Ҳақиқатни доимо такрорлаб туриш зарур, чунки бизга адашишни ҳам доимо эслатиб туришади.
Гёте
***
Одамлар сенга икки ҳолатдагина бўйсинади: биринчиси ёқтириб қолса, иккинчиси ишонса. Аммо, ёқтирмаса ишонмайди.
Балбзак
***
Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга тасир этади. Гўзал ўйла, гўзал яша.
Жалолиддин Румий
***
Ҳусни хулқ (чиройли хулқ) дан кўра яхшилик қўшадиганроқ, ҳасаддан кўра ёмонлик устига ёмонлик қўшадиганроқ нарсани кўрмадим.
Шайх Нажмиддин Кубро
***
Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг юриши арслон юришидан кўра ҳам маҳобатлироқ (ҳайбатлироқ)дир.
Маҳмуд аз Замахшарий
***
Сабр деб, инсон бошига тушган алам ва чидаб бўлмайдиган оғриқни то енгунга қадар ушлаб туришга айтилади.
Абу Али ибн Сино
***
Қалбаки мақташ ҳақоратлашдир, пойдеворсиз қурилган бино қулайди.
Абу Бакр Хоразмий
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди