомалада бўлиш ва уларга қандай маданият кўрсатиш борасида таълим ва дастурдир.
Ҳа, бугунги айрим мутаасиб мусулмонларнинг айни масалада тутган йўли бутунлай унга хилофдир. Бугунги кунимизда улар ғайридин жамиятларга бориб у ер аҳолиси ва ҳукуматларидан ҳимоя топиб тинч осуда яшаяптилар. Аммо, айримлари Ислом ва мусулмонларга нисбатан ерлик аҳолининг нафрат ва адоватини қўзғатмоқда.
Маълум бўлишича, Нажоший ҳузурида яшаб турган мусулмонлар унинг душманларига қарши урушларда иштирок этар эдилар. Сарахсийнинг “Мабсут” китобида (10 ж. 166 с) шундай дейилади:
“Агар мусулмонлардан бир жамоат дорул ҳарбда (шаръий ҳукмлар жорий бўлмаган жамият) яшаса, у ерга бошқа бир қавм уруш бошласа, улар билан бирга яшаётган мусулмонлар ана шу ҳамжамиятларига қўшилиб уруш бошлаган қавмга қарши курашмоғи ҳалол эмас. Чунки уруш жонни хатарга қўйишдир. Бу иш фақат Аллоҳ Таолони номи ва динини юксалтириш учунгина жоиздир. Бу урушда эса мазкур маъно кўринмайди. Билъакс, бу уруш аҳли ширкларни қувватламоқ бўлур. Чунки бу дорул ҳарбда яшаётган мусулмонлар устидан аҳли ширкнинг ҳукми ғолибдур. Аммо у ерда яшаётган мўминлар урушда қатнашмасалар, мамлакат эгалари томонидан уларни динига , жонига ва молу-мулкига хатарлар юзланса, ушбу хатарларни ўзларидан даф қилиш ва мўмин биродарларининг ҳимояси учун ерликлар билан бирлашиб уларнинг душманларига қарши курашмоқ ҳалол бўлур. Яъни бу уруш ширкни қувватламоқ учун эмас, мусулмонлардан зарарни даф қилиш учун бўлур”
Мазкур масалада асососий далил Жаъфарнинг ҳадиси ҳисобланади. Чунки у Нажоший билан бирга унинг душманларига қарши курашди. Жаъфар розияллоҳу анҳу бу ишни ўзи ва ҳамроҳларига хавф-хатар етмаслиги учун қилган эди. Чунки у бошчилигида ҳабаш ерига келган мусулмонлар Нажошийнинг қўллаб-қувватлаши билан хавфсиз яшаётган эдилар. Бундан маълум бўлишича бу каби иш тутиш шаръан жоиздир.
Вақт ўтиб жаноби Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида ҳам, айрим саҳобалар Ҳабашистонда қолишни истадилар. Зеро дастлабки муҳожирлар Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари билан у ерга келганларида Нажоший томони уларни қўллаб қувватлаган , улар эса Қурайшликлар зулмидан бутунлай халос бўлган эди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Ҳабашистондаги муҳожирлардан 40 киши у ерга қайтиб келди. Маълумотларда кўрсатилишича, 50 ёки 60га яқин одам Ҳабашистон ерида яшаб қолди.
Ҳабашистон муҳожирлиги даври воқеаси орқали Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ғайридинлар жамиятида бўлса-да, улар билан тинч-тотув яшаш борасида умматга чинакам намуна бўлдилар. Чуни биз бу иш орқали барча замон ва маконларда ҳам Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини маҳкам ушлаш малакасини ўргандик. Ҳамда, кишилик жамиятида инсон ҳаётини ҳар томонлама енгиллаштириш, бошқа биродарлари билан тинчлик ва ўзаро ишончда яшашнинг амалий ифодасини кўрдик. Мазкур усул мусулмонларни, яшаб турган жамиятидан ажралмай, ҳатто зарур бўлса бирлашиб унинг бир қисмига айланишга, гарчи улар ғайридин бўлсалар-да ўзаро маданий алоқалар боғлашга, ундайдиган кучли далилдир.
(Давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
Таржимон: Тоҳир Ваҳидов.
Дил сўзи
Муборак Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Бутун мусулмон олами, ислом уммати ушбу улуғ айёмни чексиз шодлик ва шукроналик билан кутиб олмоқда. Ушбу қутлуғ кунларда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида юртдошларимиз билан бирга ҳаж амалларини адо этяпмиз.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотимиз Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғлиги, ҳар бир фуқаро давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан четда эмаслигининг яна бир ҳаётий ифодаси ўлароқ қалбларимизни олам-олам шодликка тўлдирди, руҳимизни кўтарди, байрам шукуҳини янада бойитди.
Давлатимиз Раҳбари билан суҳбатимиз нақадар самимий кечганига халқимиз оммавий ахборот воситалари, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, гувоҳ бўлдилар.
Президентимиз ҳаж зиёратчиларини Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз муборак ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан ҳаж зиёратига келди. Уларнинг дилидаги қувончни, шукроналикни, Юртбошимиздан миннатдорликни сўз билан таърифлашга тил ожиз.
Президентимиз суҳбатда зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Дарҳақиқат, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтяпти. Қалбида шукроналик ҳисси жўш урган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.
Аллоҳ насиб этса, ҳаж зиёратчилари юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халқимизга, айниқса, ёшларимизга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўладилар.
Бугун ҳар бир юртдошимиз муборак айём барокатидан, файзидан баҳраманд. Куни кеча Қурбон ҳайитини юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонлаш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг Қарори қабул қилинди. Унга кўра муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Президентимиз раҳбарлигида Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимотида айтилганидек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. Бу қанчадан-қанча инсонлар ҳаётига нур, қалбига қувонч олиб киради.
Зеро, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, “Инсонларнинг энг яхшиси – бошқаларга кўпроқ манфаати тегадиганидир” (Имом Дору Қутний ривояти). Савобли ишлар, тинчлик ва ободлик йўлидаги ҳамжиҳатлигимиз бизни албатта улуғ мақсадларга бошлайди.
Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайити ислом динидаги энг улуғ ва муқаддас байрамлардан бири, мўминлар юрагида хурсандчилик, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, саховат туйғуларини юксак даражада уйғотади.
Президентимиз “Одамлар эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”, деган эди. Ўзбекистон етакчиси ўз фаолиятининг илк даврларида илгари сурган ушбу ғоя замирида ҳам ушбу байрамга хос халқ фаровонлиги, аҳоли ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик каби безавол анъаналар мужассамдир.
Ўтган йилларда ушбу ғоя ва мақсадларни рўёбга чиқариш, адолатли жамият, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақоми конституцион даражада мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда шу асосда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, эҳтиёжманд юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлаш, ишсизликни бартараф этиш, ёшлар ва хотин-қизларга замонавий касбларни ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилиняпти. Ушбу хайрли амаллар муборак Қурбон ҳайити моҳиятига мос ҳолда, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, халқимизни бугунги яшаётган кунидан рози қилиш, эркин ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Сирасини айтганда, Қурбон ҳайити –` инсон қалбида меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайдиган улуғ айём. Янги Ўзбекистонда ушбу муқаддас байрамнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби эзгу амаллар билан янада бойиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган хайр-саховат ишлари, ижтимоий ҳимоя чоралари, ҳаж зиёратчиларига яратилаётган имкониятлар халқ ва давлат ўртасидаги меҳр ва ишончни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу хайрли ишлар “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойилнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч, шукроналик ва фахр туйғуларини юксалтирмоқда.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.