Мақолалар

Фитна вақтида мўминнинг одоби

Раҳбарга қарши исён кўтариш хаворижларнинг амалидир. Хаворижлар ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг раҳбариятини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, тарихда исёнга асос солган биринчи тоифа бўлган. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан: "Хаворижлар — жаҳаннам аҳлининг итлари", деб огоҳлантирганлар. Минг афсуслар бўлсинки, ҳазрат Али розияллоҳу анҳудек улуғ саҳобанинг раҳбарлигига қарши чиқиш билан пешоналарига "хавориж" деган тамғани илиб кетган бидъатчиларнинг издош авлодлари ҳозиргача давом этиб келмоқда. Хўш бундай фитналар қиёматгача давом этар экан, бундай вақтда мусулмон банда нима қилиши керак?

Саҳобалардан Ҳузайфа ибн ал-Ямоний розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “сирлари соҳиби”дир. Бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Биз оддий бир башармиз. Аллоҳ бизга яхшилик қилди, шу яхшиликнинг ичидамиз. Ана шу яхшиликдан кейин ёмонлик ҳам келадими?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа!” деб жавоб бердилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Мана шу ёмонликдан кейин ҳам яхшилик келадими?” деб яна сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ҳам: “Ҳа!” деб жавоб бердилар. Учинчи марта Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Ана шу яхшиликдан кейин ҳам ёмонлик келадими?” деб сўраган эди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ҳам: “Ҳа!” деб жавоб бердилар. Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу қандай бўлишини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

يكون بعدى ائمة لا يهتدون بهداى و لا يستنون بسنتى و سيقوم فيهم رجال قلوبهم قلوب الشياطين فى جثمان إنس

"Мендан кейин раҳбар(имом)лар менинг йўлимда юрмайдилар, менинг суннатимни қилмайдилар. Уларнинг орасида инсон жуссасидаги шайтоний қалбли кишилар бўлади".

Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Агар ўша даврда мен бўлсам, нима қилай?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бундай буюрдилар:

تسمع و تطيع للأمير و إن ضرب ظهرك و أخذ مالك فاسمع و أطع

Амирингни эшитасан, унга итоат қиласан! Агар орқангга урса ҳам, мол-дунёнгни олиб қўйса ҳам, эшитгин ва итоат қилгин!” (Имом Муслим, 3/1847; Имом Байҳақий, 8/16394; Имом Ҳоким, 8/8533).

Мазкур ҳадисда давлат рахбарига итоат қилиш айтилмоқда. Яна бази бир одамлар бугун ижтимоий тармоқдан туриб ошкора подшоҳга мурожаат, шикоят ёки насиҳатлар танбеҳлар қилмоқдалар.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, оддий фуқаронинг султонга насиҳати ҳеч қачон жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Насиҳат қилиш имкони бўлса, фақат подшоҳнинг ёлғиз ўзигагина айтилади холос. Насиҳат оммага ошкора бўлса, бунинг оқибати фитна бўлади. Халқнинг бирдамлигига футур етади. Шунинг учун аҳли сунна ақидасида подшоҳга ошкора насиҳат қилишдан қайтарилади. Бу ҳам аҳли сунна ақидавий мазҳабининг асл қоидаларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар:

 

مَنْ أَرَادَ أَنْ يَنْصَحَ لِسُلْطَانٍ بِأَمْرٍ فَلَا يُبْدِ لَهُ عَلَانِيَةً وَلَكِنْ لِيَأْخُذْ بِيَدِهِ فَيَخْلُوَ بِهِ فَإِنْ قَبِلَ مِنْهُ فَذَاكَ وَإِلَّا كَانَ قَدْ أَدَّى الَّذِي عَلَيْهِ لَهُ

"Кимки салтанат эгасига насиҳат қилишни истаса, бас, уни ошкора қилмасин. Балки унинг қўлидан ушлаб холи ерга ўтсин. Агар қабул қилса жуда яхши, агар қабул қилмаса у зиммасидаги ишни адо қилган бўлаверади" (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "бас, уни ошкора қилмасин" деб насиҳатни ошкор эълон қилишдан қайтаришлари уни махфий қилиш вожиблигига далолат қилади.

Бу ҳақиқатларни замонамиз хаворижлари яхши билиб олишлари шарт! Яна билиб қўйсинларки, уларнинг интернет ва ОАВ орқали мамлакат раҳбарига қарши ташвиқотлари асли аҳли сунна ақидасига тескари ва хилофдир!

 

Юнусхон домла ЮСУФХОН ўғли,

Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани бош имом-хатиби

1943 марта ўқилди

Мақолалар

Top