Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, бироқ тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан (жувонмарг бўласан).
Пасткаш кимсанинг ўз насл-насабини мақтаб, у билан фахрланиши, чанқоқ кишининг сув шуъласи (сароби) ни кўриб алдангани кабидир.
Маҳмуд аз Замахшарий
Шариат ва диннинг пойдевори сабр ва ишонч.
Шайх Нажмиддин Кубро
Ҳаммаси қалбингга боғлиқ: қалбингни ўзгартир, дунёинг ҳам ўзгарсин.
Шамс Табризий
Бир марта “мана буни ол” дейиш, икки марта “мен бераман” дегандан афзалдир.
Тарих муҳрлаган сўзлар
Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?!
Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.
Жалолиддин Румий
Мен ҳали ҳам фақир фақирлигидан уялмайдиган, балки бой бойлиги билан фахрланишдан уяладиган жамиятни орзу қиламан.
Жуброн Халил Жуброн
Кимки ботил йўл билан иззат талаб қилса, Аллоҳ уни ҳақ йўл билан хор қилиб қўяди.
Абулҳусайн Сирвонийи Сағир
Ҳар бир нарсанинг занги бўлади, қалб нурининг занги эса тўйиб овқатланишдир.
Абу Сулаймон Дороний
Одамлар билан оловга муомала қилганингдек муомала қил: фойдаларидан баҳраманд бўлгину, куйдиришларидан эҳтиёт бўл!
Шақиқ Иброҳим Балхий
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жаннат зийнатланади
Рамазоннинг биринчи куни келганида Аллоҳ таоло Ризвон (жаннат эшикларини қўриқловчи фаришта)га: “Уммати Муҳаммаддан рўза тутиб, кечалари қоим бўладиганлар учун жаннатни зийнатлагин!” деб айтади.
Аллоҳнинг яна бир фариштаси борки, унинг бир қаноти ёқутдан, иккинчиси эса зумраддандир. У ҳар кеча: “Тавба қилувчи борми?” деб нидо қилади (Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ. Тарихул Ислом).
Дўзах эшиклари ёпилади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, дўзах эшиклари беркитилади, улардан бирортаси ҳам очиқ қўйилмайди ва жаннат эшиклари очилади, улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Ҳар кеча бир жарчи: “Эй яхшилик талабгори, келгин! Эй ёмонлик талабгори, тўхтагин!”, дейди”, деганлар (Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Аллоҳнинг раҳмати ёғилади
Манбаларда, “Рамазон ойининг биринчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч қачон азобламайди”, дейилади.
Афсуски, кўпчилик бу кунни бозорда “ҳали уни, ҳали буни сотиб олишим керак” деган бекорчи ўй-ҳаёллар билан ўтказиб юборади.
Демак, банда рамазоннинг илк кунларидан бошлаб уни ғанимат билмоғи лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД