— Болаликда бир тенгдошим оғзи қийшайиб, ўзи бемордек бўлиб қолганини кўргандим. Шунда катталар: “Уни жин чалибди”, дейишганди. Домлаларга олиб боришиб ўқитишгандан сўнг, аҳволи яхшиланиб кетганди. Ҳақиқатан ҳам жин чалиш, деган тушунча динимизда борми?
— Исломда жин чалиш бор. Лекин бунга жуда ҳам урғу бериб, ҳаддан ортиқ эътибор бериб юбормаслик керак. Тақволи ва парҳезкор олим инсон Қуръон оятларидан ихлос ила ўқиб дам солса кетади.
﴿الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ﴾
“Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар” (Бақара сураси, 275-оят).
Ушбу ояти каримада жин чалиши ҳақида сўз юритилиб, қандай ҳолатда бўлиши баён қилинган. Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлар экан (“Тафсир Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.