Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Бутун дунёда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи бошланди. Жоме масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда ва мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзиёб кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда...
Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди.
Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.
Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар..? Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз.
Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.
Мўътабар тафсир китобларида, дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилган. Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани эслатиб ўтамиз: «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, У, қилиб юрган ишларининг хабарини берур», (Анъом сураси, 108-оят).
Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак.
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу ояти кариманинг «Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик», деган қисмига “Тафсири Ҳилол” китобларига шундай изоҳ берганлар: – “Инсон табиати шундай. Қилаётган амали ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан, уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади”.
Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур.
Шу ўринда Ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиган айрим кимсаларга Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратларининг қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир”.
Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади.
Яна бир муҳим масалани айтмоқчимизки, ғанимлар мусулмонларга бўлган фитналарини айнан жума, ҳайит кунлари ёки Рамазон ойи ё айни кунимиздаги каби мавлид ойида амалга оширишни зимдан режа қилганлари аниқ. Шундай экан, муборак мавлид ойининг ҳақиқий завқи – сийратни тараннум этиш, салавот айтиш, мавлиди шариф ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилайлик, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга интилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган суҳбатлар орқали Расулимизни яхшироқ танишга ошиқайлик.
Азиз диндошим, барчамизнинг Расулимизга муҳаббатимиз чексиз, жонимиз фидо. Шундай экан, файзли кунларни беҳуда ўтказиб юборманг, сийрат китобларини мутолаа қилиб, “Аллоҳумма солли аъла саййидини Муҳаммад” каби салавотларни кўп айтинг, ушбу калималар ила ҳеч ким ёрдам беролмайдиган Қиёмат кунида шафоатга эришинг!
Хулоса, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим. Таъкидлаганимиздек, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдиришимиз керак.
Аллоҳ таоло барчага инсофу тавфиқ берсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларини насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига “Largest museum of Islamic civilisation” — дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи номинацияси бўйича Гиннеснинг Рекордлар китоби расмий рекорди берилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Гиннеснинг Рекордлар китоби ташкилотининг расмий вакили — судья Шейда Субаси иштирок этиб, Марказ барча белгиланган халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бу кенг қамровли илмий-маърифий ва музей мажмуаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган йирик стратегик мегалойиҳа ҳисобланади. Мазкур Марказ “Янги Ўзбекистон”нинг ўзига хос платформаси сифатида илм-фан салоҳияти, бой маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда уйғунлаштиришга қаратилган.
Лойиҳа давлат раҳбарининг мамлакатнинг янги гуманитар қиёфасини шакллантириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонни жаҳон миқёсида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида илгари суришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясини акс эттиради.
Бугунги кунда Марказ минтақанинг энг кўп ташриф буюриладиган илмий-маданий масканларидан бирига айланган бўлиб, ҳар куни ўртача 5 000 нафарга яқин ташрифчи қабул қилмоқда. Бу эса унинг аҳоли ва хорижий меҳмонлар орасида катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.
Марказ илк кунларданоқ янги турдаги илмий-маданий ва маърифий мажмуа сифатида концепция қилинган. Унда тарихий мерос ва замонавий мультимедиа технологиялари уйғунлашган ҳолда тақдим этилган. Экспозиция “Цивилизациялар, Шахслар, Кашфиётлар” тамойили асосида тузилган бўлиб, минтақанинг энг қадимги даврларидан тортиб, илм-фан юксалиши ва замонавий босқичигача бўлган тараққиёт изчил ёритиб берилади.
Марказ тузилмасида Қуръони карим зали алоҳида ўрин тутади. Унда Усмон Мусҳафи деб номланувчи энг қадимий қўлёзмалардан бири намойиш этилган бўлиб, у ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган. Бу ноёб асар нафақат ислом цивилизациясининг беқиёс ёдгорлиги, балки илмий-тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирувчи муҳим маънавий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Марказ концепциясининг ўзига хослиги уни музей, илмий тадқиқот инфратузилмаси ва таълим муҳитини бирлаштирган илк намунага айлантириб, жаҳон музейчилик амалиётида янги босқични белгиламоқда.
Ушбу рекордга эришиш кўп ойлик тизимли иш натижаси бўлиб, музей параметрларини тасдиқлаш, тўлиқ ҳужжатлар тайёрлаш ва мустақил халқаро экспертлар иштирокида кўп босқичли верификация жараёнларини ўз ичига олди.
Музей коллекциясини шакллантиришда археология, нумизматика, тўқимачилик ва қўлёзмалар соҳасидаги етакчи халқаро мутахассислар иштирок этди. Бу эса экспозициянинг юқори илмий ва музей даражасини таъминлади.
Гиннеснинг Рекордлар китоби унвонининг берилиши нафақат Марказ кўламининг эътирофи, балки ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этган юзлаб олимлар, мутахассислар ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Судья Шейда Субаси Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, қуйидагиларни таъкидлади:
-Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни замонавий музей технологиялари билан уйғунлаштиришнинг ноёб намунасидир. Лойиҳанинг кўлами, концептуал яхлитлиги ва амалга ошириш даражаси Гиннеснинг Рекордлар китоби мезонларига тўлиқ жавоб беради. Бу шунчаки энг йирик музей эмас — балки маданиятлар мулоқоти ва билимларни келажак авлодларга етказиш учун замонавий платформа ҳисобланади.
Ушбу рекорд Ўзбекистоннинг ислом илми, маданияти ва маърифатининг муҳим тарихий марказларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, мамлакатнинг цивилизациялар мулоқоти, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик тамойилларига асосланган замонавий халқаро майдон сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.
Гиннеснинг Рекордлар китоби мақомини қўлга киритиш Марказнинг дунёдаги энг йирик шундай музей сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, уни интеллектуал меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича етакчи халқаро платформалардан бирига айлантиради.
Келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маданий майдон сифатида янада ривожланиб, дунёнинг турли мамлакатларидан олим ва мутахассисларни бирлаштиради ҳамда “Янги Ўзбекистон”нинг гуманитар ташаббусларини глобал миқёсда илгари суришда муҳим драйвер бўлиб хизмат қилади.
t.me/islommarkazi