Масжид – мўмин-мусулмонлар учун қадрли жой. Фақат ибодат маскани сифатида эмас, балки руҳий озуқа оладиган ва ўзаро биродарлик ришталарини боғлайдиган макон сифатида табаррук маскандир. Шунга кўра, янги масжид очиш, жомеларни бунёд этиш ва мавжудларини гўзал ҳолатга келтириш савоби улуғ амал ҳисобланади. Охирги вақтларда диёримиздаги масжидларда етарли шарт-шароитлар ҳозирлаш, ибодат қилиш учун қулайликлар қилиб бериш ва ваъз-насиҳатлар тинглаш учун кенг имкониятлар муҳайё этилмоқда.
Афсуски, шундай неъматларни қалбдан ҳис этмаган айрим муаллифлар томонидан шу кунларда баъзи сайтларда гўёки масжидлар сони кам экани ва янги масжид очишга тўсиқлар борлиги ҳақидаги “Мамлакат намозхонлари учун масжидлар етарлими?” номли мақола эълон қилинди. Ундаги фикрлар тўла асосга эга эмаслигини охирги йилларда ва хусусан жорий йилда мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги жомеларни очиш борасида қилинган ишларни мухтасар баён этамиз.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид очилди, шу билан масжидлар сони 2077 тага етди. Жумладан, Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, “Абу Талҳа”, “Лаби заҳ”, Сурхондарё вилоятида “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Қадимий Дарбанд”, “Толли ота”, “Саййид Муҳиддинхон”, “Абдураҳмон ибн Авф”, “Мулла Абдукарим Охунд”, “Ислом ота”, “Хидиршо ота”, “Аҳатхон”, “Аҳмад Яссавий”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманган вилоятида “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғона вилоятида “Чилигижийда”, Навоий вилоятида “Абу Бакр Сиддиқ”, “Томди”, “Хашман”, Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра”, “Фирдавс”, “Дўстлик”, Сирдарё вилоятида “Аҳмад ибн Малик” ва Бухоро вилоятида “Умар ибн Ҳаттоб” каби янги жоме масжидлар иш бошлагани мўмин-мусулмонларни бағоят хурсанд этмоқда.
Жорий йилнинг 10 ойида Бухоро вилоятида “Абдуллоҳ ибн Муборак”, Сурхондарё вилоятида “Дўстмуҳаммад бобо”, “Домла Шоҳқосим”, “Имом Раббоний”, “Варроқ Термизий”, Наманган вилоятида “Усмон Зуннурайн”, Бухоро вилоятида “Усмон ибн Аффон”, Тошкент вилоятида “Ҳилол”, “Муоз ибн Жабал” ва Самарқанд вилоятида “Янгиобод” каби 12 та жоме масжид очилгани бу борадаги ишлар жуда жадаллик ила кетаётганини англатади.
Ўтган ҳафта жума куни ҳам жуда катта хурсандчилик бўлди – Cурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Саййид Ҳабибуллохон” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, мўмин-мусулмонларга туҳфа этилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, мана шундай кетма-кет жоме масжидлар очилаётганини кўрмаслик ёки англамаслик ёхуд эътироф этиб, шукрона келтирмаслик чин мўминлик сифати эмас. Албатта, Ҳақ таолонинг бундай неъматларига шукр қилиш орқали янада зиёдасига эришилади.
Баён этилганлардан тушуниш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида 2018 йил 31 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 409-сон қарори ва 2018 йил 27 сентябрь куни Адлия вазирлигида 3071-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида” Низом каби ҳужжатлар ишламаяпти, деган даъвони қилиши ҳам асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Аслида масжидлар борасидаги яхши хабарлар бисёр, ўлкамизнинг қайси гўшасига ташриф буюрманг, жоме масжидларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига гувоҳ бўласиз. Жумладан, охирги йилларда республикамиз бўйлаб 300 дан зиёд жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 300 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. Жорий йилда эса 281 та жоме масжид қайта қурилмоқда. Ўтган ҳафтада ҳам пойтахтдаги 4 та жоме масжид қайта қурилаётгани тўғрисида хабар эълон қилинди. Мамлакатимизда янги масжидлар очилиши, қайта бунёд этилиши ва таъмирланишига оид янгиликлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими томонидан Интернет сайтлари, “Фейсбук” саҳифалари ва “Телеграм” каналлари орқали узвий равишда эълон қилиб борилмоқда.
Ўз навбатида айтиш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида айрим мамлакатларда масжидлар сони нисбатан кўп эканини изоҳлаган. Лекин, айрим давлатларда кўп қаватли уйнинг бир хонадони, катта иншоотнинг бир қисми ёки айрим фойдаланилмаётган иморатлардан ҳам вақтинча масжид сифатида фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бундай жойлар аввал бошқа мақсадда фойдаланилган бўлса, келгусида эса яна турли йўналишларда ишлатилиши мумкин. Ушбу ўлкаларда мана шундай жойлар ҳам масжидлар сонига киритилади. Бизда эса, диёримизда янги масжидлар очиш ва қуриш масаласида Ислом шариатида жоме масжидларга қўйилган талаблар, намозхонлар ҳузур-ҳаловат ила ибодат қилиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар, мўмин-мусулмонлар хавфсизлиги ва икки масжид орасидаги масофа, хуллас жаҳон андозаси ва динимиздаги барча талаблар инобатга олинади. Ҳатто юртимиздаги масжидларда фуқароларга хизмат кўрсатиш хоналари, таҳоратхоналар, хавфсизлик ва санитар талабларга юксак дид билан эътибор қилинади.
