Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок тутар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок ишлатиб ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир”, деганлар (Имом Ибн Нажжор ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Насоий ривояти).
Мисвок милкни бақувват қилади. Тиш тошларини, оғиздаги нохуш ҳидлар ва бактерияларни йўқотади. Хотирани мустаҳкамлайди, нутқни равон қилади. Кўз нурини равшанлаштиради, ошқозон-ичак хасталикларининг олдини олади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ҳар бир намоздан олдин, уйга кирганда мисвок ишлатишга одатланайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу умматдан етмишминг киши ҳисоб китобсиз жаннатга кирадилар. Улар ушбу сифатга эгадирлар. Дам солдирмайдилар (сеҳр жоду), шумланиб, ирим қилмайдилар, ўзини бирор нарса билан куйдирмайдилар ва Роббиларига таваккул қиладилар”[1], дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳим сенга таслим бўлдим ва сенга иймон келтирдим ва сенга таваккул қилдим ва сенга қайтаман ва сен учун хусумат қиламан, Эй Аллоҳим мени адаштиришингдан сени иззатинг билан паноҳ сўрайман, сендан бошқа Илоҳ йўқ, сен тириксан вафот топмайсан, жин ва инсонлар эса вафот этадилар”[2] (Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Агар сизлар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилганингизда Аллоҳ қушни ризқлантирганидек сизларни ҳам ризқлантирган бўлар эди. Қуш тонгда оч ҳолда учиб кетиб, тўқ ҳолда қайтиб келади”[3].
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимда ким уйидан чиқаётиб “Бисмиллаҳи таваккулту аълаллоҳ валаа ҳавлаа валаа қуввата иллаа биллаҳ”, деса. Унга, ҳидоят қилиндинг, ҳимоя қилиндинг ва кифоя қилиндинг, дейилади. Шайтон бошқа бир шайтонга шундай дейди: Қандай қилиб сен, ҳидоят қилинган, ҳимоя қилинган ва кифоя қилинган кишини адаштиришинг мумкин?”[4].
Абу Молик Ашъарийдан ривоят қилинган ҳадисда: “Агар бир киши уйига кирса, "Аллоҳим сендан кириладиган жойнинг яхшисини ва чиқадиган жойнинг яхшисини сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик ва Аллоҳнинг номи билан чиқдик ва Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик", деб айтсин, сўнг аҳлига салом берсин”.[5]
Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси
[1] Имом Бухорий “Тиб” бобида ва Имом Муслим “Ас-Салом” бобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
[2] Имом Муслим “Ал-Жомиъ ас-Сағийр” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
[3] Имом Термизий “Абвабу аз-Зуҳд” бобининг 2345-ҳадисида келтирганлар. Ибн Можа ва Аҳмад ҳам ривоят қилганлар.
[4] Абу Довуд Сунанларидаги “Адаб” бобининг 5090-ҳадисида, Имом Термизий “Ад-Даъваат” китобининг 3422-ҳадисида ривоят қилганлар.
[5] Абу Довуд Сунанларидаги “Адаб” бобининг 5092-ҳадисида ривоят қилганлар.