НАЗМ
Икинчи муъман биҳнинг
шарҳи
Яна хайли фариштадур, билингиз,
Ҳар бириси бир иштадур, билингиз.
Бири рокиъдурур бири сожид,
Бири қойимдурур, бири қоъид.
Бири Ҳақ ёди бирла мустағрақ,
Билмайин Ҳақдин ўзгани мутлақ.
Келса гар қатра ёмғуре ерга,
Бор анинг бирла бир малак бирга.
Борса гар зарра туфроғи кўкка,
Ул боришни соғинма ўзлукка.
Ҳар ёғин ёғса, ҳар еле елса,
Ҳар нима борса, ҳар нима келса,
Ҳар бир ишга муаккал ўлди малак,
Гар ер аҳлидурур, гар аҳли фалак.
Билингизким, фаришта хайли бари
Нарлиғу модалиғдин ўлди барий.
НАСРИЙ БАЁН
Иймон келтириш шарт бўлган иккинчи
нарсанинг шарҳи
(Иймоннинг иккинчи шарти)
Яна билингизки, фаришталар тоифасига иймон келтириш шартдир, уларнинг ҳар бири (Аллоҳ амр этган) бир ишга машғулдир. Бири рукуъ қилувчидир – Аллоҳ таъолога таъзимдадир, бири сажда қилувчидир, бири (ибодатда) қоим – тик турувчидир, бири ўтирувчидир (ҳаммалари ҳам шу йўсин итоат ва ибодатдадир.) Бири, Ҳақдан ўзгани билмай, Ҳақ таълонинг ёди билан мустағрақ – файзи Илоҳийга чўмган, ғарқ бўлгандир. Осмондан ерга бир қатра ёмғир тушса, у билан бирга (у томчини олиб тушувчи) бир фаришта бордир.
Агар тупроқнинг бир зарра чанги осмонга кўтарилса, уни ўз ҳолича кўтарилиб борди, деб ўйлама (балки, Аллоҳнинг амри билан бир фаришта олиб чиққандир).
Ҳар қандай бир ёғин (қорми, ёмғирми, дўлми, шудрингми) ёғса, ҳар қандай бир ел, бир шамол эсса, ҳар нима борса, ҳар нима келса, ҳар бирига хоҳ ер аҳлидан, хоҳ осмон аҳлидан бўлган бир фаришта муаккал, яъни Аллоҳ тарафидан вакил қилинган бўлади.
Билингизки, фаришталар гуруҳининг барчаси эркаклик ва аёллик (каби жинсий) хусусиятларидан холи ва покдир.
ИЗОҲ. (Фаришталар ҳақида билиш, сўзлаш, фикр ва тасаввур қилиш мумкиш бўлган нарсалар:) Ҳамиша Аллоҳга итоат ҳолида бўлмоқ, эркак ва аёл (жинсий хусусиятда) бўлмаслик, еб-ичмаслик, кичик ва катта қазои ҳожат қилмаслик, бурун қоқмоқ ва ел чиқармоқдан пок бўлиш, бемор ва кўтарам бўлмаслик, заифлик ва қариликка учрамаслик, офатлардан ва ёмон феъллардан нари бўлмоқ, аъзолардан ва бошқа бирикмалардан вужудга келган бўлмаслик фаришталар ҳақида вожибдир.
Фаришталар нуроний бир борлиқдир, ва албатта, юқорида зикр қилинган ҳоллардан узоқдир («Жомиъ ул-мутун»).
(Фаришталар мавзуйининг давоми бор)
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД