Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Хушуъ» деб, аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишига айтилади.
Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз, вожиб, суннат каби одобларини ўрнига қўймоқликдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: هَلْ تَرَوْنَ قِبْلَتِي هَا هُنَا وَاللهِ مَا يَخْفَى عَلَيَّ رُكُوعُكُمْ وَلَا خُشُوعُكُمْ، وَإِنِّي لَأَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўряпсизларми, менинг қиблам бу томонда! Аллоҳга қасамки, мен учун рукуларингиз ҳам, хушуларингиз ҳам махфий қолмас. Албатта, мен сизларни орқамдан ҳам кўрурман», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намознинг хузуси ва хушусини жойига қўйиб ўқиш зарурлиги таъкидланмоқда.
Ҳар бир инсон намознинг амалларини яхши адо этар экан, унда аъзолари тўла сокинликда қолиб, қалби Аллоҳ ёди билан бўлмоғи зарур.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, мени қиблага қараб турибдилар, орқаларидаги нарсани, жумладан, бизнинг руку ва хушуларимизни кўрмайди, деб ўйламанглар, мен кўриб тураман, деганларининг маъноси шудир.
Айниқса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтишлари ушбу маънони қаттиқ таъкидлайди.
Шунинг учун ҳар биримиз намозимизнинг руку ва хушусини жойига қўйиб ўқишимиз лозим.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.