Қайд этганимиздек, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид айни фуқароларимиз талаб ва истаклари асосида очилди. Нафақат пойтахтимизда, балки олис Қорақалпоғистон Республикаси, узоқ Сурхондарё вилояти ёки Бухоро ва Навоий вилоятларининг чекка туманларида ё водий вилоятларининг чегара олди ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда.
Айни кунларда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси саъй-ҳаракати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эҳтиёждан келиб чиқиб, янги жоме масжидларни давлат рўйхатидан ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Яқин кунларда ушбу жомелар очилишини ҳам матбуотда эълон қиламиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маърифат ва руҳий тарбия маскани бўлмиш Аллоҳнинг уйларини обод этиш ва янгисини очиш каби хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлмоқда ва бундай хушхабарлар ортиб бормоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида маълум қилинишича, 2017 йилдан буён 5300 дан ортиқ «хатмул кутуб» (муайян диний-илмий асарни устоз раҳбарлигида бошидан охиригача ўқиш, унинг мазмунини ўрганиш ва шарҳлаш) амалга оширилган, классик исломий манбаларни тўлиқ ўқиш ва ижоза бериш анъаналари қайта тикланган, ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура йўналиши ташкил этилган.
Шунингдек, анжуманда диний таълим тизимидаги ушбу натижалар маълум қилиниб, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш, тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, «Муфтий Бобохоновлар» жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ва бошқалар маъруза қилди.
Нотиқлар институтнинг ташкил топиш тарихи, диний таълим ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даргоҳда фаолият юритган уламоларнинг илмий мероси ҳамда мутахассислар тайёрлаш тажрибасига тўхталди.
«5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди»
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров муассасанинг ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида шаклланган таълим анъаналари ва сўнгги йилларда жорий этилган илмий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
«2017 йилдан бошлаб қадимий анъаналаримиз, мадрасаларимизнинг таълим бериш усуллари орқали мўътабар устозларимиз ва алломаларимизнинг китобларини ўқитиш, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сунан ат-Термизий”, Имом Мотуридийнинг китоблари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си ва бошқа асосий ислом илмлари манбаларини тўлиқ ўқиш, хатмул кутуб ва якунда ижоза бериш тизими қайта тикланди. Бугунги кунга қадар 5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди», — деди Уйғун Ғафуров.
Ректор институтда ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура ташкил этилгани, мотуридийлик ақидаси, тафсир ва ҳадис илмлари йўналишларида мутахассислар тайёрланаётганини ҳам қайд этди.
Келгусида ушбу йўналишларда докторантура ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса классик исломий илмларни чуқур тадқиқ қилиш ва илмий кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мураккаб тарихий шароитда шаклланган илмий даргоҳ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров Тошкент ислом институтининг ташкил топиш шароити ва диний таълим тарихидаги ўрнига эътибор қаратди.
Олимнинг таъкидлашича, институт мураккаб тарихий даврда фаолият бошлаган бўлса-да, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмон жамоалари учун диний мутахассислар тайёрлашда муҳим вазифани бажарган.
«Шунга қарамасдан, институт ярим аср давомида минглаб ҳам диний илмларни яхши биладиган, ҳам бугунги тушунчадаги академик таҳсил олган, яъни диний ва дунёвий билимларни ўзаро уйғунлаштирган кўп сонли мутахассислар тайёрлади. Улар сиёсий-ижтимоий барқарорлик, маънавий-маърифий йўналишдаги жараёнларга ўзининг ҳаётбахш, бунёдкор таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар институтнинг илмий ва таълимий имкониятларини кенгайтирмоқда, айни пайтда мутахассислар тайёрлаш борасидаги масъулиятини ҳам оширмоқда», — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Замонавий ақидавий масалаларга илмий ёндашув
Анжуманнинг илмий дастури икки шўъба доирасида давом этди.
«Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари» мавзусидаги биринчи шўъбада Саидафзал Сайджалолов, Абдулазиз Яхшиликов, Давронбек Абдуқодиров ва Ботиржон Абдуллаев маърузалар билан қатнашди.
Муҳокамаларда суннийлик манбаларида раддияга оид қарашлар, замонавий эътиқодий масалалар ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросида акс этган диний қарашларга оид тадқиқотлар тақдим этилди.
Маърузачилар тарихий диний манбаларни илмий асосда ўрганиш, улардаги қарашларни тадқиқ этиш ва бугунги кунда юзага келаётган эътиқодий масалаларни таҳлил қилишнинг аҳамиятига тўхталди.
Фиқҳий масалалар: анъанавий манбалар ва амалий ечимлар
«Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар» деб номланган иккинчи шўъбада Абдувоҳид Аҳмадалиев, Муҳаммадмусо Набижонов, Алижон Равшанов, Абдулаҳад Содиқов, Акмалжон Ғаниев, Сойибжон Жўраев, Хуршида Усманова, Санжар Бердиев ва Сирожиддин Шодмонов ўз тадқиқотларини тақдим этди.
Унда ҳанафий мазҳаби уламоларининг фиқҳий ёндашувлари, Қуръон ва суннатни талқин қилиш масалалари ҳамда замонавий ҳаётда юзага келаётган фиқҳий муаммолар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар анъанавий манбаларни чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш ва диний таълимда тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Илмий тавсиялар ва махсус тўплам тайёрланади
Анжуманнинг якуний қисмида Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ташкил этилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган талабалар тақдирланди.
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда сараланган мақолаларни махсус илмий тўплам шаклида нашр этиш бўйича келишувга эришилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган анжуман диний таълимнинг тарихий тажрибасини сарҳисоб қилиш билан бирга, классик исломий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларни илмий ўрганиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболларини белгилашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати